Спорт | 10:55 / 07.08.2019
15791
7 дақиқада ўқилади

80 миллионлик «айиқполвон». Магуайр «МЮ»га нега керак бўлиб қолди?

Ҳарри Магуайр 80 миллион фунт эвазига «МЮ»га ўтди ва шу тариқа футбол тарихидаги энг қимматбаҳо ҳимоячига айланди. Уни «Юнайтед»га олиб келишни ўз вақтида Моуриньо ҳам хоҳлаганди. Хўш, «МЮ» нега Магуайрни нақ 80 миллион фунт тўлаб бўлса-да сотиб олди? Арзонроққа бошқа ҳимоячи олиши мумкин эмасмиди? Англияда бесўнақайлиги ҳазил қилинадиган Магуайр нега «МЮ»га керак бўлиб қолди?

Қиммат бозорда нарх-наво ҳам қиммат бўлади

Футбол тарихидаги энг қимматбаҳо ҳимоячилар рўйхатига қарасангиз, уларнинг аксари охирги йилларда инглиз грандлари харид қилган футболчилар. Англияда оддий футболчилар учун ҳам 30-40 миллион фунтни аямай сарфлашаётган бир вақтда АПЛда қимматбаҳо футболчиларнинг кўп бўлиши табиий. Чунки АПЛ бугун энг қиммат футбол бозори ва турган гапки бу ерда нарх ҳам юқори бўлади.

Масалан, Магуайр ишончли ўйин кўрсатишда Бонуччи, Рамос ёки Пикега яқинлаша олмаслиги ҳам мумкин, аммо у учун Англияда бир вақтлар Роналдунинг трансфер қийматига тенг бўлган суммани ҳам тўлайверишади. Чунки инглиз клубларида пул жуда-жуда кўп. Пул кўп бўлганидан кейин бошқалар учун жуда қиммат кўринган нарса улар учун оддий ҳол бўлиб туюлаверади. Масалан, бизда бензин нархи «атиги» 57 цент ва бу одамларга қимматлик қилмоқда. Айтишларича, БААда бензин 62 цент ва бу нарх улар учун «сариқ чақа». Чунки бизда ярим доллар топиш БААдагига қараганда қийин.

Мана шу мантиқдан келиб чиқсак, «МЮ» айни дамда Англиянинг энг зўр ҳимоячиси учун 80 миллион фунт тўлаганини нормал қабул қилиш мумкин. «МЮ»га айнан Магуайр тоифасидаги ҳимоячи жуда керак эди. Катта клублар ўзининг нозик нуқтасини ёпиш учун катта пулларни аямай сарфлашади ва улар шунинг учун ҳам катта клуб.

«Катта калла», «айиқполвон», бесўнақай...

Магуайрнинг лақаби кўп ва уларнинг барчаси бесўнақайлиги билан боғлиқ. Уни эндиликда собиқ жамоадоши Жейми Варди «катта калла» деб атарди. Бир куни Вардидан бу ҳақда сўрашганида: «Ахир унинг боши чиндан ҳам катта, қаранг», деганди. Варди ўзи «Лестер»да ҳаммага лақаб қўйиб чиқадиган футболчи ҳисобланади. Магуайрга айниқса «айиқполвон» деган лақаб лойиқ тушади. «Юнайтед»да бу лақабга мос яна бир футболчи бор. Бу – Фил Жонс, аммо сэр Алекc давридан буён ўйнаб келаётган кам сонли футболчилардан бири бўлган Жонс бу трансфердан сўнг захирада қолиш эҳтимоли юқори.

Биринчи узатманинг самарадорлиги, ишонч ва етакчилик

Магуайрнинг ўз қийматидан қиммат трансфер қилингани ҳақида кўп гапиришмоқда, аммо унинг устун жиҳатлари кўп. Биринчидан, Магуайр ҳужумни бошлашни яхши уддалайди. Унинг биринчи узатмаси яхши. Моуриньо клуб раҳбариятида биринчи паси бўлган ҳимоячи кераклигини айтиб, бекорга уларни безор қилмади, чунки жамоага чиндан ҳам биринчи узатмаси яхши бўлган ҳимоячи керак эди. Смоллинг, Жонс, Линделёф бу хислатлари билан мақтана олишмайди.

Бундан ташқари, Магуайр кўп хато қилмайди. Унинг ишончли ўйини таянч зонаси вакилларига бемалол ўйнаш имконини беради. Футболда ўйиннинг пойдевори айнан ҳимоя ҳисобланади ва пойдевор мустаҳкамлиги олдинги чизиқ вакилларига хотиржамлик беради. Масалан, «Ливерпуль» ўтган мавсумларда ван Дейк ҳамда Алиссон учун катта пул сарфлаб, энг нозик нуқтасини тўлдира олганди. Эвазига эса Клопп жамоси Чемпионлар Лигасини ютди. Айниқса Виржийл ван Дейкнинг трансфери жуда муҳим бўлди. Магуайр ҳам «Юнайтед» учун мана шундай бурилиш нуқтасига айланган футболчи бўлишига умид қиламиз, чунки Англиянинг энг совриндор жамоаси Европа грандлари қаторидан керагидан ортиқ вақт чиқиб бўлди...

Магуайрнинг яна бир хислати етакчилик. У майдонда футбол тили билан айтганда «кўп гапирадиган» футболчилардан ҳисобланади. Бундай футболчилар ҳимоядаги балансни ушлаш учун жуда муҳим. «МЮ»да доим топ даражадаги ҳимоячилар бўлган. Фердинанд, Видич каби «бокс ту бокс» ҳимоячилар охирги йилларда етишмаётганди ва Магуайр айнан шундай футболчи. Ҳа, сиз учун ҳар қанча ғалати туюлмасин, 2016 йилги Европа чемпионатида дўстлари билан Англия миллий жамоасига мухлислик қилган Магуайр бугун Европанинг топ-ҳимоячиларидан. Агар Магуайр «МЮ» учун жамоанинг ван Дейкига айлана олса, бу бутун жамоа ўйинига ижобий таъсир қилади.

Магуайрда бошқа жамоалардан ҳам таклифлар бор эди. Масалан, «Манчестер Сити» ҳам унга жиддий қизиқаётганди, аммо Ҳарри Манчестернинг «қишлоқдаги жамоаси»ни танлади. Гарчи жамоа Чемпионлар Лигасида қатнашмаса ҳам.

Сэр Алекснинг 8 йил олдинги қўнғироғи

Магуайр бундан 8 йил аввал кимсан сэр Алекснинг эътиборига тушган. Ўшанда Англиянинг ёшлар ўртасидаги энг машҳур лигаси финалида «МЮ» ҳамда «Шеффилд» ўйнаган. Биринчи ўйинда 2:2 ҳисоби қайд этилгач, «Олд Траффорд»даги жавоб баҳсида «МЮ» 4:1 ҳисобида ғалаба қозонади. Ўша ўйинда Магуайр 57-дақиқада мия чайқалиши сабаб майдонни тарк этади.

Жароҳати сабаб тунни Манчестерда ўтказган Магуайрга ўйинни стадионда кўрган сэр Алекс Фергюсон телефон қилади ва ҳол-аҳвол сўрайди. Сэр Магуайрга ўз устида ишласа, топ-даражада ўйнай олишини айтади. Шундай бўлди ҳам. Ҳарри бугун сэр Алекснинг тавсияси билан дунёнинг энг топ-клубларидан бирида ўйнамоқда.

Магуайр ўз меҳнати эвазига порлаган футболчи. Агар у «Лестер»нинг чемпионлик мавсумида кўзга ташланганида, балки бугунги каби қимматга трансфер қилинмасди. У «Тулкилар»нинг чемпионликдан кейинги мавсумида «Ҳалл Сити»дан олиб келинди ва чемпионлик мавсумидаги Морган ва Ҳутни захирада қолдирди. Дарвоқе, уни айнан «МЮ»га урган голидан сўнг кўпчилик эслаб қолганди. Чемпионат доирасидаги ўйинда «Лестер» 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган, ўйиннинг 90+5-дақиқасида Магуайр гол урганди. Энди навбат «МЮ»га эмас, унинг рақибларига гол уришда. Нима деб ўйлайсиз, Магуайр «МЮ»нинг чинакам таянчига айлана оладими?

Ўткир Жалолхонов

Мавзуга оид