Ўзбекистон | 15:16 / 28.07.2018
25932
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги яна бир ОТМда кредит тизими жорий қилинди

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ва Голландиянинг Вагенинген Университети ҳамкорликда Атроф муҳит муҳофазаси (халқаро ер ва сув ресурсларини бошқариш) мутахассисликлари бўйича республикада ягона қўшма диплом (double degree) бериш дастурини амалга ошириб келинмоқда. Бугунги кунга қадар мазкур дастур доирасида 44 нафар магистрантлар таълим олган бўлса, улардан 24 нафари икки томонлама (Вагенинген Университети ва ТИҚХММИ) дипломларини олишга мувофиқ бўлишган. 2018 йилда ТИҚХММИнинг 2 нафар битирувчиси магистратурага ва 4 нафар магистратура битирувчилари Голландиянинг Вагенинген Университетига РhD докторантурага қабул қилинди.

Фото: ТИҚХММИ

2018/2019 ўқув йилида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти АҚШнинг Мичиган Штати Университети ва Словакиянинг Нитра қишлоқ хўжалиги университетлари билан ҳамкорликда икки томонлама диплом бериш магистратура мутахассислиги таълим дастури йўлга қуйилди.

Фото: ТИҚХММИ

Шу муносабат билан, 2018-2019 ўқув йилидан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг магистратура мутахассисликлари ўқув жараёнига кредит тизими жорий қилинди.

Кредит тизимини ўқув жараёнига жорий қилишдан асосий мақсад магистрантларни хорижий университетларда ўқишини давом эттириш ва академик мобил алмашув имкониятларини ошириш ҳамда юқори даражада мустақил таълим олишга эришиш, магистрантнинг илмий-тадқиқот ва илмий-педагогик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва институт томонидан берилган "магистр" академик даражасининг халқаро таълим муҳити ва халқаро меҳнат бозорида эквивалентлигини таъминлашдан иборат.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг кредит тизими асосида ташкил қилинган барча магистратура мутахассисликларининг ўқув меъёрий ҳужжатлари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан 2018 йил 24 июль куни тасдиқланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент ахборот технологиялари университетида ва унинг филиалларида 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича ўқитишнинг кредит тизими жорий этилгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид