Жамият | 16:35 / 01.06.2018
29852
3 дақиқада ўқилади

Нафсини жиловлаган инсон нафсига қул одамдан улуғдир

“Ислом нури” дастурининг бугунги сони инсонларнинг ўзаро меҳр-мурувватли бўлишлари, бу туйғу ортидан келадиган савоблар ҳамда мурувватсизликнинг оқибатлари ҳақида сўз юритилади. Бу мавзу ҳақда пойтахтнинг “Ҳазрати Али” жоме масжиди имом хатиби Салоҳиддин Шарипов билан суҳбатлашдик.

YouTube'да томоша қилиш

Tas-IX'да томоша қилиш

- Рамазон ойи ахлоқ мадрасаси ҳисобланади. Бу ойда мўмин-мусулмонлар яна бир бор ўзларига қарайдилар. Ўзларидаги камчиликларни тузатиб олишга ҳаракат қиладилар. Мўмин-мусулмон киши бу ойда рисоладагидек ўзини тутса, у оладиган қувват унга бир йилга етади. Рамазон ана шу ҳикмат асосида машруъ қилинган.

Бундан ташқари, бу ой – меҳр-мурувват, ҳамдардлик ойи. Мўмин-мусулмонлар бир-бирларига ҳамдардлик кўрсатадиган, бир-бирларига ёрдам қўлини чўзадиган ой. Бу ойда мўмин-мусулмоннинг дили юмшоқ бўлади. Қўлдан келганча яхшилик қилади, агарки у Рамазоннинг рўзасидан фойда ололган бўлса. Чунки Рамазоннинг рўзаси одамларни тарбия қилиш учун нозил қилинган. Аслида, барча ибодатлар банданинг тарбияси учун буюрилган. Аллоҳ таоло бизларнинг ибодатимизга муҳтож эмас, биз ўзимиз муҳтожмиз. 

Юсуф алайҳиссалом кўп оч юрарканлар. Ўзлари подшоҳ, мамлакатни бошқарадилар. “Ер юзи хазинасининг устида ўтирасиз, намунча оч юрасиз”, деб сўрашганида, “Қорним тўйиб қолса, очларни ёдимдан чиқариб қўйишдан қўрқаман”, деб жавоб қайтарган эканлар. Рамазон рўзасини тутган одам мана шу нарсани ўз бошидан кечиради. 

Ҳазрати Али” жоме масжиди
имом хатиби Салоҳиддин Шарипов

Мулоҳаза қиладиган бўлсак, инсонга очлик ва чанқоқликни бошдан кечириш жуда оғир ҳолат. Нафс ҳам энг қийналадиган ҳолат ҳам мана шу экан. Чунки у қувватни емоқ-ичмоқдан олар экан. Инсон емоқ-ичмоқликдан тийилиш билан нафсини жиловлайди. Нафсини жиловлаган одам билан нафсига қул одамнинг ўртасидаги фарқ жуда катта бўлади. 

Бир зот фарзандлари билан дастурхоннинг атрофида ўтирган эдилар. Бир тиламчи келиб қолди. Оиланинг раҳбари ота дастурхонга қараб, ҳамма тикилиб турган энг афзал таомни олиб, ўғилларига бердилар ва “буни олиб чиқиб бер”, дедилар. Ўғиллари таомни олиб чиқиб бердилар ва қайтиб келиб деди: “Бундайроғини берсангиз ҳам бўлар экан”. Оталари сабабини сўраганида, “у одам кўзи ожиз экан”, деб айтди фарзанд. Шунда ота деди: “У одамнинг кўзи кўрмагани билан, Аллоҳ таоло кўриб турибди”.

Аллоҳ таоло бу ойнинг қадрига етиб, унда кўпроқ саховат, меҳр-мурувватга доир ишларни кўп қилмоқлигимизни барчамизга насиб этсин.

Мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси асосида тайёрланди.

Мавзуга оид