Жамият | 23:10 / 30.06.2018
16297
3 дақиқада ўқилади

«Таслим бўлма» хайрия акцияси якунлари. Дори-дармонлар беморларга тарқатилди

Инсон умри узунлиги бир асрга бориб-бормайди. Кимлардир умрини оддий ўтказади, кимлардир умри воқеа-ҳодисаларга тўла бўлишини истайди, яна кимлар эса қалб хотиржамлигида яшаб, охирати обод бўлишини тўғрисида қайғуради. Учинчи хил инсонлар Яратганга яқин бандалар тоифасига киради. Бу дунё омонат эканлигини тушунган бундай кишилар атрофдагиларга яхшилик қилиб яшашни умрининг мазмуни деб билади.

«Kun.uz» сайтида «Таслим бўлма» хайрия акцияси бошланган эди. Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад-оққон билан оғриган беморларга ёрдам бериш эди. Чунки, бу хасталик ўта оғир хасталик ҳисобланиб, даволаш жараёни бир неча босқични ўз ичига олади. Дорилар эса жуда қиммат. Жамиятда ҳамма ҳам тенг эмас. Беморларнинг аксарияти вилоятлардан келган оддий ёрдамга муҳтож инсонлар. Қийналган инсонларга эса албатта ёрдам беришимиз керак.

Бу дард ҳеч кимни аямайди. Синов сифатида аёлларга, эркакларга, ёши катта инсонларга ва ҳатто ёш болаларга ҳам берилади.

19.05-14.06 саналари оралиғида
Агробанк ҳисобига келиб тушган маблағлар

«Таслим бўлма» хайрия акцияси натижасида 60 миллион сўм маблағ йиғилди. Шундан  60 495 рубль (1000 доллар) "Сбербанк" орқали тўпланган бўлса, Кореядаги инсонлар томонидан 1500 АҚШ доллари ҳамда Дубайдаги инсонлардан томонидан 571 АҚШ доллари миқдоридаги хайриялар келиб тушган. Яқин кунларда PayPal тизими орқали тўплаган маблағлар бўйича ҳам ҳисобот мақола эълон қиламиз.

Жорий йилнинг 14 июнь санасида Республика гематология ва қон қуйиш илмий-текшириш институтига бордик.

26 нафар беморларга муолажа учун дори-дармонлар берилди. 5 нафарининг шифохонадан бўлган қарздорлиги тўланди. Бир нафар беморга моддий ёрдам берилди.

 Улар кўзларида ёш билан хайрия қилган инсонларни дуо қилди. Уларнинг оиласи, қариндош ва дўстлари бундай касаллик кўрмаслигини Аллоҳдан сўрашди. Моддий ёрдамлар маҳаллий аҳолидан, дунёнинг турли чекка ҳудудларида (Жанубий Корея, Россия, Қозоғистон, Дубай ва бошқалар) яшовчи яхши инсонлардан юборилди. Аллоҳ улардан рози бўлсин. Қилган яхшиликларининг ажрини берсин.

Дориларни тарқатар эканмиз, беморларимиз хурсанд бўлиб уларни қабул қилишди. Бизнинг аввалига қалбимиз, у тўлгач кўзларимиз йиғлай бошлади. Аллоҳим ҳеч кимни дори-дармонни хурсанд бўлиб қабул қилишига йўл қўймагин. Бу оғир қисмат. Беморларимизга ўзинг шифо ва сабр бергин. Бу оламларда сендек меҳрибон ва раҳмли зот йўқ. Ўзингга осон. Хайрия қилган инсонларни эса ўзинг ҳимоянгга олгин. Оғир касалликлардан ўзинг асрагин. Биз ўша сахий ўзбекмиз. Бир-биримизга яхшилик қилмай тура олмаймиз. Аллоҳим бир-биримизга яхшилик қилишимизни бардавом қилгин.

Мавзуга оид