Жамият | 17:13 / 08.06.2018
80780
4 дақиқада ўқилади

Закот – инсон молу давлатини зиёда этиб, уни поклайдиган ибодатдир

“Ислом нури” дастурининг навбатдаги сонида мўмин-мусулмонларнинг молиявий ибодати бўлмиш закот ҳақида сўз боради. Закотни кимларга бериш ёки бермаслик керак, унинг тартиблари қандай?.. Бу ҳақда Вақф хайрия жамоат фонди бошқарув раҳбари Жалолиддин Ҳамроқулов батафсил маълумот берди.

YouTube'да кўриш

Tas-IX'да кўриш

- Мўмин-мусулмонлар Рамазон ойида динимизнинг яна бир рукнига оид ибодатга бел боғлайдилар. У ҳам бўлса закот масаласи. Закот динимизнинг беш рукнидан учинчи ўринда турадиган, Қуръони каримда ўттиздан ортиқ ўринда зикр қилинган, шулардан 23 ўринда намоз билан баробар қўйилган. 

Закот сўзи “ўсиш”, “поклаш” маъносини билдиради. Моли нисобига етган бой одам закотини ажратса, демак молига барака киради ва ўша моли покланади. Диний таълимот юзасидан таъриф берадиган бўлсак, махсус молдан махсус қисмини махсус одамларга Аллоҳнинг розилиги учун бериш закот дейилади. Бугунги кунда 16 миллион сўм пули бўлиб, ўзининг кундалик харажатидан ҳоли маблағи бўлса, ўша одамнинг бойлиги нисобига етган бўлади. 

Закот нима учун Рамазон ойида белгиланади. Ҳанафий уламоларимизнинг тарғиби бўйича, бу ойда қилинган амалларга бериладиган савоблар кўпроқ бўлганлиги учун мана шу ой белгиланган. Рамазон ойи машҳур ой, бу ойда одамлар унинг фазлини топишга ҳаракат қилишади. Мана шу ойгача инсоннинг бойлик нисоби етган бўлса, у ўз харажатларидан ташқари бойлигининг қирқдан бир қисмини махсус одамларга беради. Махсус одамлар кимлар? Аллоҳ таоло Тавба сурасининг 60-оятида кимларга закот бериш кераклиги ҳақида баён қилган. Унда саккиз тоифа киши баён қилинган бўлса, бугунги кунда улардан иккитаси мана шу рўйхатдан чиқади.

Бугун ҳар бир инсон бу ибодатнинг фарзлигини, унинг ажр-мукофоти қанчалик буюк эканлигини ҳис қилса, албатта, қизиқади. Биров келиб молингдан закот бердингми, деб эслатиши шарт эмас, чунки бу ибодат. Ибодат бўлганидан сўнг мўмин-мусулмон киши ўзи ҳис қилиши ва уни мукаммал адо қилишга интилиши лозим. 

Вақф хайрия жамоат фонди
бошқарув раҳбари Жалолиддин Ҳамроқулов

Олувчи одамлар кимлар? Юқорида санаб ўтганимиздек, мискин, фақир, мусофир, толиби илмлар, беморлар деймиз, лекин ана шу олувчи одамлар ҳам бу нарсани ибодат эканлигини ҳис қилиб, ҳақиқатан ҳам мана шу нарсани олишга ҳақлари борлигини била туриб қабул қилишлари керак бўлади. Кўр-кўрона олиб қолиш мумкин эмас. 

Ўйлайманки, бугунги кунда жуда кўп инсонлар закот беришга ҳақли. Закот берганда ҳам динимиз таълимотига кўра, ўзларининг яқинларидан, қариндош-уруғларидан бошлаши керак бўлади. Аммо қариндошлар, хусусан, ака-ука, опа-сингилларга фақат Рамазон ойида закот бериб, уларнинг ҳақи адо қилинмайди. Бошқа ойларда ҳам улар ҳолидан хабар олиб туриш лозим бўлади. 

Одамлар орасида турли тоифа инсонлар учраб туради. Молу давлат инсонга қанча кўп юқса, одамнинг унга бўлган муҳаббати зиёда бўлиб боради. Бу табиий ҳол, бироқ мўмин-мусулмонлар чегарани билади. Буни Аллоҳнинг фазли деб тушунишади. Омонатдорликни ҳис этишади. Луқмони Ҳаким айтадилар: “Аллоҳ таоло қайси бир инсонни пулдор қилса, у шунчалик ишончли одамга айланади”. Шу сабаб молу давлати кўп одамлар билсинки, Аллоҳ таоло уларга бойлик беряптими, демак уларга ишоняпти. У бу мол-давлатидан камбағал, бева-бечораларга ёрдам беради, уларнинг ҳақини адо этади, - деди Ж.Ҳамроқулов.

Мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси асосида тайёрланди.

Мавзуга оид