Жамият | 16:01 / 15.08.2018
15152
2 дақиқада ўқилади

Қишлоқда қувур бору газ йўқ: Одил қишлоғи аҳли одиллик истайди

Иштихон туманининг Одил қишлоғи ва унга ёндош маҳаллаларда қарийб 14 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Қишлоқ аҳолисини қўшни Оқдарё туманига ўтиш учун кўприк муаммоси қийнаб келаётгани ҳақида ҳикоя қилган эдик.

Қишлоқ аҳлини яна бир муаммо ташвишлантириб келмоқда. Гап шундаки, яқин-яқингача Одил қишлоғи газлаштирилган эди. Табиий газ қувурлари ер остига кўмилган эди. 
Бироқ қувурлар ер остида чириб кетиш эҳтимоли жуда катта эди. Бунинг оқибатида газ сизиб чиқмаслиги, шунингдек, қувурларга ноқонуний уланишнинг олдини олиш мақсадида, қишлоқ аҳли томонидан ҳашар уюштириш йўли билан қувурлар ер сиртига кавлаб чиқарилди.

Энди мавжуд қувурларни пайвандлаб, хонадонларга оқма газни яна олиб келиш керак. Бироқ қишлоқ аҳлига қувурларни ўзлари пайвандлашга ижозат беришмаяпти.

Вилоят газ идораси томонидан қувурларни технологик меъёрларга риоя этиб пайвандлаш кераклиги ва бу иш фақат масъул идора томонидан амалга оширилиши лозимлиги таъкидланган. Бироқ бу ерда ҳанузгача қувурларни тиклаш бўйича иш бошланмаяпти. Қувурлар кўчада навбатини кутиб ётибди.

Ҳадемай ёзнинг иссиқ кунлари тугаб, куз ва қишнинг изғиринли кунлари бошланади. Қатор йиллардан буён қишлоқ аҳли уйларини иситиш учун табиий газдан фойдаланиб келишган. Одил қишлоғида истиқомат қилувчилар совуқ кунлар бошланишигача газ қувури тикланишидан умидвор.

Биз мутасадди ташкилотлар мазхкур муаммога жиддий эътибор қаратиб, одилликларининг муаммосини совуқ кунларга қолдирмасдан ҳал қилиб беради, деган фикрдамиз.

Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид