Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Навоийлик фуқароларга бузилган уйлари учун товон пули бериш рад этилмоқда, сабаби нимада?
Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларида бўлгани каби Навоий шаҳрида ҳам кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бу яхши албатта. Аммо, шаҳар кўчаларини кенгайтириш режасини амалга ошириш чоғида айрим оилаларга товон пули бериш рад этилмоқда. Уларнинг уйлари бузилган, бироқ шаҳар ҳокимлиги уй ўрнига ер берилганини айтиб, товон пули бермаяпти. Kun.Uz мухбири муаммо нимада эканини ўрганиш учун шаҳарнинг “Янгиариқ” ва “Истиқлол” маҳаллаларида истиқомат қилувчи аҳоли билан учрашиб, уларнинг сўзларига қулоқ тутди.
“Биз товон пули масаласида шаҳар ва вилоят ҳокимлигига мурожаат қилдик, аммо натижа йўқ. Адлия, халқ қабулхоналари, Президент портали каби идораларга мурожаат қилдик. Шаҳар ҳокимлиги юристи Абдували Аҳадов судга ариза ёзишимиз кераклигини айтди. Cуд муҳокамаларида шаҳар ҳокимининг уйларимиз бузилишга тушганига доир қарорини кўрсатиш талаб қилинди. Бироқ ҳокимлик юристи қарорни олиб келмади, аниқроғи бундай қарор мавжуд эмаслигини айтди”, - дейди мурожаатчилардан бири.
Унинг айтишича, кейинчалик маъмурий судга мурожаат қилишни айтишган. Маъмурий суд уларнинг аризасини рад қилган. Сўнгра иш фуқаролик судига кўчган. Бу ерда ҳам ҳокимнинг уйларни бузишга доир қарори мавжуд эмаслиги айтилиб, ариза рад этилган.

Мурожаатчиларнинг сўзларига кўра, улар Навоий шаҳар Халқ қабулхонаси раҳбари билан учрашганда, у шаҳар ҳокимига қўнғироқ қилиб, нима қилиш борасида маслаҳат сўраган. “У фуқаролар дардини эшитиши ва имкон қадар ечимини топиши учун шу жойга раҳбар қилиб тайинланган, лекин Халқ қабулхонаси раҳбарининг ҳокимдан маслаҳат сўрашини қандай изоҳлаш мумкин”, - уйсиз қолган фуқаролардан бири Гулбаҳор Рашидова.

Суд маҳкамаси ҳар бир уйни бузишга доир, товон пули миқдори ва ер ажратиш масаласига ойдинлик киритилган ҳоким қарорини талаб қилмоқда.
Аҳоли фикрларини тинглаганимиздан сўнг, шаҳар ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Иброҳим Қодиров ҳамда ҳокимлик юристи Абдували Аҳадов билан учрашдик ва масалага изоҳ сўрадик. Бу жараёнда илтимосимизга биноан мурожаатчилар ўзлари ҳам иштирок этди.

Иброҳим Қодировнинг тушунтиришича, ҳоким қарорида уйи бузилаётган фуқароларга товон пули бериш масаласи киритилмаган, аксинча товон сифатида фақат жойга-жой сифатида ер майдони берилиши қайд этилган. Шу сабабли уларга ер майдони тақдим этилган, холос.
Навоий шаҳар ҳокимлиги юристининг сўзларига кўра, фуқаролардан давлат захирасига олинган ерлар қонуний равишда, фуқароларнинг “ўз хоҳишлари билан” ёзган аризаларига биноан олинган ҳамда айни шу аризаларига асосан товон сифатида уй-жой қуриш учун фақатгина ер майдони берилган.

Муаммонинг энг қизиғи, фуқаролар ўзлари ёзган аризаларнинг моҳиятини ҳокимлик юристи тушунтириб бермагани, аризани ёзаётганларида товон берилади, деб мавҳум гапларни айтганларини таъкидлашмоқда. Уларнинг сўзларига кўра, Навоий шаҳридаги Ғалаба шоҳ кўчаси кенгайтирилиши муносабати билан шаҳарнинг аввалги ҳокими йўл четида жойлашган 165та уйни бузиб, бўшаган майдонларни давлат захирасига олиш бўйича умумий қарор чиқарган. Шундан сўнг, ҳар бир хонадонга ўзлари яшаб турган ҳовли ҳисобидан уй-жой қуриш учун ер берилган. Бироқ, фуқароларнинг уйлари бузилгани учун компенсация пули берилмаяпти.
Таъкидлаш ўринлики, бир қараганда, барчаси рисоладагидек. Айюҳаннос солишга асос йўқ. Яъни, фуқаролар ўзлари истиқомат қилаётган уй-жойларининг майдонларини ўз хоҳишлари билан давлат ва жамоат эҳтиёжи учун захирага олишга розилик берган. Ҳокимлик шу асосда ерни олган ва фуқарога уй-жой қуриб олиши учун ер ажратган. Чунки аризада бузилаётган уй-жой учун товон сифатида ер майдони бериш сўралган, аммо “бузилаётган бино учун, яъни яшаб турган уй учун товон пули беришни сўрайман”, деган жойи йўқ. Айнан шу ҳолат, товон пули тўламаслик учун шаҳар ҳокимлиги томонидан “ажойиб схема” қўлланган, деган фикрни уйғотмоқда. Бундан ташқари, ҳокимлик бузилган уйлар ўрнида икки қаватли уйлар барпо қилиш кераклигини айтиб келмоқда.
Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 21-бандига кўра, “Ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларнинг мулкида бўлган уйлар (квартиралар) бузилганда мазкур фуқароларга, уларнинг оила аъзоларига, шунингдек ушбу уйларда (квартираларда) доимий яшаётган фуқароларга уларнинг хоҳишига кўра якка тартибда уй-жой қуриш учун белгиланган норма доирасида ер участкаси берилади. Бунда ер участкасини ўзлаштириш даврига икки йилгача муддат билан ижара шартномаси асосида вақтинча уй-жой берилиб, бузилаётган уйлар (квартиралар), иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг қиймати тўлалигича қопланади”.
Низомнинг 25-бандида уй-жойнинг бузилишига ҳам ойдинлик киритилган. Унга мувофиқ, “уй (квартира) якка тартибда уй-жой қуриш учун мулкдорга ер участкаси ажратилгандан, шунингдек ер участкасини ўзлаштириш даврига икки йилгача муддат билан ижара шартномаси асосида вақтинча уй-жой берилгандан кейингина бузилиши мумкин”. Бироқ, ҳукумат белгилаб берган тартиб қўпол равишда бузилиб, фуқароларнинг уйлари уларга ижарада яшаб туришлари учун бошқа уй-жой берилмасдан бузиб юборилган.



Қолаверса, ўрганишларимиз давомида қизиқ ҳолатга дуч келдик. Фуқароларга ҳар бир манзилнинг бузилиши, захирага олиниши хусусида қарорни тақдим этиш рад этиб келинган бир вақтда, айрим фуқароларга айнан бир хил ҳолатда ҳоким қарори тақдим этилган ва улар учун товон пули ҳам тўлаб берилган. Бу ҳолатни қандай тушуниш мумкинлиги муаммолар гирдобига кириб қолган оддий халқ вакилларини янада таажжубга солмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, гарчи фуқаролар “ўзлари ёзиб берган аризалари” асосида давлат эҳтиёжлари учун бузилган уй-жойлари учун товон пули ололмаётган бўлса-да, аслида ҳар қандай ҳуқуқий демократик давлатнинг ваколатли органлари билмаслик туфайли ёзилган аризани асос қилиб, товон пулини тўлашни рад этишга ҳақи йўқ. Бу ҳолда фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилган бўлади. Аксинча, шаҳар ҳокимлиги ўз фуқароларига ҳуқуқий тўғри йўлни кўрсатиши ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиб бериши талаб этилади.
Kun.Uz таҳририяти Навоий шаҳар Ғалаба шоҳ кўчасида истиқомат қилувчи ва давлат эҳтиёжи учун уйлари бузилган фуқароларининг товон пули олиш билан боғлиқ муаммолари ижобий ҳал этилади, деган ишонч билдириб қолади.
Мавзуга оид
20:12 / 26.05.2025
Самарқанд шаҳрининг собиқ прокурори Навоий шаҳрига прокурор бўлди
16:02 / 04.04.2025
Хонанда Анвар Ғаниев муаллифлик ҳуқуқини бузгани маълум бўлди
08:30 / 26.03.2025
Хато туфайли ўлимга ҳукм қилинган япониялик чол рекорд миқдорда товон пули олди
20:49 / 30.11.2024