Жаҳон | 09:37 / 09.06.2018
58317
2 дақиқада ўқилади

80 ёшли чолдек кўринувчи 18 ёшли “бобо”

Хитойлик Сяо Цуйни кўриб, ҳеч шубҳасиз у камида 80 ёшда эканлигини айтиш мумкин. Бироқ аслида Цуй 18 ёшли ўсмир бўлиб, ҳали мактабда ўқийди ва камдан-кам учрайдиган синдромдан азият чекади. Бу синдром туфайли унинг юз мушаклари ва териси қари одамларники каби осилиб қолган. Шу сабабли ҳам у шундай қари кўринади.

Фото: Видеодан кадр

Ўсмир Харбиндаги мактабда ўқийди. Йигитнинг айтишича, у касаллик аломатларини бир неча йил аввал сеза бошлаган ва ўшандан бери у йил сайин “қарилашиб” бормоқда, унинг териси борган сари осилиб кетмоқда. 

Шифокорлар ўсмирга нима бўлаётганини аниқлашга уринмоқдалар. Мутахассислар у қандай касалликдан азият чекаётгани, уни қандай даволаш ёки жилла қурса, териси осилишини қандай тўхтатиш мумкинлиги устида бош қотирмоқдалар. Йигитда ташқи қиёфасини боридек қабул қилишдан ва кайфиятни туширмасликдан бошқа иложи йўқ.  

Хайриятки, Цуйдаги касаллик унинг соғлиғига таъсир қилмаган, у ўзини яхши ҳис қилади. Таъкидланишича, у мактабдаги энг яхши ўқувчилардан бири ҳисобланади. Синфдошлари у барча фанларни яхши ўзлаштира олиши сабабли уни Супермен деб атайдилар, Йигитнинг ўқитувчилари ҳам уни мақтайдилар. Улар Цуй бошидан кўп нарсани ўтказишига тўғри келганига қарамай, мамлакатдаги энг яхши университетга ўқишга киришига ва ўз олдига қўйган мақсадларига эришишига ишонишмоқда. 

Йигитнинг айтишича, баъзида одамлар уни кўриниши сабабли мазах қиладилар, бироқ бу вазиятдан чиқишнинг бир йўли кайфиятни туширмасликдир.

“Агар мен қиёфам мени ташвишлантирмайди десам, алдаган бўламан. Бироқ менинг кучим ҳеч қачон умидсизликка берилмаслигимдадир”, деб айтмоқда Цуй.

Фото: Видеодан кадр

Ҳозирда йигит имтиҳонларга тайёрланмоқда. У Хитойнинг энг нуфузли таълим муассасалари ҳисобланган Пекин университети ёки Цинхуа университетига ўқишга киришига умид қилмоқда.

Мавзуга оид