Жаҳон | 00:16 / 05.08.2018
18590
1 дақиқада ўқилади

Стивен Сигал Россия ташқи ишлар вазирлигида лавозимга эга бўлди

Фото: РИА Новости / Рамиль Ситдиков

Таниқли актёр Стивен Сигал Россия-Америка гуманитар алоқалари бўйича Россия ТИВнинг махсус вакили этиб тайинланди, дейилади ташқи ишлар вазирлигининг  Facebook’даги саҳифасида.

Маълум қилинишича, Сигалнинг асосий вазифаси Россия ва АҚШнинг гуманитар йўналишдаги муносабатларини янада ривожлантириш бўлади.

ТИВ шунингдек, Сигал маош тўланмайдиган "ижтимоий-сиёсий лавозим"ни эгаллашини таъкидлаган.
"Менда Россия-Америка муносабатларини яхшилашга ёрдам бериш учун ҳамиша кучли хоҳиш бўлган", — деган Сигала RT телеканалига интервьюсида.

Актёрнинг айтишича, у икки мамлакат муносабатларини яхшилаш билан узоқ вақтдан буён норасмий равишда шуғулланиб келган.

"Бу ишни расман амалга ошириш имконияти берилганидан миннатдорман", — дея таъкидлаган у.
Сигал 2016 йилда Россия фуқаролигини олган. У шунингдек, АҚШ ва Сербия фуқароси ҳам ҳисобланади.

Мавзуга оид