Спорт | 18:41 / 09.07.2018
8875
10 дақиқада ўқилади

Ҳарри Магуайр ҳақида: Жанговор руҳ ва ирода тимсоли

1989 йилнинг 6 сентябрида Англия терма жамоаси сардори ва етакчиси Терри Бутчер Швецияга қарши жаҳон чемпионати саралаш ўйинида шерикларини майдонга бошлаб тушди. Дастлабки дақиқалардаёқ унинг пешонаси ёрилди. Аммо қонга беланган Бутчер майдонни тарк этишни истамади ва бошига бинт боғланган ҳолда ўйинни давом эттирди. 

Ўйиннинг асосий қисмини «иккинчи қаватда» ўтказган ҳимоячига бинт дош бера олмади. Бутчернинг ўйин тугагандан кейин, ҳаммаёғи қонга буланган, аммо мамнун ҳолдаги расми бутун инглиз матбуотида тарқаб кетди. Айнан шу расм инглиз халқининг, мамлакат футболининг жанговор характери ва иродаси тимсоли сифатида ҳалигача намойиш этиб қилинади, қандайдир энтикиш билан эсланади.   

Кейинги йилларда футбол ҳам, Англия терма жамоаси ҳам анча ўзгарди, табийки. Узоқ вақт Рио Фердинанд – Жон Терри юлдузли жуфтлигида, умуман жуда кўп юқори мақомдаги юлдуз футболчилар тўп сурганига қарамасдан, ҳар хил мураббийлар келиб кетса-да, натижа бўлмади. Россияга эса, бир қатор ёш ва янги футболчилар билан келган Англияга нисбатан қўйингки, фаворит, шунчаки, узоқроққа бориши мумкин бўлган ўртамиёна сифатида ҳам муносабат йўқ эди. 

1/8 финалдан олдин, Англия терма жамоаси рақиби колумбияликлар устози Хосе Пекерман шогирдларини ўйнаш учун эмас, жанг қилиш учун майдонга тушираётганини таъкидлади. Ростан ҳам шундай бўлди, 3 июль куни «Спартак» стадионида кечган ўйин футболдан кўра, жангни эслатарди, турли тўқнашувлар, симуляциялар, айёрона зарбалар – ҳаммасидан бўлди. Жанубий Америка футболи учун бу жуда одатий ҳолат, аммо Ҳарри Кейнни ҳақиқий йўлбошчи сифатида кўраётган Англия таркибида колумбияликларга туриб бера оладиган ҳақиқий жангчи қидирилганда, бошқа бир футболчи кўз онгимизда гавдаланади. 

Ўйинда совуққонлик билан пеналбьтини ижро этган Ҳарри Кейн ҳам эмас, инглизларнинг доимий пенальтилар сериясидаги омадсизлик анъанасига ниҳоят барҳам берган Жордан Пикфорд ҳам эмас... 

Ўша оқшом терма жамоа либосида бошқа қаҳрамон – уч йил олдин Чемпионшипда тўп суриб юрган, Францияда ўтган Европа чемпионатига эса, бир гуруҳ ўртоқлари билан мухлис сифатида ташриф буюрган марказий ҳимоячи порлади. 

Бу ўйин шеффилдлик Ҳарри Магуайр фаолиятида чўққи (кейинги ўйинда Магуайр янада юқорига сакради ва Швеция термажамоаси дарвозасига боши билан гол урди) эди. Ҳозир футболчи 25 ёшда, Премьер Лигада эса, 2015 йилнинг ёзида дебют қилганди. Унгача Ҳарри «Шеффилд Юнайтед» ва «Ҳалл Сити» таркибида Биринчи Лига ва Чемпионшипда курашган, 2017 йилда «Ҳалл» АПЛни тарк этгач, «Лестер» таркибидан жой олди ва ўтган мавсумнинг энг яхши ҳимоячиларидан бирига айланди.  (Эндиликда Жозе Моуриньо уни ўз жамоаси таркибида кўрмоқчи бўлаётгани ҳам кўп таърифлардан юқори баҳо бўлади).

Аслида эса, бир вақтлар бу бола регби эмас, футбол ўйнашига ишониш осон эмасди. 2010 йилларда «Шеффилд»да пайдо бўлган Нил Коллинз хотирлайди: «Мен одатга кўра, клуб академиясидаги футболчиларни кўздан кечирдим ва дарҳол эътиборим Ҳаррига тушди. Айниқса, унинг бу гавдаси билан футболчи бўлишига ишониш қийин эди, у шунчаки жуда катта эди. Аммо машғулотлар бошланиб, унинг тўп билан муомала қилишини кўриб, фикрим ўн дақиқада ўзгарди».

Икки метрга яқин бўйи ва 100 кило атрофидаги вазни билан Ҳарри бошқа инглиз ҳимоячиларида кўп учрайдиган бесунақайликдан йироқ эди. У жуда яхши техника эга ва тўп билан яхши муомала қилади. 

«У ҳақиқатан ҳам яхши ўйнарди» – давом этади Коллинз, - «у гавдасига нисбатан ақл бовар қилмас даражада тўпни назорат қиларди. 2013/14 йилги мавсумида биз Англия кубоги ярим финалигача бордик, ўшанда тез-тез тўп билан ҳужумга қўшилган Ҳарри урилган голларда ҳаммадан кўп қатнашган эди».

Магуайр тўпни қабул қилиши билан олдинга қараб тепиб юборишга ошиқмайди ва ўзига масъулиятни олишдан қочмайди. У тўп билан майдон марказига қараб юришни бошлаши ёки бир пас билан шерикларига ҳужумни давом эттиришга яхши имконият ҳосил қилиши мумкин.

Айнан шу хусусият туфайли майдонга Ҳарри тушмоқда, тажрибали Гари Кейхилл ёки жисмоний тарафдан ундан кам бўлгана Фил Жонс эмас. Крис Смоллинг эса, умуман уйда қолди – шунинг ўзи ҳам Англия терма жамоаси устози жамоанинг ўйин услуби ва менталитетини ўзгартирмоқчи бўлаётганини билдиради. 

Энди Англияда ҳужумни ўз жарима майдонидан ривожлантиришга ҳаракат қилиш урф бўлмоқда ва бу қайсидир маънода Пеп Гвардиоланинг АПЛ футболига таъсири деб баҳоланиляпти. Бундай ўйин учун эса, Ҳарри Магуайр, «Манчестер Сити»га худди шу хусусияти учун таклиф қилинган Жон Стоунз билан биргаликда жуда мос келади. 

Агар рақиб йирик гавдали бўлган Магуайрни секин ҳаракат қилаётгандек кўринишидан фойдаланишни ўйласа, хато қилади – масалан, Колумбиянинг энг тезкор ва дриблингга уста ҳужумчиси Хуан Куардадо у билан рақобатда деярли ҳеч нарса ярата олмади. 

Умуман жаҳон чемпионати олдидан Уокер, Стоунз ва Магуайр учлиги билан ҳимоясини ташкил қилган Саутгейт жамоасидан ярим финал йўлланмасини кутганлар жуда оз эдилар. Лекин Жерард Пике, Серхио Рамос ва Жером Боатенг каби марказий ҳимоя юлдузлари уйда, телевизорда жаҳон чемпионатини томоша қилаётган бир пайтда бизнинг қаҳрамонимиз ҳамон курашнинг авж палласида. 

Юқорида эсган олинган Терри «Қассоб» Бютчернинг Евро-2016 дан кейинги фикрлари («Ҳеч қандай жанговорлик ва агрессия йўқ. Жамоа психологияси жуда ёмон») эндиликда эскиргани кўриниб турибди. Энди Англия терма жамоасида бу жиҳатларнинг ҳаммаси бор ва айнан Ҳарри Магуайр ўша хусусиятларни тимсол этаётгандек кўринади. Ахир ишониш мумкин, балки кимдир Тунисга қарши Англия терма жамоаси таркибида Ҳаррини кўриб «ие бу ким бўлди?» деб хаёлдан ўтказгандир ва бир пайтлар юлдузли бўлган инглизларнинг қандай ҳолга келиб қолгани устидан кулиб ҳам олгандир. 

Қизиғи, бир йилгина олдин худди шу саволни «Лестер» мухлислари ҳам берган бўлишлари табиий. Мавсум давомида 80 гол ўтказиб, Чемпионшипга тушиб кетган жамоанинг ҳимоячиси учун 19 миллион евро бериш улар учун ҳам аҳмоқликдек кўринган, ҳозир эса, «Манчестер Юнайтед» бу ҳимоячи учун бир неча баробар кўпроқ бериши кутилмоқда. 

 

Ундан бир йил олдин эса, у терма жамоа учун оддий бир фанат эди ва дўстлари билан Англияни қўллаб қувватлаш учун Францияга келганди. Балки ўшанда уни кўпчилик танимаган, эътиборга ҳам тушмаган, ҳозир эса, Англиянинг ҳимоясининг қўрғони деб аташмоқда. 

Яна бир қизиқ воқеа. Матбуот анжумани якунланиб бораётганда, орқадан кўпчилик учун таниш юзли, ўткир иякли қўл кўтарди ва савол берди:
- Салом, мен Жейми Варди. Жейми Варди Ньюздан. Айтингчи, бошингизнинг диаметри қанча?

Ҳамма кулиб юборди. Бу Англия терма жамоасида жуда ажойиб ва позитив муҳит ҳукмронлик қилаётганидан далолат. 

Магуайр ўзи ҳақидаги ҳазилларни жуда яхши қабул қилади ва жаҳон чемпионатидаги ҳар бир дақиқадан завқ олмоқда. У ва Варди «Лестер»нинг 1966 йилдаги Гордон Бенксдан кейин, Англия терма жамоаси билан мундиалга ташриф буюрган илк аъзолари бўлдилар. Лекин у жуда камтар ва ўзининг хос бир футболчи экани ҳақидаги гапларга эътибор бермайди.

«Балки у ва Пикфорд таркибимизда турли финалларда ёки Чемпионлар Лигасидаги катта ўйинларда иштирок этмаган ягона футболчилардир ва бу мусобақа улар учун янада муҳим бўлса ажаб эмас» – дейди Гарет Саутгейт Магуайр ҳақида. 

Магуайрнинг турнирдаги ягона хатоси Колумбияга қарши ўйиннинг сўнгги дақиқаларига Йерри Минага юқори қаватдаги курашни бой берди ва бу терма жамоа учун қимматга тушиши мумкин эди. Албатта, ҳимоячи бу вазиятдан муносиб хулоса чиқарган ва Саутгейт ҳимоячига ишонишда давом этди. Бунга ўзига хос миннатдорчилик ҳам узоқ куттирмади. Швецияга қарши чорак финалда стандарт вазиятда Магуайр энди рақиб жарима майдонида, рақибнинг баланд ҳимоячиларидан устун келди ва ҳисобни очди. Бу гол ҳимояда жуда кучли ҳаракатлари билан таассурот қолдирган шведларга қарши ўйинда муваффақият калити бўлганини таъкидлаш керак. 

Беихтиёр айнан шведларга қарши ўйинда қонга беланган Терри Бутчер хаёлимизга келади. Пикфорд, Триппьер ёки Лингард сингари, Ҳарри Магуайрнинг ўйинлари юксак муваффақиятлар учун ҳар доим ҳам катта номлар шарт эмаслигини исботлаётгандек...

johndonne.ru дан олинди.

Мавзуга оид