Жамият | 16:53 / 12.06.2018
20381
6 дақиқада ўқилади

«Захкашимизни қазиб беринг» - қўшкўпирликлар деҳқончилик учун шароит йўқлигидан қийналмоқда

Хоразм вилояти қишлоқ хўжалигида захкашларнинг тутган ўрни, аҳамияти жуда юқори. Захкаш - ер ости сувларининг сизиб чиқиши ва йиғилиши учун, яъни ернинг захини қочириш, шўрини ювиш смарадорлигини ошириш учун мўлжалланган катта ва чуқур ариқдир. Вилоят ҳудудида ер ости сувларининг юзага жуда яқин жойлашгани туфайли, захкашлар тизими қишлоқ хўжалигидаги деҳқончилик ва умуман одамларнинг турмушида муҳим ўринни эгаллайди.

KUN.UZ таҳририятига Қўшқўпир шаҳарчаси Янгилик маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролардан мурожаат келиб тушди. Унда захкашлар кўмилиб кетгани, натижада ер ости сувлари сатҳи кўтарилиб, ернинг шўрланиши кучайиб, томорқадаги мевали дарахтлар, экинларга қирон етаётгани, уй деворларини зах босиб кетгани айтилган эди.

Вазиятни ўрганиш учун Қўшкўпир шаҳарчасидаги Янгилик маҳалласига бориб, аҳоли билан учрашдик, уларнинг шикоятини ўргандик.

Қўшкўпир шаҳарчаси, Янгилик маҳалласи

Дарҳақиқат, маҳаллани Қўшкўпир шаҳарчаси маркази билан боғлаб турган йўл ёнидаги захкашнинг катта қисми кўмилиб қолган ёки кўмиб юборилган. Бу ҳақда шу маҳаллада истиқомат қилувчи онахон Оқилжон Абдуллаева гапириб берди.

«Кўчамиздаги захкаш жуда кўп йиллардан буён мавжуд эди. Деҳқончилигимиз ҳам яхши, дарахтларимиз ҳам мўл мева берарди. Сўнгги вақтларда захкаш аста-секин кўмилиб, йўқолиб кета бошлади. Натижада, баҳор келиши билан боғимиздаги дарахтлар тупроқнинг шўрлиги ва зах туфайли гуллари тўкилиб, мевага кирмаяпти, экинларимиздан барака кўтарилди».

Зах туфайли томорқадаги дарахтлар мевага кирмаяпти

Оқилжон опанинг сўзларига кўра, зах уйларнинг деворларига ҳам чиқиб кетмоқда.

«Зах нафақат томорқага, ҳатто уйимизнинг деворига ҳам чиқиб кетяпти. Унинг ҳидини йўқотиш учун баҳордан то кузгача ойна ва эшикларимизни яланг очиб ўтиришга мажбурмиз».

Деворларга чиқиб кетган зах  

Шу маҳаллада истиқомат қилувчи Фазилат Ёқубова сўзларига кўра, томорқанинг зах босиши натижасида хонадонлар яхшигина даромаддан қуруқ қолмоқда.

«Зах босиши натижасида ниҳоллар умуман кўкармай қолди. Ҳар йили мевали дарахт кўчатларини экамиз, аммо тезда қуриб қолади, умуман кўкармайди. Захкаш бор пайтида деҳқончилигимиз яхши эди. Помидор, пиёз етиштириб, сотар эдик, қўшимча даромад олардик. Ҳозир маккажўхори экяпмиз, у ҳам зах туфайли сарғайиб қолди».

Зах туфайли қуриб қолаётган ўрик
Зах туфайли сарғайиб кетган маккажўхори

Маҳалла фуқароларидан бири Бектемир Отақов сўзларига кўра, узунлиги бир неча юз метрга борадиган захкаш ҳозирда кўмилиб қолган.

«Бу захкашимиз жуда узун, бир неча юз метр эди. Аммо, эътиборсизлик туфайли кўмилиб кетди. Баъзи жойларини одамларнинг ўзи кўмиб юборишди. Натижада, деҳқончиликдан барака кўтарилди. Ниҳоллар қуриб қоляпти. Олча бир йилда қурияпти, гуллаб туриб, мевага кирмасдан, гулларини тўкиб юборяпти».

Тобора кўмилиб, ўт босиб бораётган захкаш
Аҳоли томонидан кўмиб, томорқага айлантирилган захкаш
Аҳоли томонидан кўмиб юборилган захкаш

Маҳалла фуқаролари захкаш масаласи бўйича мутасадди ташкилотларга мурожаат қилишган. Шундан сўнг, унинг фақат маълум бир қисми қазилган ва тозаланган холос. Фуқаролар талаби тўлиқ бажарилмай, иш чала, қўл учида қилинган. Натижада, муаммо ҳал этилмасдан қолиб кетган.

Номигагина қазилган захкаш, у яна кўмилиб бормоқда

2017 йили маҳалла ҳудудига яқин жойлашган далага шоли экилган. Табиийки, бу экин жуда кўп вақт давомида сув ичида турган. Захкашнинг йўқлиги оқибатида эса, далага яқин хонадонларнинг томорқалари ва уй деворларини зах босиб кетган.

Бу йил фермер томонидан ўша ерга буғдой экилган. Унинг ортиқча суви эса захкашга юбориляпти, ваҳоланки, бу мутлақо мумкин эмас.

Фермер томонидан экилган буғдойнинг сувини қочириш учун захкашга йўналтирган.

Захкашлар табиий равишда кўмилиб боради. Бироқ, аҳоли ҳам уни кўмиб юбориши мумкин. Шунинг учун уларни мунтазам равишда қазиб, чуқурлаштириб, тозалаб туришга тўғри келади. Бундай ишлар ўз вақтида олиб борилмаса, ер ости сувлари сатҳи кўтарилади, тупроқнинг шўри ювилмайди, натижада деҳқончиликка катта зарар келтиради.

Захкашнинг сақланиб қолган қисми саёзлашиб, ўт босиб кетган

Шу йилнинг 18 март куни Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинди. Унда деҳқон хўжаликлари ва аҳолининг томорқа ерларидан унумли фойдаланишини ташкил этиш чоралари белгиланган. Шунингдек, томорқа ерларида аҳоли мевали ва манзарали дарахтлар экмаганлиги, чорва моллари сотиб олмаганлиги, иссиқхона барпо этмаганлиги, шу жумладан, ер участкаси ободонлаштирмаганлиги аниқланса, ер солиғининг уч баробари миқдорини қўллаш юзасидан туман давлат солиқ инспекциясига тақдимнома киритилиши кўрсатилган.

Бугунги кунда аҳоли томорқадан фойдаланиш, бир қарич ерини ҳам бўш қолдирмай, экин ва дарахт экиш, бу билан қўшимча даромад олиш қанчалик муҳим эканини билиб, тушуниб турибди. Фуқаролар бу ишларни қилишга тайёр. Аммо шароит яратилмаса, бу гап-сўзларнинг фойдаси бўлмайди.

Қўшкўпир тумани ҳокимияти Янгилик маҳалласи ва бошқа қишлоқларда ҳам захкашларнинг ҳолатини ўрганиб, уларни қазиш, чуқурлаштириш ва тозалаш ишларини ташкил қилиши лозим. Бундан ташқари, аҳолига захкашларни кўмиб юбормаслик, уларга чиқинди ташламаслик, даладаги экин сувларини унга йўналтирмаслик, ўзбошимчалик билан томорқага айлантирмаслиги бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш шарт. Зеро, туман аҳолиси турмушининг яхшиланиши, даромадининг ошиши шу туманнинг, вилоятнинг, қолаверса Ўзбекистоннинг фаровонлиги ошишини англатади.

Умид қиламизки, Қўшкўпир тумани ҳокимияти бу ижтимоий муаммони эътиборсиз қолдирмайди.