Жамият | 00:31 / 31.05.2018
20156
4 дақиқада ўқилади

Хиёбонга боришдан мақсад нима: дам олишми, ҳадиксирашми?

Фото: ЎзА

Мамлакатимизда юртбошимиз ташаббуси ва ғояси билан бир-бирини такрорламайдиган истироҳат боғлари, дам олиш гўшалари ташкил этилмоқда. Ўзбекистоннинг шаҳар-қишлоқлари таниб бўлмас даражада ўзгариб бормоқда. Пойтахтимизда қад кўтариб кўзни қувнатадиган, чиройли гуллари, экзотик  ва соя-салқин дарахтлари билан киши дилини яйратадиган боғлар, хиёбонлар шулар жумласидандир.

Ёз мавсуми бошланиши билан дам олиш гўшалари аҳолига хизмат қилиш учун ишга тушади. Жумладан, пойтахтимизнинг барча истироҳат боғларида, аҳолининг маданий ҳордиқ чиқаришига мўлжалланган ҳолда шарт-шароитлар тайёр ҳолга келтирилади.

Аммо бугун биз аҳоли истироҳат боғлари ва хиёбонларга оила аъзоларимиз билан дам олиш учун йўл олишга бироз иккиланиб қолдик. Энг катта хатар бу барча дам олиш жойларидаги йўлакларда велосипед учаётган йигит-қизлардир. Баъзан велосипедчиларнинг боғ ичида ўриндиқда ўтириб ёки пиёда сайр этаётган, сокин суҳбатлашаётган одамлар олдидан баланд овозда ўтиши аҳоли дам олишига жиддий халақит қилмоқда. Шунингдек, велосипедчилар бу билан чекланиб қолмай, ҳаттоки, тап тортмай ёш болалар юриб кетаётган йўлкаларда ҳам тезлик билан учиб ўтадилар. Рўзғор ташвишлари, иш муаммоларини унутиб, оиласи билан истироҳат боғига ташриф буюрган ота-она ёки бобо-буви дам олиш ўрнига, фарзанди ва набираларининг велосипед туртиб юбормаслигидан хадиксираб ўтиришади.  Бугун биз оилалар аввалгидек истироҳат боғларида хотиржам дам олмасдан, кучли даражада сергак бўлишга, баъзи ҳолатларда асабийлашиб, ўйнаб кулиб юрган болаларимизнинг дилини оғритиб, хафа қилишга мажбур бўлмоқдамиз.

Тўғри, велосипедда учиш ҳар бир инсон соғлиги учун жуда ҳам фойдали. Аммо масаланинг мен келтириб ўтган оғриқли оқибатлари одамларни боғларга боришга чорлаш ўрнига, аксинча, инсонлар қалбида задалик ва тушкунлик кайфиятини келтириб чиқармоқда.

Бир қараганда велосипед учаётган ёшу қарининг завқидан хурсанд бўласиз. Аммо велосипед учувчилари орасидаги бемаъни ҳаракатлар нафақат ёшларимиз, балки  ёши катта аёл ва эркакларимиз томонидан амалга оширалаётгани,  киши дилини хира қилади. Биз катталар ёшларга ҳар қандай жиҳатдан маънавий ўрнак бўлиб, одамлар гавжум бўлган ҳудудларда велосипед учишнинг ҳам ўзига яраша қонун-қоидаси, маданияти борлигини амалда исботлаб беришимиз керак эмасмикан?

Тўғри, велосипедда учаётган инсонлар ҳам биз каби истироҳат боғи ёки хиёбонларга маданий ҳордиқ чиқариш учун келишган. Лекин ҳар қандай ўйин-кулгунинг ҳам чегараси ва меъёри бўлиши лозим. Энг асосийси сизу биз амалга ошираётган хатти-ҳаракатлар атрофимиздаги инсонларга фойда келтирсин, зиён ва зарар эмас.

Мутасадди ташкилотлар томонидан истироҳат боғлари ва хиёбонларда велосипед учувчи кишилар учун махсус йўлаклар ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўлармиди. Шунда биз аҳоли уларнинг хатти-ҳаракатлари оқибатида маданий ҳордиқ чиқарардик ва велосипед учувчиларнинг спортдан завқ олиб, баҳра олишларига ҳеч ким  халақит бермас эди. 

Шаҳноза Тожиддинова

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид