Жаҳон | 07:50 / 06.07.2018
21617
2 дақиқада ўқилади

Японияда бир қатор терактлар содир этган “Аум Синрикё” сектаси етакчилари қатл этилди

Фото: Jiji Press/AFP/Getty Images

Японияда 6 июнда “Аум Синрикё” сектасининг 7 етакчисига нисбатан ўлим жазоси ижро этилди. Бу ҳақда NHK телекомпанияси маълум қилди. 

Осиш орқали секта бошлиғи Сёко Асахара (асл исми Тидзуо Мацумото), сектанинг ҳарбий вазири Киёхидэ Хаякава, заҳарловчи газлар ишлаб чиқилишига жавоб берган Томомаса Накагава, шунингдек, Сэйити Эндо, Томомицу Ниими, Масами Цутия ва Ёсихиро Иноуэ қатл этилган.

“Аум Синрикё” (Аум ҳақиқати таълимоти) 1987 йилда Сёко Асахара томонидан ташкил этилган. Турли маълумотларга кўра, секта аъзолари сони 30 мингдан 50 минггача кишини ташкил қилган, улардан 10 минг нафари Россияда бўлган.  

1994 йилда секта аъзолари Нагано префектурасидаги Мацумото шаҳрида зарин заҳарли моддаси сочиши оқибатида 7 киши ҳалок бўлган. 1995 йил мартида сектачилар Токио метросида худди шу усулни қўллаши оқибатида 13 киши ҳалок бўлган, 6,3 минг киши турли даражада заҳарланган. Ўшанда полиция сектанинг 30 га яқин етакчисини қўлга олган. Улардан 13 нафари, жумладан секта бошлиғи Сёко Асахарага нисбатан ўлим жазоси чиқарилган. Бироқ ҳукм шу кунгача ижро этилмай келинаётганди.

Сектачилар қатл этилмай келинаётганининг сабабларидан бири 2012 йилгача сектанинг уч етакчиси яшириниб юришга муваффақ бўлган ва Асахара ҳаётининг сақлаб қолиниши улар ҳибсга олинса тергов учун муҳим аҳамиятга эга бўлиши мумкин бўлган. 2012 йилда қочоқлар ушланиб, судланган. 

Жорий йил баҳорида ўлим жазосига маҳкум қилинганлар Япониянинг турли турмалари бўйича тақсимлана бошланган, бу эса ўлим жазоси ижро этилишига тайёргарликни англатган.

Асахара Токиодаги турмада қолдирилиб, шу ерда қатл этилди. У охирги йиллар ақл заифликдан азият чекиб келган ва ундан аниқ кўрсатмалар олишнинг иложи бўлмаган, у оиласи ва адвокатлари билан учрашишдан бош тортиб келган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид