Ўзбекистон | 22:26 / 28.06.2018
16589
2 дақиқада ўқилади

"Хориждаги аксарият ўзбекистонликлар ватанга қайтиш ҳақида жиддий ўйлашмоқда" - Алишер Каланов

Хорижий мамлакатларда яшаётган кўплаб ўзбекистонликлар ватанга қайтиш ҳақида жиддий ўйлашмоқда. Kun.uz мухбири "Буюк келажак" экспертлар кенгаши раиси Алишер Калановнинг сўзларига асосланиб, шу ҳақида хабар берди. 

"Мамлакатдаги ислоҳотларни диққат билан кузатаётган кўплаб экспатлар (хорижда ишловчи ўзбекистонликлар), ислоҳотларга доир қарорларни ўрганувчи экспертларнинг аксарияти ватанга қайтиш борасида жиддий ўйлашмоқда", - деди Каланов Ўзбекистоннинг узоқ муддатли ривожланиш стратегиясига бағишланган форумда сўзга чиқар экан.

Форум икки кун давом этади. "Буюк келажак"нинг турли соҳалардаги экспертлари Ўзбекистонни 2035 йилгача узоқ муддатли ривожлантириш стратегияси концепциясини муҳокама қилишади. Бугунга келиб кенгаш дунёнинг 20 дан ортиқ давлатида истиқомат қилувчи 155 нафар ватандошимизни бирлаштирмоқда. Калановнинг сўзларига кўра, кенгашда "интеллектуал элита" тўпланган.

У экспертлар кенгаши мамлакат олдида турган долзарб чақириқларга жавоб топиши кераклигини таъкидлади. "Кенгаш муайян бир босқичда республика раҳбарияти учун кадрлар захирасига айланиши мумкин", - қўшимча қилади кенгаш раиси. 

Узоқ муддатли ривожланиш стратегияси мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва туртки бериш учун ишлаб чиқилмоқда. Уни ишлаб чиқишга шунингдек халқаро консалтинг компаниялари ҳам жалб этилмоқда. Якуний ҳужжат давлат раҳбарига кўриб чиқиш учун тақдим этилади. 

Президент Шавкат Мирзиёев биринчи марта 2017 йилнинг сентябрида Нью-Йоркка ташрифи давомида хорижий мамлакатларда яшовчи ва ишловчи ватандошларимизни Ўзбекистондаги ислоҳотларга қўшилишга чақирди.

Мавзуга оид