Жамият | 21:00 / 13.08.2018
214292
6 дақиқада ўқилади

Тунги клубдаги қонли тун. Ҳайвон ҳам ерда ётган одамни тишламайди

Ўзбекистон сўнгги пайтлар худди жанг майдонига ўхшаб қолгандек. Деярли ҳар куни кимнидир пичоқлашмоқда, кимдир тан жароҳати олиб вафот этяпти, яна кимдир ногирон бўлиб қоляпти. Содир бўлаётган ва аксариятида ҳайдовчиларнинг айби бўлган йўл-транспорт ҳодисалари ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Бироқ, Мурод Хонтўраев ва Жамшид Кенжаев билан боғлиқ воқеалар ҳозир ҳамманинг тилида. Уларнинг профессионал спортчи экани, бири жаҳон чемпиони-ю, иккинчиси Ўзбекистон чемпиони бўлгани ҳам бу гап-сўзларни янада авж олдирмоқда. Мурод Хонтўраев билан боғлиқ иш ҳали давом этяпти, у қамоққа олинган, тергов органлари воқеага ойдинлик киритиш устида ишлашмоқда.

Мурод Хонтўраев
Фото: YouTube

Жамшид Кенжаев эса вафот этди... Кенжаев билан боғлиқ воқеа юзасидан ижтимоий тармоқлардаги фойдаланувчиларнинг изоҳларига эътибор берсангиз, аксарияти қўриқчиларнинг хатти-ҳаракатидан даҳшатга тушганини билдирмоқда. Ўша машъум тунги клубнинг қўриқчилари профессионалларга хос иш тутишмагани бор гап. Кенжаев пичоқ билан ташланса, бу уни ўласи қилиб калтаклаб, устига-устак тўхтовсиз пичоқ билан зарба бериш керак дегани эмас. Ҳар бир воқеага сабаб бўлади. Буни эса, фақат ўша тунда унинг ёнида бўлган гувоҳлар билиши мумкин. Қўриқчилар қамоққа олинди, улар тегишли жазо олиши тайин. Аммо, тунги клубнинг раҳбарлари, эгаларичи? Қўриқчиларга асл вазифаси нима эканини тушунтирмаган маъмуриятчи?

Нега бу қадар ёвузлашиб, шафқатсиз бўлиб кетяпмиз?

Бир нарса ҳайрон қолдиради. Ерда деярли ҳушсиз ётган, ўзини ҳимоя қила олмайдиган даражага келтириб қўйилган Кенжаевни бошига оёқ билан тепган, бейсбол битаси билан тинмай зарбалар берган шахсларни ҳам оиласи, ота-онаси, ака-укалари, опа-сингиллари бормикан? Ёки улар бўрилар орасида катта бўлганмикан? Ахир, ерда қимирламай ётган одамни ҳайвон ҳам пайти келса тишламайди. Одамлар ҳайвонлардан ҳам баттар бўлиб кетдими?!

Масаланинг ҳуқуқий жиҳати билан тегишли органлар, ваколатли шахслар шуғулланади. Улар бу ҳолатда қасддан одам ўлдириш бўлганми, ёки ўзини-ўзи ҳимоя қилиш чегарасидан чиқилганми, умид қиламизки, барчасига тўғри баҳо берадилар.

Нима бўлганда ҳам бир инсон оламдан кўз юмди. Ўз-ўзидан, арзимаган сабаб билан вафот этди. Ваҳоланки, ўша 5-6 нафар барзанги унинг қўлидан пичоқни тортиб олиб, дарҳол ички ишлар органларига хабар бериши ҳам мумкин эди. Аслида шундай қилиши шарт эди! Лекин улар ҳамкасбига жароҳат етказган одамни ўлдиришга аҳд қилишди. Майли, балки Кенжаевнинг ўзидан айб ўтгандир, балки сабаб бошқа нарсадир. Бироқ, инсон эканини унутиш керак эмас. Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган нарса ҳам ақл-идрок саналади. Ақл бўлмай, қуруқ мушаклар бўлса, оқибати нима билан тугашини кўрдик барчамиз...

Марҳум Жамшид Кенжаев ҳақида икки оғиз сўз. Унинг иқтидорли спортчи бўлгани, эркин кураш бўйича Ўзбекистон чемпионига айлангани, Осиё чемпионатларида иштирок этганини кўпчилик билади. MMA жангчиси сифатида эса бутун Марказий Осиё ва Россияда танишарди. Балки, у ҳам ўз кучига ортиқча баҳо бериб юбормай, дарров муштлашувга киришиб кетмаганида, спорт режимига амал қилганида... фожианинг олди олинармиди.

Жамшид Кенжаев
Фото: Instagram /Жамшид Кенжаев

Ҳар бир масала-муаммода танганинг икки томони бўлади. Фақат қўриқчиларни айблашдан йироқмиз. Қарс икки қўлдан чиқади, деган гап бор. Бироқ, бир профессионал спортчининг шу тарзда аянчли ўлим топиши ачинарли.

Халқ орасида “буқалар” деган сўз бор. Бу сўз асосан барзанги, гавдаси ҳақида тинмай қайғурадиган, ақлини ривожлантириш ҳақида эса кўп ҳам ўйламайдиганларга нисбатан ишлатилади. Балки, мана шу фожиа ҳам қонунчиликка ўша “буқалар” – қўриқчилар бўйича ҳақиқатдан ҳам ишлайдиган, шунчаки қоғозда қолиб кетмайдиган тегишли ўзгартиришлар киритилишига олиб келар.

Спортчими ёки безори?

Фото: Facebook/ Мурод Хантураев

Шу ўринда, масаланинг яна бир жиҳати. Деярли ҳамма ёшлигида спорт билан шуғулланади. Баъзилар буни кейин ҳам давом эттиради. Авваллари спортнинг якка кураш турлари бўйича секцияга келган болаларга энг биринчи бўлиб бир нарса уқтириларди: “спорт билан фақат ўзинг учун, руҳий ҳолатингни ривожлантириш мақсадида шуғулланасан, кучингни кўчадаги одамларга ҳеч қачон кўрсатма, агар кўчада уришиш, муштлашиш учун спорт билан шуғулланмоқчи бўлсанг, яхшиси ҳозирданоқ кета қол, сенга жавоб”, дейишарди.

Профессионал даражада спорт билан шуғулланган шахс шунга яраша масъулиятни ҳам ҳис этиши керак. Боз устига, у жаҳон чемпиони (Мурод Хонтўраев) бўлса ҳамманинг кўз ўнгида экани, хато қилишга заррача ҳам ҳақи йўқлигини билиши лозим. Пичоқбозлик билан шуғулланиш, безорилик қилиб юриш жаҳон чемпионига ярашмаслигини тушуниши даркор. Агар тушунмайдиган бўлса, ҳақиқий спортда бундайларга жой бўлмаслиги лозим.

P.S. Ушбу ҳолатлар бўйича қатор номдор спортчиларнинг баёнот билан чиқишини хоҳлардик. Уларнинг бу ҳодисалар, айниқса, Жамшид Кенжаев фожиаси бўйича позицияси ҳозир барчага муҳим. Балки, профессионал спортчилар масаланинг моҳиятини очиб беришга бироз бўлса-да ёрдам бериб юборар.  

Отабек Назаров

Мавзуга оид