Жаҳон | 14:36 / 14.07.2018
66255
2 дақиқада ўқилади

Туркия элчиси: Ўзбекистон «ФEТО лицейлари»нинг асл мақсадини ўз вақтида сезган

Фото: Kun.uz

Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Башар Шен «ФEТО лицейлар»нинг асл мақсади ва хавфини Ўзбекистон анча илгари аниқлаганини билдирди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири элчининг сўзларига таяниб хабар бермоқда.

13 июль куни Туркиянинг Тошкентдаги элчихонасида 2016 йил 15 июлда содир этилган давлат тўнтариши етакчиси Фатҳуллоҳ Гуленнинг 40 йил мобайнида Турк давлатини қўлга киритиш учун тузган режалари тўғрисида маълумот берилди.

«​Фатҳуллоҳчи террор ташкилоти ўзини бир пайтда таълим улашувчи бўғин сифатида яхши кўрсатиб, дунёнинг 150-160 давлатларига жойлашиб олаётган бир даврда, Ўзбекистонда узоқни кўра оладиган раҳбарлар унинг асл ниятини ўша ондаёқ сеза олишди. Унинг илдизини бутунлай қўпориб ташлашди. Биз буни миннатдорчилик билан айтишимиз лозим»​, – деб таъкидлади Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси.

Элчининг таъкидлашича, ФEТО нафақат Туркиянинг, балки бошқа давлатларнинг ҳам тизимига жойлашиб олиб, давлатни қайта тузишни мақсад қилиб қўйган, махфийлик ва товламачилик устига қурилган янги авлод террорчи ташкилотидир. Туркияда асосий молиявий манбаси таълим марказлари, дарсхоналарининг ёпилиши ташкилотга катта зарба бўлди.

Маълум бўлишича, Фатҳуллоҳ Гулен 1970 йилдан хусусий мактаблар очиб, ёшларни онгига таъсир ўтказишга ҳаракат қилган. Ўқувчиларининг аксарияти келгусида Қуролли кучлар, Адлия, Суд, Полиция каби давлатнинг муҳим идораларида иш билан таъминланган. Кейинчалик, Туркиядаги 15 июль воқеалари ҳам айнан шундай ҳарбийлар томонидан амалга оширилган.

Элчининг фикрига кўра, бугунги кунга қадар ўн минглаб давлат мулозимлари юқорида келтирилган сабаб ишдан олинган. Суд жараёнлари тўданинг ўта махфийлиги боис мураккаб давом этмоқда. Эслатиб ўтамиз, 15 июль Туркия Республикаси ва турк халқининг тарихида демократия ғалабаси сифатида ўз ўрнини эгаллаган.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид