Фан-техника | 22:26 / 11.07.2018
11975
2 дақиқада ўқилади

Интернетда Samsung Galaxy Note 9 суратлари пайдо бўлди

Интернетда ҳозирча расман намойиш этилмаган Samsung Galaxy Note 9 смартфонининг суратлари пайдо бўлди. Суратларни AndroidHeadlines ресурси намойиш этди ва бу “расмий” рендер эканлигини, смартфон худди шу кўринишда бўлишини таъкидлади.

Фото: AndroidHeadlines

Рендер смартфонни фақат олд томонидан кўрсатган. Кутилганидек, у ўтган йилги Note 8 моделига жудаям ўхшаб кетади. Улар орасидаги асосий ташқи фарқ бармоқ излари сканерининг жойлашуви бўлади – сканер асосий қўшалоқ камера остида жойлашади.

Аввалроқ тарқалиб кетган маълумотларга кўра, Crown кодли номи остидаги Galaxy Note 9 смартфони Galaxy S9 ва Galaxy S9+ смартфонларидаги каби Infinity Display 2.0 дисплейига эга бўлади. Унда 6,3 дюймли дисплей, S-AMOLED технологияси ва 18,5:9 томонлар мутаносиблиги сақланиб қолади. Диагонали 6,4 дюймгача ўзгариши мумкин.

Ҳудуддан келиб чиққан ҳолда Exynos 9810 ва Qualcomm Snapdragon 845 процессорлари аппарат асосини ташкил этади. Galaxy Note 9 6 ГБ оператив ва 64 ГБ, 128 ёки 256 ГБ доимий хотира билан чиқади. Қўшимча 8 ГБ оператив ва 512 ГБ доимий хотирали смартфонлар чиқиши мумкинлиги ҳақида ҳам тахминлар бор. Аккумулятор 3850 ёки 4000 мАс ҳажмга эга бўлади. 

Samsung Galaxy Note 9 учун стилус S Pen тарихидаги энг катта кашфиёт бўлади. Уни Bluetooth-контроллёр сифатида ишлатиш мумкин. Хусусан, таймер ва мусиқани бошқариш мумкин бўлади.

Samsung Galaxy Note 9 смартфонининг расмий дебюти 9 август куни Нью-Йоркда бўлиб ўтади.

Мавзуга оид