Ўзбекистон | 16:52 / 06.07.2018
8319
3 дақиқада ўқилади

Таълим, илм ва ишлаб чиқариш тизимдаги интеграцияни ривожлантиришга киришилди

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Хитой Халқ Республикасининг POWERCHINA компанияси ҳамда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ раҳбарлари ҳамда бошқа қатор тегишли соҳа вакиллари иштирокида 2018 йил 5 июль Хитой Халқ Республикаси Эксим банки томонидан молиялаштирилаётган  “Қуйи Бўзсув, Тошкент ва Шаҳрихон ГЭСлар каскадини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида қурилиш ишлари бошланишига бағишланган расмий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбир доирасида Хитой Халқ Республикасининг POWERCHINA компанияси ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ўртасида “Бир макон – бир йўл” чақирувига жавоб берган ҳолда миллатлараро тотувлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш мақсадларига хизмат қилувчи англашув меморандуми имзоланди. 

 Тадбирда сўзга чиққан институт ректори профессор Ўктам Умурзоқов ва POWERCHINA компаниясининг вице-президенти жаноб Сюн Лисинь имзоланган англашув меморандумининг асосий мазмуни тўғрисида маълумот беришди.


Ушбу меморандум асосида Хитой Халқ Республикасининг POWERCHINA компанияси ўзи амалга ошираётган сув хўжалиги объектларида ТИҚХММИ талабаларининг ўқув ва малакавий амалиётларини ташкил этиш, лойиҳаларни маҳаллийлаштириш ва институт битирувчиларини иш билан таъминлашга имкониятлар яратиш, ТИҚХММИнинг иқтидорли талабалари ўқишларини Хитойда давом эттириш ва битирувчилари учун Хитой ҳукуматининг ёки бошқа манбаларнинг стипендияларини таъсис этиш каби мажбуриятларни олса, ТИҚХММИ ўз зиммасига POWERCHINA компанияси учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга ўзининг ўқув-услубий, илмий ва ишлаб чиқариш салоҳиятларини йўналтириш билан бирга олий таълим муассалари ва  корхоналар ўртасида ҳамкорлик учун юқори савияли платформани таъминлаш каби қатор муҳим вазифалар белгиланган. 

Тадбирда "Ўзбекгидроэнерго" акционерлик жамиятини бевосита ташаббусларининг ижобий таъсирида имзоланган мазкур ҳамкорликнинг дастлабки натижалари бугунги кундаёқ кўзга кўрина бошлагани алоҳида таъкидланди. 

Ҳамкорликдаги фаолиятларнинг дастлабки  натижаси ўлароқ, ТИҚХММИнинг 6 нафар битирувчиси Акбарбек Сафаев, Жамшид Эргашев, Бекзод Бурхонов, Ферузбек Каримбоев, Жахонгир Шахтамов ва Умидбек Машарипов Хитой Халқ Республикасидаги энг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири бўлган Хохай университетида магистратурада ўқиш имконини берувчи грант сертификатига эга бўлишди. Тадбир якунида ғолиб талабаларга POWERCHINA компаниясининг вице-президенти жаноб Сюн Лисинь томонидан сертификатлар расман топширилди.

 

Тадбир қатнашчилари бундай ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг нафақат муайян мамлакат, балки ҳамкор мамлакатлар миқёсида ҳам сув хўжалиги мажмуасининг “Илм-таълим-ишлаб чиқариш” тизимидаги интеграцияни ривожланишига ижобий таъсир этишига ишонч билдиришди. 

Мавзуга оид