Light | 22:48 / 30.08.2018
33797
2 дақиқада ўқилади

Японияда пишаётган ўзбек сомсаси: Буни япониялик қиз ўзбекча таърифлаб берди (видео)

Бугун Ўзбекистон, унинг халқи, урф-одатлари ва қадриятлари дунё халқларининг эътиборига тушиб, уларнинг қизиқишини тобора оширмоқда. Буни турли мисолларда кўриш мумкин. Қайсидир давлатда ўзбек қадриятларига бағишланган кўргазмалар бўлаётган бўлса, бошқа бир давлатда эса унинг тарихига оида кўргазмалар намойиш этилмоқда. Аммо бирор бир хорижликни ўзбек тилини ўрганиб, ўзбек миллий таомлари тайёрлашини билиши кишини ҳақиқатда ҳайратга солади.

Видеоблогер, айни дамда Японияда таҳсил олаётган Севара маҳаллий аҳоли вакиласи, япониялик қизнинг соф ўзбек тилида гапириши, шу билан бирга, ўзбек сомсаси тайёрланишидан ҳайратга тушди. У ўз таассуротларини кадрга муҳрлади ва бошқаларга улашди.

Видеодан кўриш мумкинки, у ерда яшаётган япон қиз бир вақтлар Ўзбекистонга келин бўлган ва бир қанча вақт у ерда яшаган. Ўзбек тили ва урф-одатларини ўша ерда ўрганган. Японияга қайтгач ҳам, ўзбек тилини унутмаган ва шу билан бирга ҳовлисида турли мевали кўчатлар, жумладан, олма, нашвати ва анор етиштирган. 

Маълум бўлишича, япон қизи ватанига қайтгач, ишини ўзбекча нон сотишдан бошлаган, сўнгра сомса ёпиб, сотувга чиқарган. 

- Маҳаллий аҳоли сомсанинг ҳидини туйиб, бу нима экан деб келишади, - дейди воқеамиз қаҳрамони. – Кейин сомсани кўриб, уни харид қилишади. Уларга манзур бўлмоқда. Сомсаларни ҳалол гўштлардан тайёрлаймиз. Илк бор тандир қуриб, нон ёпганимизда, ноннинг ҳиди чиқиб, менга Ўзбекистонни эслатиб юборди. Ватанимнинг ҳидини туйгандек бўлганман ўшанда. Чунки озми-кўпми ўша ерда яшадим.

Маълумотларга кўра, оила ўз бизнесини яна кенгайтириб, маҳаллий аҳолига янада қулайроқ ва сифатли хизмат кўрсатиш ниятида.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид