Спорт | 00:20 / 26.08.2018
27960
13 дақиқада ўқилади

Эркин ва юнон-рум кураши. Эрондан нега ва қанчага ортда қолмоқдамиз?

Ўзбекистон делегациясининг Осиё ўйинларида ҳозирча қўлга киритган 5 та олтин медалидан 2 таси эркин ва юнон-рум кураши бўйича терма жамоамиз ҳиссасига тўғри келмоқда. Спортнинг ушбу турида, шунингдек, 1 та кумуш ва 3 та бронза медалларига ҳам сазовор бўлдик. Эслатиб ўтамиз, таэквондочиларимиз ҳам умумжамоа ҳисобига худди шунча – 6 та медаль олиб беришганди.

Эркин ва юнон-рум кураши бўйича 2 та олтин, 1 та кумуш ва 3 та бронза – бу терма жамоамизнинг Осиё ўйинлари тарихидаги ўртача кўрсаткичларидан бири. Тўрт йил олдин Инчеонда эркин ва юнон-рум курашчиларимиз энг яхши натижаларини қайд этишганди. Бу сафар ушбу натижани такрорлашга битта олтин камлик қилди:

Эркаклар ўртасида 19-20 август кунлари эркин кураш, 21-22 августда юнон-рум кураши бўйича жанглар бўлиб ўтди. Аёллар одатдагидек фақат эркин курашда, 20-21 август кунлари беллашдилар. Ўзбекистон термаси эркаклар ўртасидаги мусобақаларда иккала йўналишда ҳам 6 нафардан спортчи билан қатнашди – ҳар бир вазн тоифасида бир нафардан. Аёллар ўртасида эса 3 хил вазн тоифасида ўзбекистон вакилалари кураш олиб борди. Шу тариқа, Жакартада эркин ва юнон-рум кураши бўйича терма жамоамиз 15 нафар атлетдан иборат бўлди.

4 йил олдинги Осиё ўйинларида совриндор бўлган 7 курашчимиздан 4 нафари бу галги азиадада умуман қатнашмаган бўлса, қолган 3 спортчимиз – Инчеонда олтин медаль соҳиби бўлган триодан икки нафари (Абдураҳмонов +, Ассакалов +, Қурбонов -) бу сафар ҳам медаль олишга муваффақ бўлди. Рио олимпиадасида бронза медалларини қўлга киритган уч курашчимиздан иккиси (Тасмуродов +, Ибрагимов +, Наврўзов -) Жакартада ҳам гиламга кўтарилди, улар орасидан фақат Ибрагимовга совринли ўрин насиб қилди.

Таъкидланганидек, дастлаб эркин кураш мусобақалари бўлиб ўтди. Мусобақанинг илк кунида Ўзбекистон делегацияси эришган 3 та медалнинг барчаси эркин курашчилар томонидан қўлга киритилди. Дастлаб 65 кг вазн тоифаси вакили Сирожиддин Ҳасанов бронза медали учун мўғулистонлик спортчига қарши кечган баҳсда биринчи раундда ютқазган (2:5) бўлса-да, иккинчи бўлимда йирик ҳисоб (8:1) қайд этиб, умумий 10:6 ҳисоби билан Ўзбекистоннинг XVIII Осиё ўйинларидаги биринчи медалини олиб берди. Ваҳоланки, Ҳасанов илк жангида ҳиндистонлик рақибига енгилган, бироқ ҳинд курашчиси финалга қадар етиб боргани боис бронза медали учун курашга қўшилган эди. Бу йўлда унга рақиблик қилган Тожикистон вакилини биринчи раунддаёқ 10:0 ҳисобида мағлуб этиб, муддатидан аввал ғалабани қўлга киритди.

Сирожиддин Ҳасанов

«Осиё ўйинларидаги илк иштирокимдаёқ делегациямизга биринчи медални олиб келганимдан жуда ҳам хурсандман. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Худо хоҳласа, бизда кумуш ва олтин медаллар ҳам бўлади. 2019 йили Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок этиб, Японияда бўладиган Ёзги олимпиадага йўлланма олишга ҳаракат қиламан», деди Сирожиддин совринли баҳсидан сўнг.

Сирожиддин Ҳасанов

Ҳасановнинг бронза келтирган баҳсидан бироз ўтиб, Ўзбекистон илк олтин медални ҳам нишонлади. 74 кг вазн тоифасидаги эркин курашчимиз Бекзод Абдураҳмонов нимчорак финалдаги яманлик рақиби гиламга чиқишдан бош тортгач, техник ғалаба билан жангсиз чорак финалга йўл олганди. Бу босқичда эронлик спортчидан 4:2 ҳисобида устун келган Абдураҳмонов, ярим финалда япониялик атлетга ҳеч қандай имконият қолдирмади – 11:1. Бекзод ҳал қилувчи баҳсда қозоғистонлик курашчини таслим этиб (3:2 – 0:1, 3:1), икки карра Осиё ўйинлари чемпионига айланди.

Эслатиб ўтамиз, 2014 йили Инчеондаги Осиё ўйинларида ҳам Абдураҳмонов Ўзбекистон делегациясига илк олтин медални олиб берганди. У, шунингдек, жаҳон чемпионати совриндори, 2016 йилги ёзги Олимпиада иштирокчиси ҳам саналади.

Бекзод Абдураҳмонов

«Бу ғалабамни Ўзбекистонлик халқига, яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрамига бағишлайман. Энг катта мақсадим Олимпиадада ҳам чемпион бўлиш. Ўтган сафар Олимпиадада медалдан қуруқ қолгандим. Бронза учун баҳсда озарбойжонлик рақибга 6:7 ҳисобида ютқазгандим», - дейди Осиё ўйинларининг икки карра чемпиони.

Абдураҳмонов спортдаги фаолиятини ҳали узоқ йиллар давом эттириб, Ўзбекистонга олимпиада медалини ҳам олиб бериш ниятида. «Ҳали ёшим 28да. Соғ бўлсак, 40 ёшгача ҳам иштирок этишимиз мумкин. Масалан, Артур Таймазов 33 ёшида Олимпиада чемпиони бўлган. Россиялик бир спортчи 38 ёшида жаҳон чемпионатида ғолиб бўлди. Худо хоҳласа, Ўзбекистонга Олимпиада медалини ҳам олиб бераман», деди Абдураҳмонов.

Бекзод Абдураҳмонов

Мусобақаларнинг илк кунидаги учинчи медални яна бир эркин курашчимиз – Магомед Ибрагимов қўлга киритди. 97 кг вазнда баҳсларга киришган спортчимиз нимчорак финалдан осонлик билан ўтди – хитойлик рақибини 10:0 ҳисобида мағлуб этди. Чорак финалда ҳам ҳиндистонлик курашчи Магомедга жиддий муаммо туғдира олмади – 8:0. Финал остонасида Осиё грандлари саналадиган Эрон терма жамоаси вакилига қарши чиққан Ибрагимов имкониятни бой бериб қўйди. Баҳснинг биринчи раундида 4:2 ҳисобида устун келган эронлик атлет иккинчи раундда ҳамюртимизнинг курагини ерга теккизиб, соф ғалабага эришди. Магомед Ибрагимов сўнгги жангида япониялик курашчига қарши гиламга чиқди. Баҳснинг биринчи раунди Ўзбекистон вакилининг тўлиқ устунлигида ўтди - 6:0. Иккинчи раундда эса япониялик спортчи жиддий жароҳат олди ва баҳсни давом эттира олмади. Натижада, Ибрагимовга техник ғалаба ёзилди ҳамда у Ўзбекистон ҳисобига яна битта бронза медаль олиб келди.

Магомед Ибрагимов

Эслатиб ўтамиз, Ибрагимов икки йил олдин Рио Олимпиадасида ҳам бронза медалини қўлга киритган эди. У шунингдек, 2017 ва 2018 йилги Осиё чемпионатларида олтин медалга сазовор бўлган.

Магомед Ибрагимов

20 август куни эркин кураш бўйича энг оғир вазн тоифасида баҳслар бўлиб ўтди. 125 кг вазндаги вакилимиз Давит Модзманашвили нимчорак финалда индонезиялик рақибга қарши гиламга чиқиб, биринчи раунддаёқ ҳисобни 10:0 кўринишига келтирди ва соф ғалабага эришиб, кейинги босқичга чиқди. У чорак финалда мўғулистонлик спортчи устидан 3:0 (1:0, 2:0) ҳисобида ғалаба қозонди ва ярим финалда Эрон вакилига қарши курашиб мағлуб бўлди – 8:11. Модзманашвили бронза учун баҳсда имкониятдан унумли фойдаланиб, ҳиндистонлик рақибини кичик ҳисобда енгди – 2:0 (1:0, 1:0). Шу тариқа, эркин курашда тўртинчи медаль қўлга киритилди.

Давит Модзманашвили / Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов
Давит Модзманашвили (ўртада), Олимжон Ҳикматов (ўнгда)

Шу куни аёллар терма жамоамизнинг барча уч аъзоси ҳам мусобақаларда иштирок этиб, медалсиз ортга қайтадиган бўлишди. Улар орасидан фақат Даулетбике Яхшимуратова соврин учун баҳсда иштирок этди. 50 кг вазн тоифасида бронза медали учун гиламга чиққан Яхшимуратова жанубий кореялик рақибасига 0:6 ҳисобида ютқазиб қўйди.

21 августдан юнон-рум кураши бўйича жангларга старт берилди. Бироқ икки нафар спортчимиз шу куни медалларни қўлга кирита олишмади. Рио Олимпиадасининг бронза медали совриндори Элмурат Тасмурадов чорак финалда эронлик рақибига ютқазиб қўйган бўлса, яна ўша Эрон термаси вакилига Исломжон Баҳромов бронзани бой берди.

22 августдаги баҳсларда ўзбекистонлик тўрт нафар юнон-рум кураши устаси иштирок этиб, 1 та олтин ва 1 та кумуш медалларни олиб беришди. Рио-2016 иштирокчиси Рустам Ассакалов 87 кг вазнда қозоғистонлик (2:1), қирғизистонлик (9:0) ва ҳиндистонлик (10:0) рақибларини енгиб, финалга чиқди. Ассакалов олтин медаль учун курашда эронлик атлетга 1:6 ҳисобида имкониятни бой бериб, кумуш медаль соҳибига айланди.

Рустам Ассакалов / Фото: Анвар Ильясов

Эслатиб ўтамиз, Рустам Инчеонда жанубий кореялик рақибни финалда енгиб, чемпион бўлган. У 2018 йил бошида Бишкекда ўтган Осиё чемпионатида кумуш медалга сазовор бўлганди. Ўтган йилги қитъа биринчилигида эса бронза медали, ундан ҳам аввалроқ, 2015 ва 2013 йилларда олтин медални қўлга киритган. У Рио Олимпиадаси иштирокчиси бўлгани ҳақида ҳам юқорида тўхталиб ўтдик.

Рустам Ассакалов / Фото: Анвар Ильясов

«Финал баҳсидан кўнглим тўлмади. Тактик жиҳатдан хатога йўл қўйдим. Партерда бошқача усул қўллашим кўпроқ фойда берган бўларди, – дея фикр билдирди Ассакалов финал баҳсидан сўнг. – Эронлик спортчилар менинг жангларимни таҳлил қилиб, қўллайдиган усулларимни ўрганиб олишган. Шу боис улардан баъзилари бугун иш бермади. Ярим йил олдин Осиё чемпионати финалида ҳам -97 кг вазн тоифасида эронлик курашчига имкониятни бой бергандим. Умуман олганда эса ҳозиргача фаолиятимда 7 марта эронлик спортчиларни мағлуб этганман», деди Ассакалов.

Рустам Ассакалов

Ассакаловнинг баҳсидан сўнг терма жамоамиз вакилларидан Жаҳонгир Турдиев ҳам медаль учун гиламга чиқди. Бироқ 97 кг вазндаги спортчимиз қирғизистонлик рақибига бронза медалини бой бериб қўйди – 0:2. Мусобақанинг сўнгги жангида энг оғир 130 кг вазн тоифаси чемпионлиги учун ўзбекистонлик ва қозоғистонлик курашчилар беллашишди. Мўминжон Абдуллаев бунга қадар жанубий кореялик (7:0), тожикистонлик (9:0) ва эронлик (2:2) курашчиларни мағлуб этиб келаётганди. Ҳал қилувчи баҳсда вакилимиз қозоғистонлик ҳамкасбини ишончли ҳисобда (8:0) таслим этиб, Ўзбекистон делегациясига қимматли олтин медални тақдим этди.

Мўминжон Абдуллаев

Қайд этиш жоиз, бу Абдуллаевнинг халқаро аренадаги энг катта ютуғи бўлди. Бунга қадар у икки марта Осиё чемпионатининг бронза медали совриндори бўлган, 2018 йил бошида эса Бишкекдаги қитъа биринчилиги финалида қатарлик рақибини енгиб кумуш медаль олганди. Абдуллаев шунингдек, 2016 йилги ёзги Олимпиада ўйинларида ҳам иштирок этган.

Мўминжон Абдуллаев / Фото: Анвар Ильясов

Шу тариқа, эркин курашда 4 та, юнон-рум курашида 2 та медаль олган Ўзбекистон терма жамоаси Мўғулистон билан бир хил кўрсаткич қайд этиб, умумий жадвалнинг 3-ўрнини эгаллади. Ғолиб эса, доимгидек – Эрон. Умуман, 1994 йилдан кейинги натижаларга қарасак, ушбу спорт тури бўйича Эрон спортчилари Осиё ўйинларида фақат юқори ўринларни эгаллаб келмоқда: ўтган 7 та азиадада эронликлар 3 марта 1-ўрин, 3 марта 2-ўринни қўлга киритишган. Хусусан, сўнгги учта Осиё ўйинларида айнан Эрон терма жамоаси кетма-кет ғолиб бўлди.

Ушбу Осиё ўйинларининг эркин ва юнон-рум кураши бўйича мусобақаларида терма жамоамиз вакиллари эронликлар билан жами 7 марта тўқнаш келди. Шуларнинг 2 тасида Ўзбекистон вакилининг қўли баланд келган бўлса, 5 та жанг Эрон спортчиларига бой берилди. Очколар бўйича ҳисоб – 25:42, форслар фойдасига.

Эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Олимжон Ҳикматов Kun.uz мухбири билан суҳбатда Эрон термасидан ортда қолаётганимиз сабабини қуйидагича изоҳлади: «Эрон асосий рақибга айланди. Бишкекда жорий йилнинг март ойида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида биринчи ўринни эгаллаб, эронликлардан ҳам ўтиб кетгандик. Эркин курашда ҳар бир вазн тоифаси бўйича жаҳон рейтинги бор. Унда Аббос Раҳмонов 2-ўринда, Магомед Ибрагимов 2-поғонада, Бекзод Абдураҳмонов ҳам бор. Балки, Эрондан ўтиб кета олмаганимизга аввал 10та, ҳозир эса 6та вазн тоифаси борлиги ҳам сабаб бўлгандир. Вазн тоифаларида қатор ўзгаришлар бўлди. Шуни айтиб ўтиш керакки, Эрон жаҳондаги энг кучли жамоалардан бири. Бу спорт. Ҳаммаси бўлиши мумкин. Уларда бу спорт тури билан кўпроқ шуғулланишади, бунга кўпроқ маблағ ажратишади, кураш биринчи ёки иккинчи рақамда. Ўшанда Осиё чемпионатида улардан ўтиб кетганимиз жуда яхши натижа бўлганди, ҳозир ҳам ёмон эмас».

Давит Модзманашвили, Олимжон Ҳикматов / Фото: Анвар Ильясов

Хулоса ўрнида, Олимжон Ҳикматовнинг юртимиз эркин кураши ҳақидаги якуний фикрларини келтириб ўтамиз.

«Ўзбекистонда эркин кураш спорт турининг ривожланиш даражасини ёмон деб бўлмайди. Сўнгги йилларда кўплаб совринли ўринлар, медаллар қўлга киритилди. Ривожланиш фақат олдинга қараб кетмоқда. Бу йил Осиё чемпионатида жамоавий ҳисобда биринчи ўрин қўлга киритилди. 10та тоифадан 8 тасида медаль олинди. Токиодаги Олимпиадада ҳеч бўлмаса 2та медалга ҳаракат қиламиз».

Мавзуга оид