Жамият | 14:38 / 26.07.2018
35641
4 дақиқада ўқилади

Пахта ўрнига маккажўхори, шоли ва беда эккан фермернинг ери олиб қўйилди

Иллюстратив фото/ Sputnik

“А” фермер хўжалигига (номи ўзгартирилган) 49 йил муддатга жами, 41.5 га, шундан 36.3 га экин ери, 3.2 га ариқ ва зовурлар, 1.3 га йўллар, 0.7 га қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер майдонлари ер ижара шартномаси асосида туман ҳокимлиги томонидан ажратиб берилган. 

Шартномага асосан, фермер хўжалиги томонидан ердан мақсадли фойдаланиш, ишлаб чиқаришнинг табиатни муҳофаза қилувчи технологияларини қўллаш, давлат эҳтиёжлари учун давлатга маҳсулот сотиш режаларини бажариш ва бошқа мажбуриятларни ўз зиммасига олган. 

Бироқ туман статистика бўлимининг маълумотига асосан, фермер хўжалиги 3 йил мобайнида муттасил равишда давлат эҳтиёжлари учун пахта-ғалла сотиш контрактация шартномаларини бажармаган. Бу ҳам етмаганидек, давлат эҳтиёжлари учун пахта сотишга уруғлик чигит экилиши лозим бўлган 5.0 га майдоннинг 2.0 га қисмига маккажўхори, 2 га қисмига шоли ва 1 га қисмига беда экинларини ўзбошимчалик билан экиб олганлиги туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими, туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими ходимлари томонидан аниқланган. Бу ҳақида маълумотнома тузилган, фотосуратларга олинган, туман Фермерлар Кенгашининг хулосаси билан фермер хўжалиги билан тузилган ер ижара шартномасини бекор қилиш лозимлиги кўрсатилган. Халқ депутатлари туман Кенгашининг қарори билан ер ижара шартномасини бекор қилиш маъқулланган, туман ҳокимлигининг ер майдонини ихтиёрий равишда туман захирасига қайтариш ҳақидаги талабномаси фермер хўжалиги томонидан рад этилган. 

Натижада, туман ҳокимлиги Ўзбекистон туманлараро иқтисодий судига даъво ариза билан мурожаат қилиб, фермер хўжалиги билан тузилган ер ижара шартномасини бекор қилишни сўраган. 

Ўзбекистон туманлараро иқтисодий суди томонидан мазкур даъво ариза тегишли мутахассислар иштирокида, очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди. 

Суд мажлисида барча иштирокчиларнинг фикр ва мулоҳазалари тингланди, улар келтирган далилар ҳамда важларга атрофлича баҳо беришди, суднинг ҳал қилув қарори билан туман ҳокимлигининг даъво аризаси қаноатлантирилди. 

Фермер хўжалиги Ўзбекистон туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қароридан норози бўлиб, кассация шикояти билан Фарғона вилоят иқтисодий судига мурожаат қилди, бироқ Фарғона вилоят иқтисодий суди кассация инстанцияси қарори билан фермер хўжалигининг кассация шикоятини қаноатлантиришни рад этди, Ўзбекистон туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори ўз кучида колдирилди.

Шунингдек, суд жараёнида айрим давлат идоралари мансабдор шахслари ўз хизмат вазифаларига совуққонлик билан қараганликлари маълум бўлиб қолди. Жумладан, туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими ҳамда туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими томонидан фермер хўжалиги ер майдонларида пахта экилиши лозим бўлган 5 га ер майдонида ноқонуний экин экилганлиги аниқланган бўлса-да, туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими томонидан фермер хўжалиги мансабдор шахсларига белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирмаган, аниқланган ҳуқуқбузарликка Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 65-моддаси 1-қисмига асосан чора кўрилмаган.

Ваҳоланки, ер майдонларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Қайд этилганга кўра, туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун Ўзбекистон туманлараро иқтисодий суди томонидан хусусий ажрим чиқарилди ва Фарғона вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасига юборилди. Суднинг хусусий ажримига кўра, фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғига нисбатан “ҳайфсан” интизомий жазоси берилди. 

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкин-ки, умуммиллий бойлигимиз бўлган ердан самарасиз фойдаланишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, нафақат қишлоқ хўжалиги ходимлари, балки ҳар бир давлат хизматчиси ҳам бунга бефарқ бўлмаслиги лозим.

Мавзуга оид