Спорт | 09:20 / 17.07.2018
42787
3 дақиқада ўқилади

Энг катта ҳақ олувчи машҳурлар рейтинги эълон қилинди 

Фото: Getty Images

Америкалик боксчи Флойд Мэйуэзер Forbes нашри талқини бўйича энг катта ҳақ олувчи машҳурлар рейтингида 1-ўринни эгаллади. Рўйхат нашрнинг расмий сайтида эълон қилинган.

41 ёшли Мэйуэзер 2017 йил ичида 285 млн доллар ишлаб топди. У бу қийматдан 10 млн долларини реклама шартномаларидан, 275 млн долларини эса ирландиялик жангчи Конор Макгрегор билан жангдан олган. Макгрегорнинг ўзи эса рейтингда 12-ўринни эгаллаган. У ўтган йил давомида 99 млн доллар (85 млн доллар Мэйуэзер билан жангдан, 14 млн доллар рекламадан) ишлаб топган.

Рейтингнинг юқори ўнталигига спортчилардан яна аргентиналик футболчи Лионель Месси кирди. Унинг даромади 111 млн долларни ташкил қилган (84 млн доллар шартнома ва бонуслардан, 27 млн доллар рекламадан). Ўнталикни португалиялик футболчи Криштиану Роналду 108 млн долларлик даромад (61 млн доллар шартнома ва бонуслардан, 47 млн доллар рекламадан) билан якунлаган. Футболчилардан рўйхатга Неймар ҳам кирган (13-ўрин), у бир йил давомида 90 млн доллар (73 млн доллар шартнома ва бонуслардан, 17 млн доллар рекламадан) ишлаб топган.

Юзталикка ҳаммаси бўлиб 24 спортчи кирган, улар орасида Миллий баскетбол уюшмаси вакиллари кўпчиликни (6 ўйинчи) ташкил қилган. Энг катта ҳақ олувчи баскетболчи Леброн Жеймс бўлган (85,8 млн доллар). Шунингдек, рейтингга Миллий футбол лигасининг (американча футбол) 4 вакили киритилган.

Рейтингга 3 нафардан теннисчи ва гольфчи ҳам киритилган. Энг катта ҳақ олувчи теннисчи Рожер Федерер бўлган (77,2 млн доллар, 24-ўрин). Ундан ташқари, рейтингга испаниялик теннисчи Рафаэль Надаль (41,4 млн доллар, 82-ўрин) ва серб Новак Жокович (37,6 млн доллар, 95-ўрин) ҳам кирган.

Шунингдек, рейтингга “Формула-1” пойгаларида иштирок этувчи икки пойгачи –британиялик Льюис Хэмилтон (51 млн доллар, 53-ўрин) ва немис Себастьян Феттель (42,3 млн доллар, 78-ўрин) кирган.

Рейтингдан бирорта хоккейчи ва аёл спортчи жой олмаган.

Рейтингнинг 2-ўринини америкалик актёр Жорж Клуни эгаллаган. У ўтган йил давомида 239 млн доллар даромад олган. Шунингдек, етакчи ўнталикдан модель Кайли Жиннер (3-ўрин, 166,5 млн доллар), америкалик адвокат, судья, телебошловчи ва ёзувчи Жудит Шейндлин (4-ўрин, 147 млн доллар), актёр Дуэйн Жонсон (5-ўрин, 124 млн доллар), U2 рок гуруҳи иштирокчилари (6-ўрин, 118 млн доллар), Coldplay гуруҳи аъзолари (7-ўрин, 115,5 млн доллар), британиялик поп-мусиқачи ва актёр Эд Ширан (9-ўрин, 110 млн доллар) ҳам ўрин олган. 

Таъкидланишича, рўйхатга кирган барча машҳурларнинг даромади 6,3 трлн долларни ташкил қилган.

Мавзуга оид