Жамият | 12:01 / 01.06.2018
16647
5 дақиқада ўқилади

«Сахтиён» маҳалласида мактаб барпо қилинадими? - гурланликлар ижтимоий муаммоларни кўтариб чиқишди

KUN.UZ таҳририятига Хоразм вилояти, Гурлан тумани, Сахтиён қишлоғидаги «Сахтиён» маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар мурожаат қилишди.

Хатда маҳаллада ижтимоий муаммолар мавжудлиги, хусусан мактаб, боғча, гузар йўқлигидан шикоят қилинган эди. Вазиятни ўрганиш учун Гурлан туманига бордик. «Сахтиён» маҳалласи фуқаролар йиғини идорасида мурожаатчилар билан учрашдик.

Сахтиён қишлоғи Гурлан туманида жойлашган бўлиб, 4та маҳалладан иборат - «Обод», «Чаккалар», «Сахтиён» ва «Ватанпарвар». Унда 10 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади.

«Сахтиён» маҳалласида 480та хонадон мавжуд бўлиб, 2500га яқин фуқаро яшайди. Катта маҳаллалардан бири бўлса-да, бу ерда ижтимоий объектлардан бирортаси мавжуд эмас.

«Маҳалламиз қишлоқнинг ўзаги ҳисобланади» - деб сўз бошлади нафақахўр отахон Каримбой Жуматов. «Бошқа маҳаллалар бизникидан кейин барпо қилинган. Уларнинг барчасида мактаб ва боғча мавжуд. Аммо, бизнинг маҳалламизда негадир на боғча, на мактаб ва на маҳалла гузари бор».

Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Асқар Ишмуратов сўзларига кўра, айни пайтда маҳалла болалари узоқ масофани босиб ўтиб, қўшни маҳалладаги мактабга қатнашга мажбур.

«Маҳалламизнинг 523 нафар боласи 2,6 км масофани босиб ўтиб, бизга энг яқин бўлган «Чаккалар» маҳалласидаги 24-сон мактабга қатнайди. Куз-қишнинг совуғи, баҳорнинг ёмғир-лойида ҳам аҳвол шундай.

Маҳалламизда 2245 нафар фуқаро истиқомат қилса-да, болалар боғчаси, гузар, дам олиш масканлари, савдо шаҳобчалари, болаларимиз учун спорт майдончаси йўқ. Ҳатто дорихона мавжуд эмас. Ижтимоий объектлардан бирортаси йўқ» - деди у.

Нафақахўр отахон Ўрозбой Ваисов сўзларига кўра, маҳаллада мактабнинг йўқлиги жуда кўп хонадонларни моддий тарафдан ҳам қийнаб қўймоқда.

«6 нафар набирам бор, уларни Гурлан тумани марказига қатнаб ўқитишга мажбурман. Йўлкирага ҳар куни 12 минг сўм сарфлаяпман. Шахсий автомашинаси борлар, ўзи олиб бориб келяпти. Йўқлар эса мана шундай харажат қилишга мажбур. Бир ойда анча-мунча маблағ сарфланади, буни чўнтаги кўтарадиганлар бор, кўтармайдиганлар бор...».

Маҳалла оқсоқолларидан бири Халилулла Юсупов сўзларига кўра, мактаб барпо қилиб бериш бўйича шу пайтгача қилинган барча мурожаатлар ижобий ҳал бўлмаган. Унинг қўлида тегишли ташкилотлардан келган бир қанча жавоб хатлари бор. Уларнинг бири Хоразм вилояти Халқ таълими бошқармаси томонидан юборилган бўлиб, унда 2018 йили Сахтиён қишлоғида 315 ўқувчига мўлжалланган янги мактаб биноси қурилиши кўзда тутилгани ёзилган.

Дарҳақиқат, ҳудудда янги мактаб биноси қурилиши 2 май куни бошланган. Аммо, у «Сахтиён» маҳалласида эмас, балки «Обод» маҳалласида барпо қилиняпти. «Сахтиён» маҳалласидан унгача бўлган масофа эса камида 4 километрни ташкил қилади!

«Обод» маҳалласида қурилиши бошланган янги мактаб
«Обод» маҳалласида қурилаётган мактаб лойиҳаси. Маълумотномада «Сахтиён маҳалласи» деб нотўғри кўрсатилган.

Шундан сўнг, маҳалла фуқаролари билан бўлаётган учрашувга ушбу ҳудудга бириктирилган 4-сектор раҳбари Хушнуд Жуманиязов, туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Улуғбек Рахимбаев, Халқ қабулхонаси раҳбари Орифбой Ақманов, туман халқ таълими бошқармаси раҳбари Музаффар Абдурахмонов етиб келишди.

Суҳбат чоғида Хушнуд Жуманиязов маҳаллада мавжуд бўлган ижтимоий муаммолардан бехабар эканини, хусусан мактаб муаммосини биринчи марта эшитаётганини айтди.

Гурлан тумани ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Улуғбек Рахимбаев янги мактаб қурилиш учун Халқ таълими бошқармасининг бу ҳақдаги хулосаси кераклигини маълум қилди.

Ўз навбатида туман Халқ таълими бошқармаси раҳбари Музаффар Абдурахманов сахтиёнликлар талабидан келиб чиқиб, янги мактаб бўйича хулоса ва таклифни тайёрлаб беришни ўз зиммасига олди. Сектор раҳбари Хушнуд Жуманиязов эса Гурлан тумани ҳокими билан учрашиб, барча расмиятчиликларда амалий ёрдам беришни ваъда қилди.

Умид қиламизки, энди ғишт қолипдан кўчади ва сахтиёнликларни қийнаб келаётган ижтимоий муаммолар ижобий ҳал қилинади. Уларнинг дастлабкиси - умумий таълим мактабининг барпо қилинишидир. Навбатдагиси эса болалар боғчаси, маҳалла гузари, дорихона ва бошқа савдо шаҳобчаларидир.

Эътибор берган бўлсангиз, маҳалла фуқаролари шахсий уй-жой қуриш учун ер, тадбиркорлик учун кредит сўраётгани йўқ, улар шахсий манфаатлари учун эмас, балки ёш авлоднинг илмли бўлиши учун, фарзандларининг келажаги учун қайғуришмоқда. Уни таъминлаш эса маҳаллий ҳокимиятнинг, қолаверса давлатнинг асосий вазифаларидан бири эканини унутмайлик.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид