Спорт | 11:20 / 25.07.2018
14784
5 дақиқада ўқилади

Можароли трансфер. «Рома» судлашмоқчи

«Рома» спорт директори Рамон Родригес Мончи «Бордо»дан Малкомнинг трансфери қандай барбод бўлгани ҳақида гапириб берди. Бир неча кун олдин римликлар «Бордо» футболчисини 36 миллион евро эвазига трансфер қилаётганини эълон қилганди. Аммо 24 июль куни ушбу бразилиялик футболчи «Барселона»га 41 миллион евро эвазига ўтиши маълум бўлди. Каталонияликлар «Челси» Виллиан учун жуда юқори нарх сўрагани (70 миллион евро) учун Малком вариантига юзланганди. Футболчи билан 5 йиллик шартнома имзоланади, унинг бадал пули миқдори 400 миллион евро этиб белгилаб қўйилади.

Фото: «Барселона»

«Рома» раҳбарияти вакилининг сўзларига кўра, клуб келишувга амал қилинмагани учун «Бордо» билан судлашиш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Фото: Мончи ва Тотти / Squawka 

«Бизни Малком номзоди тўла қаноатлантирарди, бизнинг клуб у таркибни кучайтира олишига ишонч билдирганди. Биз «Бордо» раҳбарияти вакиллари ҳамда футболчининг агенти билан бир ҳафта муқаддам музокараларни бошлагандик. Ўтган куни кечқурун биз барча масалалар бўйича келишувга эришгандик. 

Биз клуб футболчига тиббий кўрикдан ўтиш учун Римга келишга рухсат беришига ҳам келишгандик. Ўшанда биз барчаси назорат остида эканини ҳис қилиб, бутунлай хотиржам эдик.

Кўп ўтмай «Бордо» президенти менга қўнғироқ қилди ва футболчи атрофида кўп миш-мишлар юргани, шунинг учун расмий эълон бериш маъқуллиги ҳақида айтди. Мен эса бу мавжуд тартибларга тўғри келмаслигини айтиб жавоб қайтардим, аммо у гапида туриб олди. Якунда улар баёнот берди, кейин биз ҳам.

Бу эълон берилганидан бир соат вақт ўтиб «Барселона» ҳам футболчига қизиқаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳа, мен Малкомга бошқа бир неча клуб, жумладан «Барселона» ҳам даъвогар эканидан бир неча кун олдин хабардор эдим. Шу туфайли мен трансферни имкон қадар тезроқ расмийлаштиришни истаётгандим. Мен футболчининг агентларидан бири менга қўнғироқ қилиб, «Бордо» тиббий кўрик учун рухсатномасини қайтариб олганини айтганида жуда қаттиқ ҳайрон бўлдим. Мен Франция билан боғландим — менга айтишдики, «Барселона» бизникидан яхшироқ таклиф жўнатган экан.

«Бордо» раҳбарияти футболчидан қуруқ қолмаслик учун таклифни яхшилаш зарурлигини айтишди. Мен аллақачон келишув тузилганини айтиб, унга эътироз билдирдим, аммо ҳеч қандай қоғозга қўл қўйилмаганини рўкач қилди. Мен унинг сўзларини президентимизга етказдим, у эса «Барселона»дан кўпроқ таклиф қилишимиз кераклигини айтди. Мен бунга қарши бўлдим, аммо у ўз гапини ўтказди.

Мен «Бордо» раҳбариятига ва футболчининг агентига «Рома» «Барселона»дан кўпроқ тўлашга тайёрлигини билдирдим. Уларнинг раҳбари расмий қоғозларни жўнатишни сўради. Соат 23.00да биз барча қоғозларни тайёр қилдик. Агентлар ва «Бордо» президенти менга агар барча жиҳатлар бўйича келишувга эришилса, сешанба куни биз ҳужжатларни алмашишимиз ва футболчига тиббий кўрик учун рухсат берилишини айтишди. Мен сешанба куни эрталаб Малкомнинг агенти Фернандо Гарсия билан гаплашдим, биз шу куни тушда «Бордо» президенти билан учрашиб, барчасини тасдиқлаб олишимиз керак эди.

Аммо Гарсия билан хайрлашганимдан кейин бошқа агентлар ва «Бордо» раҳбарияти янада кўпроқ талаб қила бошлашди, чунки «Барселона» ҳам ортга чекинмаган ва янги таклиф йўллаган. Шунда мен уларга «бас» дедим, чунки биз аукционда қатнашмоқчи эмасдик. Ахир биз кечагина ўз таклифимизни яхшилагандик. Барчаси шундай ниҳоя топди. Биз клуб ичида маслаҳатлашув ўтказдик, судга мурожаат қилиш вариантларини кўриб чиқдик. Тўғри, ҳеч қаерга имзо қўйилмаган, аммо агентлар билан ва уларнинг президенти билан кўплаб ёзишмалар бор.

Мен мухлисларга нима дейман? Рўй берган ишдан жуда афсусдаман, биз «Бордо» билан тўла келишувга эришиб бўлгандик, таклифимизни янада яхшилагандик ҳам. Президент Паллотта барча ишни қилди, аммо аукцион бошланиб кетгач, биз тўхтатдик. Агар кимдир «Рома»га ўтишни истаса, бу жуда яхши, аммо алалхусус у клубга ўтишни истамаётган бўлса, ундай футболчи бизга керакмас. Мухлисларни «Рома»га ўтишни ўзи истайдиган, ҳеч бир жиҳатдан Малкомдан қолишмайдиган, аксинча ундан устунроқ бўлган бошқа футболчи олиб келишимизга ишонтираман», – дея Мончининг сўзларини келтирган клуб расмий сайти.

Мавзуга оид