Ўзбекистон | 21:04 / 01.08.2018
35739
2 дақиқада ўқилади

Самарқанд вилоятининг икки туманида ҳоким ўзгарди

Бугун, 1 август куни Самарқанд вилоятининг икки туманида ҳокимлар алмашди. Дастлаб Пастдарғом, сўнгра Тойлоқ туманларига янги ҳоким тасдиқлангани маълум бўлди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматидан хабар қилишларича, бугун халқ депутатлари Пастдарғом тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси Умар Исмоилов ҳамда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов иштирок этган.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Пастдарғом тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган Собир Эргашев ўрнига Баҳодир Садуллаев туман ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланди.

Баҳодир Садуллаев

Баҳодир Сафиюлаевич Садуллаев 2017 йилнинг 19 августидан буён Тойлоқ тумани ҳокими вазифасида ишлаб келаётган эди.

Шундан сўнг У.Исмоилов ҳамда Э.Турдимовлар халқ депутатлари Тойлоқ тумани кенгашининг ҳам навбатдаги ташқари сессиясида иштирок этишган.

Сессияда Баходир Сафиюллаевич Саъдуллаев Паст Дарғом тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинлангани муносабати билан Тойлоқ тумани ҳокими вазифасидан озод этилди.

2014 йил сентябрь ойидан буён «Агробанк» Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келган Баходир Қодирович Бобоназаров Тойлоқ тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Бобоназаров Баходир Қодирович

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси раҳбарлари жиддий огоҳлантирилгани ҳақида хабар қилинганди.

Мавзуга оид