Спорт | 16:40 / 28.06.2018
30166
8 дақиқада ўқилади

Лёв қаерда хатога йўл қўйди? Германия муваффақиятсизлигининг 5та сабаби

Германия терма жамоасининг жаҳон чемпионатини жуда эрта тарк этиши сабаблари айни кунларда энг кўп муҳокама қилинаётган мавзуга айланиб қолди. 

Энг биринчи диққат қаратиш керак бўлган жиҳат шуки, чемпионлик мақомини ҳимоя қилиш осон иш эмас. Бошланиши узоқ 1930 йилга бориб тақаладиган мундиаллар тарихида шу вақтгача бор-йўғи икки терма жамоа бу ишнинг уддасидан чиққан. 1938 йилда Италия, 1962 йилда Бразилия кетма-кет иккинчи марта жаҳон кубогини қўлга киритган. Шунда ҳам фақат Италия айни бир мураббий қўл остида икки марта жаҳон биринчилигида ғолиб чиққан, холос. Устига устак, сўнгги тўрт мундиалда амалдаги чемпион гуруҳ босқичидан нарига ўтолмаяпти.

Ҳа, жаҳон чемпионатида ғолибликни қайта қўлга киритиш ўта мураккаб масала. Бироқ яхши янгиликлар ҳам бор. Бразилия амалдаги чемпион сифатида қатнашган ЖЧ-1998да финалгача, ЖЧ-2006да чорак финалгача етиб бора олган.

Йоахим Лёв ЖЧ-2018 олдидан деярли юз йиллик тарихда саноқли марта қайд этилган ҳодисага даъвогарлик қилиш масъулиятини тўла англаб етдими? Унинг хато кетидан хатога йўл қўйиши бу саволга салбий жавоб беришга ундайди.

Хўш, Лёвнинг қайси хатолари бугунги муваффақиятсиз натижаларга олиб келди? Қуйида мураббий томонидан йўл қўйилган 5та асосий камчилик таҳлили.

1. Терма жамоанинг «ишлов берилмаган» таркиби

Фото: Squawka

Таҳлил бошида терма жамоа таркиби ҳақида тўхталиб ўтсак. Йоахим Лёв жорий мундиал учун 23талик футболчилар рўйхатини асосан ЖЧ-2014да ғолибликни қўлга киритган жамоа ўйинчилари асосида шакллантирди. Ўтган чемпионатдаги таркиб билан ҳозиргиси футболчилик фаолиятини якунлаган ўйинчилар ҳисобига фарқ қилмоқда: Филипп Лам, Мирослав Клозе, Бастин Шванштайгер ва Лукас Подолски термадаги фаолиятини якунлагани учунгина Лёв уларни Россия мундиалига олиб келмагандек.

Лёв уларнинг ўрнини тўлдириш учун Конфедерациялар кубоги олдидан таркибга янги футболчиларни жалб этишда ҳеч қандай янгилик қўлламасдан, стандарт қарорлар қабул қилди. Хусусан, «Бавария» Филипп Ламнинг позициясида Йозуа Киммихни ўйнатаётгани Лёв учун айни муддао бўлди. Тимо Вернерни ҳисобга олмаганда, Бундеслигада порлаб чиқаётган ҳеч қайси ёш ўйинчига терма жамоада имкон берилмади. Устига устак, чап қанот ҳимояси муаммосини ечиш учун Йонас Ҳекторни таркибга жалб этиш қарори ҳам ўзини оқламади. Худди шу позицияда ўйновчи «Аугсбург» ҳимоячиси Филипп Макс 2017/18-йиллар мавсумида 12та голга ассистентлик қилиб, бу борада чемпионат рейтингида 2-ўринни олди; унинг вазиятни тўғри баҳолаб, тўпни шеригига вақтида ва ўта қулай тарзда етказиб бериш қобилияти Германия термасининг кучли қуролига айланиши мумкин эди, бироқ Лёв унинг ўрнига Марвин Платтенҳардтни танлади ва негадир бу танловидан чемпионат давомида деярли фойдаланмади: «Герта» вакили учта ўйиндан 2тасида майдонга туширилмади, Мексикага қарши ўйинда 79 дақиқа майдонда бўлди холос. Бундай қароридан кейин Германия 3та ўйиндан 2тасида гол ура олмаганини Лёв нима билан изоҳлайди?

Фото: Squawka

Терма жамоани қариялар тарк этаётганда уларнинг ўрнини ёшлар билан тўлдиришни тўғри амалга ошира олмаган Йоахим Лёвнинг хатоларидан яна бири қанот ўйинчиси Лерой Санени эътибордан четда қолдиргани бўлди. 22 ёшли вингер узоқ вақтдан буён немисларнинг ёрқин келажаги тимсоли сифатида кўриб келинмоқда эди.

Фото: Squawka

Тарихдаги энг қиммат немис футболчисига айланган Сане ўтган мавсум «Манчестер Сити» таркибида 10та гол, 15та голли узатма ва 85та дриблинг билан АПЛнинг энг яхши ёш футболчиси деб топилгани ҳам Лёвнинг кўзини очмади.

2. Дарвозабон танлашдаги хатолик

Фото: Squawka

Мануэль Нойер 2017/18 йилги мавсумни жароҳати сабаб бутунлай ўтказиб юборди. Шунга қарамай, жисмоний талабларга жавоб бергани учун терма жамоага қабул қилинди. Ҳа, улкан тажрибага эга буюк етакчи ва жамоа сардорининг таркибга жалб этилганига ҳеч ким эътироз билдирмаяпти. Эътирозли савол бошқа: «Барселона»даги фаолияти давомидаги энг яхши мавсумини ўтказиб, клубнинг чемпион бўлишида катта ҳисса қўшган ва мукаммал ўйин амалиётига эга бўлган ҳолда термага етиб келган Марк Андре тер-Штеген учта ўйинда ҳам захирада қолиши тўғримиди? Бутун мавсум давомида 3тагина ўйин ўтказган Нойер ЖЧ-2018даги илк икки учрашувнинг 32 ва 35-дақиқаларидаёқ ўз дарвозасидан тўп олиб чиқди ахир...

Фото: Squawka

3. Ҳимояда фақат Боатенг ва Ҳуммельс билангина чегараланиб қолинди

Жером Боатенг ва Матс Ҳуммельснинг Бразилиядаги мундиалда кўрсатган ўйинларини бир сўз билан қойилмақом деб таърифлаш мумкин. Германиянинг чемпионлигида уларнинг ҳиссаси катта эди. Бироқ Россиядаги Жаҳон чемпионатида терма бу икки ўйинчига ҳаддан ортиқ боғланиб қолгани маълум бўлиб қолди.

Фото: Squawka

Ҳуммельс жароҳати сабаб, Боатенг эса қизил карточка туфайли ўтказиб юборган ўйинларда ҳимоя чизиғида уларнинг ўрни яққол сезилиб қолди. Лёв таркиб йиғишда ушбу икки ўйинчининг ўрни ҳақида узоқ бош қотириб ўтирмаган, шекилли.

Фото: Squawka

4. Тони Кроос ноқулай позицияда тўп сурди

Терманинг ЖЧ-2014даги муваффақиятида Тони Крооснинг Сами Хедира ва Бастиан Швайнштайгердан иборат таянч ҳимоячилар олдида тўп сургани калит вазифасини бажарганди. Хедира ҳимоянинг асосий жисмоний кучи, Швайнштайгер эса ҳимояни бошқариб турувчи мия вазифасини бажарар, шу боисдан ҳам Кроосда бемалол олдинроққа чиқиб ўйнаш имконияти бор эди.

Фото: Squawka

Шванштайгер кетгач, Лёв яримҳимояга таянч бўлиб, ҳимоя бошқарувини қўлига олиши мумкин бўлган ўйинчи излаб, бу вазифани Тони Кроосга ишониб топширди. Бу фикр аввалбошдан хато эди – Кроос ўз фаолияти давомида таянч ҳимояда ҳеч қачон яхши ўйин кўрсатмаган. Унда бунинг учун майдонда ҳаракатчан бўлиш қобилияти етишмаслиги маълум эди. У тез-тез ортида рақиб учун бўш жой қолдириб, янги позициясида ишончли қалъа қура олмади. «Реал»да Кроосни бу жиҳатдан таянч ҳимояда серҳаракат ва тиниб-тинчимас Каземиро ва тажрибали Лука Модрич қўллаб-қувватлаб туради. Шунда ҳам мадридликларнинг ҳимоя чизиғи қаршисида, майдон марказида бўшлиқлар кузатилиб туради. Германияда Тонининг ортидан таянч вазифани бажарувчи футболчи Хедира бўлди, лекин у ЖЧ-2014дагидек юқори жисмоний формада эмас, аксига олиб, у 3та ўйиннинг 2тасида 60 дақиқадан ўйнаб, битта баҳсда тўла захирада қолдирилди.

Шу тариқа Лёв ўз қарори билан таркибдаги энг кучли футболчисининг имкониятларини чегаралаб қўйди.

5. Шванштайгер ва Клозенинг ўрни билиниб қолди

Фото: Squawka

Мураббий Бастиан Шванштайгер ва Мирослав Клозенинг функцияси янги жамоада ҳам тўла адо этилишининг уддасидан чиқмади. Ушбу икки футболчи ЖЧ-2014да терма жамоанинг асосини ташкил этганди, десак муболаға бўлмаса керак. Немислар уюштирадиган аксарият ҳужумларни Клозе уюштирган, Шванштайгер эса, юқорида таъкидланганидек, ҳимояда қалқон сифатида туриб берганди. Терма жамоага доимий равишда ёш ўйинчиларни таклиф қилиб, уларнинг имкониятини синовдан ўтказмаган Лёв учун бу икки ўйинчининг ўрнини тўлдирмагани қимматга тушди. Албатта, у ўйинчилар маҳоратини ошириб боришга жавобгар эмас, бироқ маҳорати камлик қилса-да, позицион ўйин нуқтаи назаридан ўз талабларига мос тушадиган ёш футболчиларни йиғинларга жалб этиш орқали уларнинг клубдаги фаолиятларига туртки бериши ёхуд топ-клублар эътиборига тушишига кўмаклашиши мумкин эди.

Мавзуга оид