Light | 21:44 / 24.05.2018
35163
4 дақиқада ўқилади

Таомга тиқилиб қолсангизу ёнингизда ҳеч ким бўлмаса, нима қилиш керак?

Бу оддий хатти-ҳаракатлар бир кун келиб сизнинг ҳаётингизни қутқариши мумкин.

Таомга тиқилиб қолишдан ҳеч ким суғурталанмаган. Агар шундай пайт ён-атрофингизда бирор кимса бўлмаса, бу фожиа билан тугаши мумкин. Шу боис инсон бундай пайтларда ўзига ўзи ёрдам кўрсата билиши муҳим.

Асосийси — ваҳима қилмаслик ва нима қилиш кераклигини аниқ билиш.

Юқори нафас йўлларига бегона жисмнинг тиқилиши қисман ёки тўлиқ бўлиши мумкин.

Қисман тиқилиш ҳолатида жабрланувчи қийинчилик билан бўлса-да, нафас олиши, йўталиши ва гапириши мумкин. Тўлиқ тиқилишда эса нафас олишнинг иложи бўлмайди.

Таомга тиқилганда нима қилиш керак?

Энг аввало тинчланишга ҳаракат қилинг. Ваҳима диққатни ўзингизга ёрдам кўрсатишга жамлашга йўл қўймайди ва вазиятни мураккаблаштиргани қолади, холос.

Имкон қадар интенсивроқ йўталишга ҳаракат қилинг: бу табиат томонидан ўйланган асосий ҳимоя механизмидир. Йўтални кучайтириш учун ярим букилиш мумкин. Бундай ҳолатда қорин бўшлиғи мушаклари ёрдам беради.

Асло йўтални бостиришга уринманг, бу вазиятни фақат ёмонлаштиради.

"Агар ёнингизда кўзгу бўлса, ундан фойдаланинг: оғзингизни очинг, тилингизни бармоқларингиз билан пастки жағ томон босиб, уни юқорига ва бироз олдинга тортинг. Бу кўзгуда тиқилган жисмни кўриш имконини беради. Бегона жисмни кўрсангиз, бармоқлар ҳаракати билан уни жойидан силжитишга ва кейин олиб ташлашга ҳаракат қилинг".

Ксения Вождалова, DOC+ мобил клиникаси терапевти

Томоқда тиқилган нарсани икки бармоқ билан ушлашга уринманг. Бундай қилсангиз, уни янада ичкарига итариб, бундан-да оғир аҳволга тушишингиз мумкин.

Нафасингиз сиқаётган бўлса, нима қилиш керак?

Бу ҳолатда инсон ўзига ўзи ёрдам бериши учун 1,5 дақиқа вақтга эга. Шундан кейин аксарият ҳушини йўқотади.

1. Қаттиқ предметдан фойдаланинг

у стулнинг суянчиғи, ваннанинг чети кабилар бўлиши мумкин (ғилдиракли предметларга суянманг). Асосийси — қулаш имкони бўлсин.

"Шундай йиқилингки, қориннинг юқори қисми танланган предметингизнинг қаттиқ жойига тўғри келсин. Оёқларингизни бўш қўйиб, предметга ўзингизни кескин ташланг. Қорин бўшлиғидаги босим диафрагма орқали ўпкага ўтади. Бу усул қутқарувчилар тажрибасида энг амалий натижа берадигани ҳисобланади".

 

Георгий Бударкевич, «ProПомощь» ўқув марказининг биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича инструктори

2. Геймлих усулини қўлланг

Бир қўлингизда мушт тугинг. Уни бош бармоқ томони билан киндикдан 2-3 сантиметр юқорига қўйинг. Муштни бошқа қўлингиз билан ушланг ва ўзингизга юқорига қараб беш марта кучли босимни амалга оширинг.

Куч қўллашнинг ноқулай нуқтаси ва кислород етишмовчилиги натижасидаги эҳтимолий жисмоний заифлик сабаб бу усул унча ишончли ҳисобланмайди. Геймлих усулини ён-атрофдаги бошқа бир киши қўллагани самаралироқ.

3. Полга қулаш

Тиззада ўтириб, қўлларингизни тўғрига чўзинг. Кейин қўлларни тезлик билан ён томонга олиб, кўкрак қафаси билан полга урилинг. Зарба ўпкадаги босимни ошириши ва бегона жисм нафас йўлларидан учиб чиқиши мумкин.

Бу усул кўпроқ назарий ҳисобланади: уриниб кўриш мумкин, лекин ёрдам бериш ё бермаслиги - номаълум.

Таомга тиқилиб қолмаслик учун қандай овқатланиш керак?

  • Кам-камдан тишлаб, узоқроқ чайнанг. Шунда таомга тиқилиш хавфи анча пасаяди;
  • Овқатланаётган вақтда гаплашманг. "Аввал таом, бад аз калом" — жуда фойдали мақол;
  • Ёнингизда доим ичимлик турсин: шарбат, сут, совуқ чой ва ҳ.к.;
  • Энг асосийси - шошилманг. Юрган йўлингизда еб юрманг: бу сизнинг чалғишингизга ва таомга тиқилишингизга олиб келиши мумкин. Шошила бошлаганингизни сезсангиз, чуқур нафас олиб, секинроқ суръатда давом этинг.

Мазали таомни шошилмасдан ейиш - ёқимсиз ҳолатлар олдини олишнинг яхши усули.

Мавзуга оид