Ўзбекистон | 13:25 / 19.10.2024
5984
2 дақиқада ўқилади

Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи” унвони берилди

Бу борада президентнинг тегишли фармони қабул қилинди.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи” фахрий унвони билан тақдирланди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Таъкидланишича, Жамшид Қўчқоров “давлат идораларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, мамлакатимиз мустақиллиги ва унинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш, молия тизимини халқаро андозалар асосида ривожлантириш ва янги босқичга кўтариш, муҳим дастурлар ва инвестиция лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошириш борасидаги катта хизматлари” учун ушбу унвонга лойиқ кўрилган.

Маълумот учун, Жамшид Қўчқоров 1964 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. У меҳнат фаолиятини 1985 йилда Каттақўрғон шаҳар темир йўл техникасининг катта ҳисобчиси сифатида бошлаган. 

1996—1997 йилларда Марказий банк раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган. 1997 йилда Молия вазирининг ўринбосари — Молия вазирлигининг Давлат бюджети бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган ва 2005 йилгача ишлаган. 2015—2016 йилларда молия вазирининг ўринбосари, сўнгра молия вазирининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган.

2017—2020 йилларда Ўзбекистон бош вазирининг макроиқтисодий таҳлил ва башорат қилиш, молия ва банк тизимларини ислоҳ қилиш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган, Молия вазирлигини бошқарган.

Мавзуга оид