Иқтисодиёт | 18:48 / 02.07.2018
35845
2 дақиқада ўқилади

Бош вазир ўринбосари Ўзбекистон иқтисодиёти «советча унсурлар»дан воз кечаётганини айтди

Фото: Халқаро пресс-клуб

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоровга кўра, Ўзбекистон иқтисодиётида янги давр бошланди, деб айтиш мумкин. Негаки, жорий йилнинг 29 июнь куни қабул қилинган янги солиқ консепцияси «советча унсурлар»дан холи.

«​Бу мамлакатимиз иқтисодиётида янги бир даврни бошлаб беради. Сабаби шуки, бугунги кунга қадар ҳам Ўзбекистон солиқ тизимида „Совет даври” унсурлари бор эди. Бу нималарда кўринади, деб савол берилса, солиққа тортиш ҳамма учун баробар эмаслиги, бозор иқтисодиётининг базавий тамойилларининг инкор қилишини кўрсатиш мумкин», дейди Жамшид Қўчқоров.

2 июль куни Тошкент шаҳрида ташкил этилган анжуманда иштирок этган Молия вазири Қўчқоров Шавкат Мирзиёев имзолаган янги фармон энг ёмон иллатларни йўқ қилишига умид боғлаган.

«Янги фармон билан солиқ тизимида мавжуд бўлган энг ёмон иллатлар йўқ қилинди. Биринчидан, илгари корхоналарнинг товар айланмасидан олинадиган 3,2 фоизлик мажбурий тўловлар мавжуд эди. Корхона раҳбари фойда кўрадими, кўрмайдими, буни тўлашга мажбур эди. Эндиликда айланма маблағдан олинадиган солиқ бекор қилинди.

Иккинчи масала, аҳоли даромадларини солиққа тортиш ҳисобланади. Бизда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 13 миллион бўлса, улардан бор-йўғи 4,6 миллион нафари солиқ тўлайди. Энди қанча одам пенсия олади деб сўралса, улар сони 3,3 миллионни ташкил этади. Демак, 4,6 миллион одам 3,3 миллион пенсионернинг пенсиясини таъминлаб бериши керак. Қўпол қилиб айтганда, 1,5 ишчи бир пенсионерни боқиши керак. Бу каби рақамлар Европанинг энг қариб бораётган давлатларига хос кўрсаткич. Биз ёш давлат бўлсак ҳам, вазият шундай. Шунинг учун ҳам Президент фармони билан иш ҳақи жамғармасидан солиқ олиш кескин камайтирилади. Бундан кўзланган мақсад иш берувчининг ҳам, ишчининг ҳам меҳнатини яширмаслигини таъминлаш”, дейди у.

Мавзуга оид