Жаҳон | 23:55 / 23.08.2018
9783
5 дақиқада ўқилади

Қирғизистон-Туркманистон муносабатларида янги саҳифа очилди

Қирғизистон Республикаси президенти Сооранбой Жээнбеков 23 август куни Туркманистонга давлат ташрифини амалга оширди. Тор ва кенгайтирилган таркибдаги музокаралардан сўнг икки давлат раҳбарлари Сооранбой Жээнбеков ва Гурбангули Бердимуҳаммедов оммавий ахборот воситалари учун қўшма баёнот беришди.

Фото: aa.com.tr

Тарихий ташриф

Жээнбеков Туркманистон президенти ва бутун туркман халқига меҳмондўстлик учун миннатдорчилик билдирди.

"Бу менинг Туркманистонга биринчи ташрифим. Бугун биз икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдик ҳамда бундан кейинги ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олдик. Биз Қирғизистон Республикаси ва Туркманистон ўртасидаги Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги декларацияни имзоладик. Бу икки томонлама муносабатлардаги тарихий ҳодиса бўлиб, мамлакатларимизнинг дўстлик ва ҳамкорлик тарихида янги саҳифани очади", - деди Сооронбой Жээнбеков.

У бугунги музокаралар қирғиз-туркман алоқаларини мустаҳкамлаш, уларни барча соҳаларда ривожлантириш йўлида хизмат қилишини таъкидлади. Шунингдек икки мамлакат сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар йўналишлар бўйича ҳамкорлик даражасини кенгайтиришини маълум қилди. Жээнбеков Қирғизистон ва Туркманистон ўртасидаги ўзаро товар айланмасини ошириш зарурлигини қайд этди.

Қўшма баёнотда бугунги учрашувлар якунларига кўра икки томон муҳим ҳужжатлар пакетини имзолангани эълон қилинди.

Сооронбай Жээнбеков Гурбангули Бердимуҳаммедовга икки давлат ўртасидаги дўстона алоқалар ривожига қўшган ҳиссаси учун ташаккур айтиб, уни жавоб ташрифи билан Қирғизистонга боришга таклиф этди.

Фото: Vzglyad.az

Қандай ҳужжатлар имзоланди?

Жээнбековнинг давлат ташрифи якунларига кўра, мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни фаоллаштиришга йўналтирилган ҳукуматлараро ҳужжатлар пакети ҳамда Туркманистон ва Қирғизистон ўртасидаги стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги декларация имзоланди.

Томонлар Декларация икки томонлама муносабатларда тарихий воқеа ҳисобланиши ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг янги саҳифасини очишига умид билдиришмоқда.

Шунингдек савдо алоқаларининг ривожланишига йўналтирилган қуйидаги ҳукуматлараро ҳужжатлар пакети имзоланди:

1. Қирғизистон ва Туркманистон ҳукуматлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорлик тўғрисидаги келишув;

2. Икки томонлама солиққа тортишни бартараф этиш ва даромад солиғидан бўйин товлашнинг олдини олиш тўғрисидаги келишув;

3. Фавқулодда вазиятлардан огоҳлантириш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш тўғрисидаги келишув;

4. Қирғизистон Республикаси Маданият, ахборот ва туризм вазирлиги ҳамда Туркманистоннинг телевидение, радиоэшиттиришлар ва кинематография давлат қўмитаси ўртасида кино ишлаб чиқариш ва телерадиоэшиттиришлар соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги келишув;

5. Икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида транспорт соҳасидаги ҳамкорликнинг асосий тамойиллари тўғрисидаги англашув меморандуми;

6. Қирғизистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати ва мелиорация вазирлиги ҳамда Туркманистоннинг Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик қилишга доир англашув меморандуми доирасида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирлар режаси;

7. 2019-2020 йиллар учун Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ва Туркманистон ТИВ ўртасидаги ҳамкорлик дастури;

8. Архив иши бўйича ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги дастур;

9. Бишкек ва Ашхобод шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқаларининг ўрнитилиши ҳақидаги ҳужжат;

10. Қирғизистон саноатчилар ва ишбилармонлар иттифоқи ҳамда Туркманистон саноатчилар ва ишбилармонлар иттифоқи ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув;

Фото: kabar.kg

Таклиф

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов Марказий Осиё давлат раҳбарлари Маслаҳатлашув  кенгашини яратишни таклиф қилди. Унинг сўзларига кўра, бундан аввал Туркманистон Марказий Осиё минтақасидаги сиёсий мулоқотнинг янги форматини йўлга қўйиш масаласини кўтарган. Ўзаро ҳамкорлик қилишнинг уч босқичли модели таклиф этилган - экспертларнинг тайёргарлик учрашуви, ташқи ишлар вазирлари йиғилишлари, Марказий Осиё давлат раҳбарлари саммитлари.

"Агар бундай тажриба ижобий самара берса, келгусида Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳатлашув кенгашини яратиш ҳақида ўйлаш мумкин", - деди у.

Туркманистон президентининг фикрича, минтақавий мулоқотнинг бундай шакли барча масалаларни самарали ҳал қилиш ва бунинг учун зарур сиёсий база яратиш имконини беради.

Мавзуга оид