Жамият | 22:00 / 28.07.2018
22146
2 дақиқада ўқилади

Самарқанддаги “Саховат” уйи аянчли аҳволда эканлиги маълум бўлди

Самарқанд шаҳридаги “Саховат” интернат уйида 131 нафар кексалар ва ногиронлиги бўлган кишилар яшаб келмоқда. Самарқанд вилоят ҳокими муассаса фаолияти билан танишар экан, бу ерда олиб борилаётган ишлар мутлақо қониқарсиз эканлигини айтди.

Ободонлаштириш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган, атроф қаровсиз. Лифт ишламайди, ётоқхоналар димиққан, ювиниш хоналари тозалик талабларига жавоб бермайди, ҳожатхонадаги антисанитария ҳолатини таърифлашга тил ожиз. Муолажа хонасида музлатгич йўқлиги сабабли дорилар қоидага зид равишда сақланмоқда.

Муассаса бош ҳамшираси Дилфуза Авулованинг айтишича, маблағ кам бўлганлиги сабабли шароитлар яратилмаган. У раҳбариятга бу ҳолат ҳақида айтилгани ва талабномалар берилганини айтди.

Муассаса директори Толиб Саидовнинг фикрича, бу ердаги камчиликларга айрим ходимларнинг эътиборсизлиги сабаб бўлган.

Муассаса фаолиятини текшириш жараёнида бу ерда катта миқдорда молиявий камомадлар борлиги аниқланди. Муассаса директори Толиб Саидов эгаллаб турган лавозимидан бўшатилди.

Вилоят ҳокими мавжуд муаммоларни зудлик билан бартараф этиш юзасидан мутасадди шахсларга топшириқ берди.

Мавзуга оид