Ўзбекистон | 10:15 / 30.05.2018
8788
5 дақиқада ўқилади

“Ўзагросервис”нинг 26та машина-трактор парки тадбиркорлик субъектларига сотилади

Ўзбекистон Республикаси президенти “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга механизация ва сервис хизматларини кўрсатиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинган.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, “Ўзагросервис” АЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликларининг 2018 йил 1 ноябрдан қуйидагилар орқали машина-трактор паркларини бошқаришнинг энг самарали шаклини танлаш бўйича эксперимент (кейинги ўринларда – эксперимент) ўтказиш тўғрисидаги таклифига розилик билдирилди: 

“Ўзагросервис” АЖнинг 26 та машина-трактор паркини тадбиркорлик субъектларига сотиш; 

“Ўзагросервис” АЖнинг 3 та машина-трактор паркини давлат унитар корхоналарига (кейинги ўринларда – “Туман МТП” ДУК) айлантириш. 

Белгиланишича: 

а) “Ўзагросервис” АЖ машина-трактор паркларини сотиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимлари томонидан 2018 йил 31 декабргача қуйидагилар орқали таъминланади: 

баҳолаш бўйича ишлар харажатларини тегишли машина-трактор парклари маблағлари ҳисобидан қоплаган ҳолда машина-трактор паркларининг мулки ва мулкий ҳуқуқларни баҳолаш; 

бир ёки бир нечта тадбиркорлик субъектлари томонидан тегишли машина-трактор паркларининг устав жамғармасидаги таъсисчи улушини эллик бир фоизидан юз фоизигача бозор нархида сотиб олиш бўйича энг яхши таклифлар танловини эълон қилиш ва ўтказиш; 

машина-трактор паркларининг устав жамғармасидаги юз фоиз улуш сотиб олинган вақтдан бошлаб икки йил давомида ташкилий-ҳуқуқий шакл ва асосий фаолият турини (механизация ва сервис хизматлари кўрсатиш) сақлаб қолиш шарти билан “Ўзагросервис” АЖ ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида тегишли шартнома тузиш; 

машина-трактор паркларининг устав жамғармаларидаги таъсисчи улушини сотишдан келиб тушган барча маблағларни “Ўзагросервис” АЖ ташкилотларининг қарздорликларини қоплашга йўналтириш;

б) таъсисчининг тегишли машина-трактор паркларининг устав жамғармаларидаги улушини баҳолаш қиймати бўйича сотиш имкони бўлмаган тақдирда, “Ўзагросервис” АЖ сотишга қўйилган активларнинг нархларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 3 июлдаги ПҚ–2200-сон “Давлат мулки объектларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган тартибда босқичма-босқич пасайтириш механизмини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли; 

в) “Ўзагросервис” АЖ машина-трактор паркларини “Туман МТП” ДУКга айлантириш тегишли вилоятлар ҳокимликлари томонидан 2018 йилнинг 31 декабригача қуйидагилар орқали таъминланади: 

машина-трактор паркларининг устав жамғармаларидаги улушни кейинчаликда уларни “Туман МТП” ДУКга айлантирган ҳолда тегишли туман ҳокимликларига баланс қиймати бўйича ўтказиш; 

“Ўзагросервис” АЖ устав жамғармасидаги давлат улушини туман ҳокимликларига ўтказилаётган улушнинг баланс қийматига камайтириш; 

тегишли туман ҳокимликлари томонидан “Туман МТП” ДУК уставларини тасдиқлаш, шунингдек, уларни малакали кадрлар билан тўлдириш; 

г) тадбиркорлик субъектларига сотилган машина-трактор парклари, шунингдек, “Туман МТП” ДУК тегишлича “Ўзагросервис” АЖнинг сотиладиган ва қайта ташкил этиладиган машина-трактор паркларининг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворислари ҳисобланади; 

д) тегишли туман ҳокимлиги “Туман МТП” ДУКнинг таъсисчиси ҳисобланади ва мазкур корхонанинг мулки етарли бўлмаган ҳолларда унинг мажбуриятлари бўйича субсидиар тарзда жавобгар бўлади;

е) тадбиркорлик субъектларига сотилган машина-трактор парклари 
ва “Туман МТП” ДУКларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 17 ноябрдаги ПҚ–2658-сон “Ўзагротехсаноатхолдинг” акциядорлик жамияти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 14-банди билан “Ўзагротехмаш” АЖ ва “Ўзагросервис” АЖ ташкилотлари учун белгиланган барча божхона, солиқ имтиёзлари ва преференциялар, бўшаган маблағларни қарздорликни ёпишга йўналтирган ҳолда, татбиқ этилади. 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоят ҳокимларига экспериментнинг муваффақиятли ўтказилиши учун шахсий жавобгарлик юкланди.

Экспериментда иштирок этувчи ташкилотларга қуйидагиларни таъминлаш тавсия этилди: 

машина-трактор парклари томонидан кўрсатиладиган механизация ва сервис хизматлари рўйхатини кенгайтириш, жумладан, юк ва енгил автотранспорт воситаларига ҳамда техниканинг бошқа турларига сервис хизматлари кўрсатишни йўлга қўйиш; 

машина-трактор парклари фаолиятига инвесторларни, жумладан, уларга хоналар, бино ва иншоотларни ижарага бериш ҳамда машина-трактор парки ҳудудида биргаликда тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш йўли билан жалб қилиш; 

тегишли машина-трактор паркларининг жиҳозларини модернизация қилиш, шунингдек, механизация ва сервис хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган жиҳозларнинг янги замонавий турларини сотиб олиш. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид