Гуруҳ босқичида охирги кун: Осиё ва Африка рақобати
Бугун ЖЧ-2018 турнирида гуруҳ ўйинлари ўз ниҳоясига етади. Сўнгги икки гуруҳ бироз фарқли ўтиши кутилмоқда. Англия ва Бельгия ўртасидаги учрашув нақадар сокин кеча, Н гуруҳида ҳали омадли жуфтлик аниқ эмас.
G гуруҳи
Чемпионат бошланмасдан олдин тахмин қилинганидек, бу гуруҳда сўнгги тур олдидан ҳаммаси ҳал бўлиб улгурди. Натижада, биз Англия ва Бельгия ўртасида кечиши мумкин бўлган суперматчдан маҳрум бўлдик. Мартинес Ромелу Лукакуга дам бермоқчи, катта эҳтимол билан Саутгейт ҳам баъзи етакчиларини майдонга туширмаслиги мумкин, зеро бу ўйинда мағлубиятга учраган томон кўпроқ «ютади».
Ҳаммаси нисбий бўлса-да, тан олиш лозим, бу гуруҳ ғолиби равона бўладиган «йўлак» бироз қийинроқ. Бу йўл Бразилия, Аргентина, Франция, Португалия, Уругвай каби терма жамоалардан ташкил топган. 2-ўрин соҳиби борадиган «йўл» эса бироз енгилроқ – Хорватия, Дания, Испания, Швеция... Албатта, хорватларнинг гуруҳ босқичларидаги ўйинларидан келиб чиқсак, айнан ниманинг ҳисобига Аргентина ёки Францияни кучли деб ҳисоблаётганимиз тушунарсиз бўлиши мумкин. Аммо тан олиш керак, Хорватия қанчалик кучли ўйин кўрсатмасин, биз бу ўйин терма жамоанинг энг яхши ўйинларидан бири бўлаётганини билиб турамиз, улардан нима кутишни тасаввур қила оламиз. Аргентина ёки Франция каби терма жамоалари эса, салоҳият жиҳатидан юқори, улар гуруҳ босқичини ёрқин ўтказмаган бўлишса-да, бир неча баробар кучли бўла олишларини сезиб турибмиз. Табиийки, мураббийлар ҳам Месси эмас, Модричга қарши ўйнаш осонроқ эканини яхши билишади. Бунинг учун эса, ютқазиш керак.
Англия ва Бельгия тўплар нисбати бўйича ҳам тенг кўрсаткич қайд этган. Агар бугунги ўйинда дуранг қайд этилса, қайси жамоа гуруҳ ғолиби бўлади, деган савол ҳам ўринли. Барча кўрсаткичлар тенг бўлса, Fair Play бўйича таққосланади, яъни футболчиларга берилган карточкалар инобатга ўтади. Ҳозирча, 2та сариқ карточкага эга бўлган Англия пешқадам бўлиб турибди, чунки бельгияликларда 3та огоҳлантириш бор. Қизиқ, агар томонлар гол уришни истамай ўйнайверишса, гуруҳда иккинчи ўринга тушиш мақсадида қайсидир жамоа футболчиси атайлаб қизил карточка олса-я?
Иккинчи жуфтлик балки кўпчиликни қизиқтирмаса-да, ўша терма жамоалар мухлислари учун байрам.Тарихида илк бор қатнашаётган Панаманинг инглизлардан қабул қилинган олти голдан сўнг, урган биргина голлари мухлисларга нақадар қувонч ҳадя қилганини кўрдик. Мундиал тарихидаги илк ғалаба қай тариқа кутиб олинишини тасаввур қилаверинг. Тунис ҳам ҳар доим ғалаба қозониб юрадиган жамоа эмас. Улар 1978 йилги жаҳон чемпионатида, илк бор финал босқичига ташриф буюришган ва илк ўйинда Мексика устидан 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишган. Шу билан Тунис яна 3 жаҳон чемпионатида қатнашди ва ҳар доим биргина дуранг билан уйга қайтаверди. Бугун ушбу натижани яхшилаш имкони бор.
Жаҳон Чемпионати
«G» гуруҳи, 3-тур беллашувлари
28 июнь, пайшанба
Англия—Бельгия 23:00
Панама—Тунис 23:00
H гуруҳи
Деярли тенг кучли жамоалардан тузилган, кимнидир гуруҳда сўнгги ўринни олиши ва айнан ўша жамоанинг гуруҳда ғолиб бўлиши ҳеч қандай кутилмаган воқеа сифатида баҳоланмайдиган гуруҳ.
Европанинг ягона вакили муддатидан олдин имкониятдан маҳрум бўлди. Лекин Польшанинг Япония билан ўйини бир томонлама бўлмаса керак, албатта, Польша ҳам худди кечаги Жанубий Корея ёки Коста-Рика сингари, сўнгги ўйинни яхшироқ ўтказишга уринади. Япония эса, бу ўйинда дуранг ўйнаса кифоя, камида иккинчи ўринни олиб, плей-офф йўлланмасига эга бўлади. Осиё жамоалари ичида плей-офф йўлланмасини қўлга киритган ягона терма жамоа айнан Япония бўлиши мумкин.
Сенегал эса плей-оффга йўлланма оладиган ягона Африка жамоаси бўлиши мумкин. Сенегал Колумбияга қарши ўйинда ғалаба қозонса, ёки дуранг ўйнаса, нимчорак финал иштирокчисига айланади. Аммо бу вазифа осон эмаслигини иккинчи тур кўрсатиб берганди. Дастлабки турда илк дақиқалардаёқ қизил карточка олиб, Японияга қаршилик қила олмаган колумбияликлар Польшага қарши ўйинда бор кучларини намойиш қилишда ва ҳозирча мундиалда бир жамоа кўрсатиши мумкин бўлган энг кучли ўйинлардан бирини кўрсатишди. Худди шу кайфиятда энди Колумбияни тўхтатиб қолиш осон бўлмаслиги шубҳасиз.
Сенегал мағлубиятга учраб ҳам, гуруҳдан чиқиши мумкин. Бунинг учун Япония Польшага йирикроқ ҳисобда ютқазиши керак бўлади.
Жаҳон Чемпионати
«H» гуруҳи, 3-тур беллашувлари
28 июнь, пайшанба
Япония—Польша 19:00
Сенегал—Колумбия 19:00
Мавзуга оид
18:54 / 10.12.2019
ЖЧ-2018 мезбонлиги коррупция орқали қўлга киритилган бўлиши мумкин
08:19 / 04.12.2018
Инфантино G20 иштирокчиларига ЖЧ-2018 тўпларини совға қилди
12:53 / 09.11.2018
Роналдунинг ҳет-триги - энг ёқимли хотира. ЖЧ-2018нинг энг эсда қоларли лаҳзалари аниқланди
01:41 / 25.09.2018