Ўзбекистон | 19:49 / 27.06.2018
8068
2 дақиқада ўқилади

Самарқанддаги мактабларда кундузги оромгоҳлар болаларга хизмат кўрсатмоқда

Ёз фасли бошланиб, мактаб ўқувчилари таътилга чиқишган палладамиз. Болаларнинг ёзги таътилини мазмунли ташкил этиш, уларнинг оромгоҳларда дам олиши ва билим орттириши учун мутасадди ташкилотлар нималар қилишмоқда?

Биз ушбу саволга жавоб топиш учун Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли мактабларда ташкил этилган кундузги оромгоҳларни кўздан кечирдик.

Айни дамда Самарқанд шаҳридаги мактабларнинг 8 тасида кундузги оромгоҳлар ташкил этилган бўлиб, уларда 100–130 нафар болалар уч даврада соғломлаштирилади. Бир даврада ушбу кундузги оромгоҳларда 970 нафар, жами уч даврада 2900 нафар мактаб ўқувчилари қамраб олинади.

Кундузги оромгоҳларда болалар турли тўгаракларларга қатнашиш билан биргаликда, мусиқа, спорт ва билим беллашувларида иштирок этишади, шунингдек парҳез тушлик билан таъминланишади. Айниқса чет тили тўгараклари машғулотларини малакали мутахассис ва ўқитувчилар томонидан олиб борилиши таъминланган.

Болаларнинг бир кунлик овқатланиши 3600 сўмни ташкил этади. Болалар бир даврада 10 кун дам олишса, 36000 сўмнинг атиги 9 минг сўми ота-оналар томонидан, қолган 75 фоиз қисми ҳомий ташкилотлар томонидан қопланмоқда.

«Шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфидаги «Алпомиш» доимий оромгоҳида ҳам режа бўйича 1даврада 22 нафар, жами уч даврада 660 нафар болалар соғломлаштирилиши назарда тутилган. Айни дамда болалар оромгоҳида иккинчи давра учун болалар қабул қилинган», — дейди Kun.uz мухбири билан суҳбатда Самарқанд шаҳар халқ таълими бўлими мудири Хуршид Ҳожиқулов.

Шаҳар халқ таълими бўлими мутасаддиларининг берган маълумотига кўра, кундузги оромгоҳларга жалб қилинган барча ходимларнинг ойлик маошлари уларнинг доимий ишлайдиган муассасалари томонидан тўланиши белгилаб қўйилган.

Ш.Шокиржонов,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид