Ўзбекистон | 09:01 / 15.08.2018
293873
2 дақиқада ўқилади

2018/2019 ўқув йили учун супер-контракт нархлари тасдиқланди

Давлат қабул комиссиясининг 5-сон баёни асосида жами 276 та йўналиш бўйича оширилган тўлов-контракт миқдорлари тасдиқланди, деб хабар бермоқда Хушнудбек Худайбердиев.

Унга кўра, энг арзон супер-контракт миқдори 82 млн 935 минг сўм бўлиб, 141та йўналишда (51,1%) абитуриентлар айни шу миқдордаги супер-контрактни тўлаб талабага айланишлари мумкин.

Энг қиммат супер-контракт эса ўтган йилдагидек ҳуқуқ соҳаси учун белгиланди – 25 баробар. Бунга кўра, юрист бўламан деган, лекин етарли балл тўплай олмаган абитуриентлар биринчи йил учун 276 млн 450 минг сўм тўлаб, талаба бўлишлари мумкин.

Шу каби супер-контракт учун 276та йўналишга жами 11 хил миқдордаги нархлар белгиланди.

Эслатма: тўплаган баллари тўлов-контракт доирасидаги қабул квоталари чегарасига 4 баллдан ортиқ балл етмаган, бироқ энг юқори баллнинг 30%дан (56,7 балл) кам бўлмаган ҳолда, ўқиш истагини билдирган абитуриентлар супер-контрактда ўқиши мумкин.

Супер-контракт фақат биринчи йил учун тўланади (оддий контрактнинг суммаси ҳам шунинг ичида), кейинги йилларда эл қатори оддий контракт тўланади.

 

Мавзуга оид