Жамият | 23:28 / 31.05.2018
52356
8 дақиқада ўқилади

Шаҳрихон МИБ ходимидан ҳужжат сўрасанг балога қоласан!

“Kun.uz” таҳририятига Шаҳрихон туманидан келган мурожаатга эътибор қаратамиз:  

“Мен, Одилжон Қодиров Андижон вилояти, Шаҳрихон тумани “Наврўз” маҳалласи “Янги турмуш” кўчаси 24- уйда истиқомат қиламан.  

Шу йил 13 май куни хонадонимизга Исломбек Шоматов деган йигит келиб:  “Шаҳрихон туман МИБ бўлими ходимиман. Кўчангиздаги сим ёғочга ўрнатилган электр ҳисоблагични текширамиз” деди.

Мен бу йигитни аввал кўрмаганман. Махсус кийими ҳам йўқ эди. Унга “Ҳужжатингиз борми?” дедим. У: “Менга форма етмай қолган, ҳужжатим эса ишхонада машинамда қолибди” дея жавоб берди. “Сизни кўрмаган эканман. Узр, симёғочдаги ўзимни ва қўшниларимнинг ҳисоблагичларини  ҳужжатингизни олиб келгач текширарсиз...” деб уйдан олиб чиққан нарвонимни йиғиштириб қўйдим. 

У йигит менга аччиқ қилиб кетди ва анча вақтдан сўнг МИБ ёзуви туширилган кўкрак нишонни кўтариб келди (агар шуни ҳужжат деб билсак?) бошқа томондан эса ўзини  О. Асқаров дея таништирган шериги ҳам етиб келди. У электр таъминоти бўлими ходими экан. Сўнг ҳисоблагичларни текширишга рухсат беришим билан иккови менга муомалаларини терс ҳолда ўзгартиришди. Ислом Шоматов: “Сиз мендан ҳужжат сўрадингиз-а? Энди ўзингиздан кўринг!” деди. Сўнг: “Ҳисоблагичингиз симёғочга 2 метрдан юқорига ўрнатилган, боз устига эски русумдаги экан. Яна рақами биздаги рақам билан мос келмади”  дея далолатнома тузишди.

1999 йили электр тармоқлари ходими лабораториядан ўтган ҳисоблагични ўрнатиб, рўйхатга олинган дафтарчани бериб кетган. Ҳар гал ўзим бориб, қарздорлигимни текширтирганимда ё булмаса электр вакили уйимга келиб кўрганида муаммо айтилмаган. Бу ҳолат далолатнома ёзиб, жарима қўллаш даражасидаги камчилик эканлиги мени ҳайрон қолдирди. “8-9 йилча аввал хизмат сафарида бўлган пайтим маҳаллий ҳокимият буйруғи деб, барча ҳисоблагичларни кўчага бетон симёғочга ўрнатиб кетишган. Уни икки метрдан юқорига қўйиш масаласида мени ҳеч ким огоҳлантирмаган”,- дейишимга қарамай, кўкрак нишонли МИБ ходими далолатномага қўл қўйиб беришим зарурлигини айтиб  туриб олди, мен эса далолатномани ўқиб кўргач, имзо қўйишдан бош тортдим. Сабаби, далолатномада барча айбловлар менинг зиммамга юклатилган эди.

Ходимнинг “Имзо қўймасангиз электр таъминотидан узиб қўяман”, деган дағдағасидан сўнг, мен унга: “Тўловларни ўз вақтида тўлаб бораётган бўлсам 20 йилга яқин муаммосиз келаётган эди. Ҳужжатингизни сўраганимдан сўнг менга атай қасд қилиб фақат менинг ҳисоблагичимни шу тариқа текширяпсиз. Ҳолбуки, барча маҳалладаги хонадонларники шундай ҳолда. Узмайсиз! 80 ёшдан ошган онам бор қийналиб қолади” дедим. У менга таҳдид қилганича: “Сиз Президент қарорига қарши чиқдингиз! Эртага группа келиб, симёғочдан узиб кетади” деб дўқ қилиб чиқиб кетди.  

Айтинглар-чи, бу ҳолатда қандай ҳаракат қилиш мумкин? МИБ ходимидан ҳужжатини сўрасанг йўқ муаммони юзага чикариб, катта жаримани бўйнингга илишга шайланса. Қарздорлигим бўлса ҳам майли эди...

Аммо бир вақтлар электр таъминоти ходимлари қилган айб учун яна мен калтак ейишим керакми? Ўша кундан бери тинчим йўқ. Бу менга жарима солишга асос бўлар экан. Мен ушбу мурожаатномани ҳаловатим бузилганидан сўнг ёзишга ҳаракат қилдим. Сабаби, кўз ўнгимда МИБ бўлими электр таъминот бўлимини оқлар  ёки аксинча у томон бу томонни тўғри иш қилаётганини айтарди. Биттагина айбдор мен эдим. Ўша кундан бери уйда тинчлик йўқ. Ўша ходим уч марта келиб ҳисоблагичлардан айб излаб кетди. Хонадонимда “уч кунлик текширув” ўтказиб, яна 1999 йили ўрнатилган ҳисоблагичга электр таъминоти корхонаси томонидан берилган наряд  йўқлигини ҳам аниқлабди. Суриштирсам, ўша Исломбек Шоматов томонидан айтилган наряд атрофдаги ҳеч қайси қўшнимда йўқ экан. Ҳозир МИБ идорасига чақиртириб, турли ҳужжатлар йиғиндисини тақдим этишим зарурлигини айтишиб, жарима солиш билан дағдаға қилишмоқда.  Илтимос ёрдам беринглар”,-дейилади арзномада. 

Аҳоли вакилининг бизга ёзган мурожаатидан сўнг воқеани жойида ўрганиш мақсадида Шаҳрихон туманига бордик. Одилжон Қодиров GM O’zbekiston автомобил заводида фаолият юритар экан.  Унинг хонадонида бўлиб, электр таъминоти бўйича дафтарча ва ҳужжатлар билан танишгач, туман МИБ идораси томон юрдик.

Маълумки, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ундирувни таъминловчи давлат органи ҳисобланади ва бевосита фуқаролар билан иш олиб боради. Биз ташкилотга бориб, муаммо ҳақида  ташкилот мутасаддиларининг қай даражада хабардор эканлиги ва ўша ходим Исломбек Шоматов (агар ҳақиқатда ўша ерда фаолият юритса) хатти-ҳаракатлари идора ходимларининг иш юритиш этикасига қай даражада тўғри келиши ҳақида маълумот олмоқчи бўлдик.

Ҳолбуки, Одилжон охирги кунларда Шаҳрихон МИБ идорасига уч-тўрт марта чақиртирилибди. Унга яшаш жойидан маълумотнома ва маҳалла фуқаролар йиғини томонидан хулқи ҳақида тавсифнома олиб келишини айтишган. 

Афсуски, Шаҳрихон МИБ идорасида фуқаро мурожаатига боғлиқ ҳеч қандай ойдинлик кирита олмадик. Бино ичига ҳужжат кўрсатиб киргач, коммунал тўловлар оператори вазифасида ишловчи ходим бизга идора бошлиғининг айнан коммунал тўловлар бўйича ўринбосарини чақириб беришини айтди.

Орадан 20 дақиқа ўтиб бизга юзланган ходим ҳужжатларимизни сўради. Тақдим қилдик. Мақсадимизни сўради. Маъсул шахсга фуқародан тушган мурожаат мазмуни ҳақида тушунча бердик. Ходим : “Ушбу ҳолат бўйича сизлар билан ҳеч қандай суҳбат ўтказмайман. Сизлар билан, вилоят идорасидаги матбуот билан ишловчи ходим гаплашади. Мени кимлигимни ва қай вазифада ишлашимни ҳам ўша ходим айтади. Исми-фамилиямни ва вазифамни айтишим мумкин эмас. Бу ерга киришинглар мумкин эмас. Тезда чиқиб кетинглар!”, дея жавоб берди. Мутасаддининг исми-шарифини қайта-қайта сўраганимизда у:  “Икромжон Холматовман, бошқа савол берманг!” деди, холос. Шунда фуқаронинг таҳририятга нега мурожаат битганини тушундик. 

Сизда: “Мухбир оддий воқеадан катта мақола ясабди”, деган фикр пайдо бўлгандир. Биз бир фуқаронинг мурожаатини ўрганиш мобайнида, унинг арзини МИБ ташкилотига етказишни мақсад қилгандик, холос. Шаҳрихон туманида фуқаро билан бўлган ҳаракатларга вилоят ташкилотидан изоҳ сўраш кераклиги ақлимизга сиғмади. Балки, ўша ходим ташкилот маъсулларига бутунлай бошқача хабарни етказиб, фуқарони айбдор қилаётгандир. Фуқаро хонадони ва юридик ташкилотга иш юзасидан кириб келган ҳар қандай шахсдан ҳужжат кўрсатишни талаб қилиш қонунга хилоф иш эмас-ку?  

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ташкил этилганидан буён ривожланиш ва такомиллашув йўлидан бориб, энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида тўлов интизомини мустаҳкамлаш ҳамда суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга ошираётгани таҳсинга лойиқ. Юқорида келтирилган биргина тумандаги салбий ҳолат  тизимда фаолият юритаётган  софдил ходимларнинг ҳурматига соя солмаслиги аниқ.

Бироқ, фуқароларнинг маълум бир ташкилот тўғрисидаги фикрлари -  жамоатчилик фикрини пайдо қилади.

Шаҳрихон МИБ идорасида борганимизда бизни тинглашмади ва оддийгина ҳолатга жавоб ололмадик.

P.S. Биз мазкур бюро мутасаддиларидан юқорида келтирилган ҳолат ва ходимнинг фуқарога бўлган муомаласи бўйича изоҳ кутиб қоламиз.

Ўз мухбиримиздан

Мавзуга оид