Light | 18:55 / 05.07.2018
43253
5 дақиқада ўқилади

Биринчи ёрдам кўрсатишдаги 5 хато

Шифокор кўригига қадар биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш — бу жабрланувчининг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш ҳамда тиклашга йўналтирилган чора-тадбирлар комплекси. Бундай биринчи ёрдам жабрланувчи ўзини ёмон ҳис қила бошлаганида унинг ёнида бўлган кишилар томонидан кўрсатилади. "Лайфхакер" М.Сеченов номли "МГМУ" клиник марказининг фожиалар травматологияси, ортопедия ва жарроҳлиги кафедраси мудири Алексей Личагин берган маълумотларга асосланиб, шифокор келгунига қадар кўрсатиладиган биринчи ёрдам ҳақидаги маълумотлар билан бўлишди.

1. Жгутни зарурат бўлса-бўлмаса боғлаш

Таом тайёрлаш, қайчи билан ишлаш, томорқа ишлари — жароҳат олиш учун сабаблар талайгина, бироқ ҳар қандай ҳолатда ҳам жгут боғлашга шошиш керак эмас. Уни фақат артериал қон оқими кузатилгандагина боғлашади. Бунда қон ранги алвон қизил рангда бўлади. Тўқ рангдаги қон венадан чиқаётган бўлади, бунда қонни бандаж билан тўхтатиш керак.

Фото: medportal.ru

2. Бурундан қон кетганда бошни орқага қилиш

Бурун ҳаддан ташқари исиш ҳамда меъёрдан ўтувчи жисмоний фаоллик натижасида қонаши мумкин. Бундай ҳолатларда асло бошни орқага қила кўрманг. Жабрланувчини ўтказиб, унинг бошини бироз пастга қаратинг ва йиғилиб қолган қоннинг оқишига имкон беринг. Шундан сўнг буруннинг юқори қисмини 10 дақиқага сиқиб туриш керак.

Фото: Getty Images

Агар бу ёрдам бермаса, бурун тешигига 15 дақиқага дока ёки пахтали тампон жойлаш ва буруннинг устидан муз қўйиш керак. Агар бу усул ҳам ёрдам бермаса, яқин орадаги тиббиёт муассасасига йўл олиш керак бўлади.

3. Термик ёки қуёшдан куйишда қатиқ суриш

Зиён етган терига плёнка ҳосил қилувчи моддаларни сурманг. Қатиқ, сметана, ёғ, тиш пастаси, картошка ва асал шулар жумласидандир. Куйиш ҳолатларида жабрланган жойни илк сонияларданоқ совуқ сувга қўйиш керак. Дорихонадан сотиб олинган махсус куйиш препаратини қўллаш - энг мақбул йўл.

4. Суяк чиқиб кетишини мустақил тўғирлашга уриниш

Суяк чиқиб кетишини зарур кўникма ва оғриқсизлантириш муолажаларисиз тўғирлашга ҳаракат қилманг — бундай уринишлар фақат жароҳатнинг ёмонлашишига ва оғриқнинг кучайишига олиб келди. Суяк чиқишини тўғирлаш учун шифокорга мурожаат қилинг, бугунга келиб ҳатто энг оғир ҳолатларни ҳам "ёпиқ" оғриқсиз операция орқали тузатилмоқда. 

Суяк чиқиши ва синишида тананинг ўша қисмини иммобилизация қилиш, яъни шифокор келгунга қадар жароҳат етган жойнинг ҳаракатсизлигини таъминлаш керак. Жабрланувчини шифохонага етказиш керак бўлса, жароҳат етган жойга қўл остидаги воситалардан шина қилиш мумкин. Жароҳат етган жой ҳаракатсиз ҳолатда қолиши керак.

Фото: Getty Images

Суяк чиққан ё чиқмаганини қандай аниқлаш мумкин? Буни тиббий маълумотсиз ҳам аниқлаш мумкин. Жароҳат етган жойда бўғинлар деформацияси кузатилади, чунки суяк чиқиши натижасида нафақат тана қисмининг ўлчамлари, балки шакли ҳам ўзгаради. Шу билан бирга, ўша жой шишади. Жабрланувчи кучли оғриқ сабаб ҳам уни аниқлаши мумкин.

5. Иссиқлик зарби хавфини етарлича баҳоламаслик

Иссиқлик (жумладан, қуёш) зарби хавфига кўпинча етарлича эътибор берилмайди. У энг ёмон ҳолатларда ҳушни йўқотиш ва комага олиб келиши мумкин.

Фото: Medic.ua

Иссиқлик уриши белгилари:

  • чакка соҳасида пульсацияни сезиш;
  • терининг, айниқса юзнинг қизариши;
  • пульс частотасининг дақиқасига 100 ва ундан кўп марта уриши;
  • уйқу келиши;
  • бош айланиши;
  • кўнгил айниши;
  • қулоқларда жаранг туриши;
  • қайт қилиш.

Иссиқлик зарби хавфига дуч келган бўлсангиз, имкон пайдо бўлиши биланоқ қуёшли жойни тарк этиб, соя-салқин жойга ўтиш керак. Жабрланувчи горизонтал ҳолатда ва оёқлар кўтарилган бўлиши лозим. Кийимни ечиш ва имкон қадар тана бўйлаб ҳаво ҳаракатини таъминлаш керак. Шундан сўнг терига музлатувчи компресслар қўйиш, беморга совуқ сув бериш керак. Оғир ҳолатларда иссиқ уриши натижасида беморда безгак, ҳушни йўқотиш, галлюцинациялар кузатилиши мумкин. Бундай белгилар бўлган тақдирда зудлик билан тез тиббий ёрдамни чақиринг!

Ўзингиз жабрланган бўлсангиз-чи?

Ўзидан ўзи ўтиб кетишига умид қилиш - энг кенг тарқалган хато.

Жароҳат олганда жароҳат ҳолати, умумий ҳолат, ҳаракат қилиш имконини тўғри баҳолаш муҳим. Мустақил ҳаракатланиш имкони бўлмаган тақдирда махсус хизматлар (ФВВ, тез тиббий ёрдам) телефонларидан фойдаланинг.

Атрофдагилардан ёрдам сўрашга уялманг!

 

Мавзуга оид