Жаҳон | 17:44 / 17.06.2018
21175
2 дақиқада ўқилади

Камбожа шаҳзодасининг турмуш ўртоғи ЙТҲда ҳалок бўлди

Фото: AP/ Cambodia National Police

Камбожа шаҳзодасининг турмуш ўртоғи Оук Пхалла мамлакат жанубида рўй берган ЙТҲ сабаб ҳалок бўлди. Шаҳзода Нородом Ранаритнинг ўзи эса шифохонага жойлаштирилган. "Синхуа" агентлиги полиция вакилларига асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

ЙТҲ маҳаллий вақт билан соат 9:00 да Кампонгсаом провинциясида рўй берган. Дастлабки маълумотларга кўра, шаҳзоданинг автомобилига қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган такси келиб урилган. Ундаги 5 нафар йўловчи турли жароҳатлар олган. 

"Шаҳзоданинг турмуш ўртоғи оғир жароҳатлар туфайли соат 12:23 да ҳаётдан кўз юмди", - дея маълум қилди провинция полицияси вакили Чун Нарин. Унинг сўзларига кўра, 74 ёшли шаҳзода Пномпен шифохонасига етказилган. 

Таъкидлаш жоизки, бу Камбожа қироллик оиласи вакиллари иштирокидаги биринчи ЙТҲ эмас. 2015 йилда шаҳзоданинг кортежи юк машинасига урилиши натижасида 6 киши жабрланганди. 

Камбожа шаҳзодаси Нородом Ранарит ва унинг турмуш ўртоғи Оук Пхалла
Архив фото: AFP/ Philippe Lopez

 

Мавзуга оид