Жаҳон | 21:54 / 30.08.2018
21873
2 дақиқада ўқилади

Европалик кардиологлар қон босими меъёрларига ўзгартириш киритишди

Фото: Depositphotos

Мюнхендаги анжуманда Европа кардиология жамияти (ESC) ва Гипертонияни даволаш бўйича Европа жамиятининг (ESH) янги тавсиялари тақдим қилинди. Ушбу тавсиялар European Heart Journal нашрида чоп этилган.

2013 йилдаги аввалги тавсияларга нисбатан артериал гипертензияни даволаш бўйича янги йўриқномада бир нечта муҳим ўзгаришлар пайдо бўлган. Агар аввал ушбу касалликни даволашда қон босимини 140 ммга 90 мм симоб устунидан пастроқ кўрсаткичларга тушириш мақсад қилинган бўлса, энди меъёрнинг энг юқори чегараси 130 ммга 80 мм ҳисобланади. 

Бунда 65 ёшдан кичик кўпчилик беморларда систолик (юқори) босим кўрсаткичлари 120-129 мм симоб устуни оралиғида бўлиши мақбул ҳисобланади. 65 ёшдан катта одамларда эса аввал систолик босимнинг кўрсаткичлари 140-150 мм симоб устуни бўлгани меъёр ҳисобланган бўлса, энди шифокорлар бу кўрсаткичларни 130-139 мм симоб устунига туширишлари зарур. Шундай кўрсаткичлар 80 ёшдан катталарга агар улар гипертонияни даволашни яхши ўтказа олсалар, тавсия қилинади. Бунгача бундай ёшдаги беморларнинг систолик босимини 140-150 мм симоб устунига тушириш тавсия қилинган.

Бундан ташқари, гипертонияни даволаш натижасида диастолик (пастки) босим барча гуруҳдаги беморларда хатар даражасидан қатъий назар 90 мм симоб устунигача эмас, балки 80 мм симоб устунигача туширилиши лозим.

Мавзуга оид