Жаҳон | 19:30 / 05.09.2018
11372
4 дақиқада ўқилади

Тереза Мэй «Скрипаль иши» бўйича гумонланувчилар россиялик жосуслар эканини маълум қилди

Фото: Reuters

Скрипаллар иши бўйича гумонланаётган Александр Петров в Руслан Боширов Россия ҳарбий разведкаси жосусларидир. Бу ҳақда Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй маълум қилди.

«Текширувлар шуни кўрсатдики, Буюк Британия ҳудудида кимёвий қурол қўллашда гумонланаётганш икки шахс рус ҳарбий разведкачиларидир, улар Россия разведка бошқармасига алоқадор», деган у парламентдаги чиқиши вақтида.

Мэйнинг сўзларига кўра, «бундай амалиёт нафақат ГРУ (Россия разведка бошқармаси) раҳбарияти томонидан, балки юқори рангдаги бошқа амалдорлар томонидан ҳам маъқулланган».

Мэй хоним маълум қилдики, Лондон Скрипалларни заҳарлашда гумон қилинаётган шахсларни топиш учун барча чораларни кўради. «Биз уларни қўлга олиш, Буюк Британияга олиб келиш ва уларни суд қилиш учун имкон доирасидаги барча қадамларни қўямиз», деган у.

Бош вазир шунингдек, Россия Солсберида Россия разведка бошқармасининг собиқ полковниги Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлияни заҳарлаш учун сабабларга ва барча имкониятларга эга бўлган. 

«Биз март ойида айтганимиздек, фақат Россияда шундай восита, уни қўллаш амалиёти ва бундай ҳужум уюштиришга сабаб бўлган», деган Мэй хоним парламентда.

Британ вазирининг сўзларига кўра, «Буюк Британия бир неча бор Россияга Солсберидаги воқеа бўйича маълумот тақдим этишни сўраб мурожаат қилган, аммо россияликлар жавоб қайтаришда чалкашликларга йўл қўйишган ва ёлғон гапиришган».

«Улар ҳатто «Новичок»ни мен ишлаб чиқарганимни айтишди», дея қайд этган Тереза Мэй.

У Британия ҳукумати Россияга қарши қўшимча санкцияларга тайёрланиши, шу билан биргаликда расмий Лондон келгусида Москва билан халқаро масалаларда ҳамкорлик қилишга умид билдиришини қўшимча қилган.

«Скрипаллар ишида янги бурилиш»

5 сентябрь куни Буюк Британия прокуратураси Россия разведка бошқармасининг собиқ полковниги, Россияда 2006 йили Буюк Британия фойдасига жосуслик қилиб, хиёнатда айбланган ва 13 йилга озодликдан маҳрум этилган, 2010 йилда маҳбуслар алмашинуви доирасида Буюк Британияга топширилган Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлия Скрипаль ҳаётига икки нафар россиялик Александр Петров ва Руслан Боширов томонидан асаб тизимини фалажловчи «Новичок» моддаси орқали суиқасд қилингани ҳақидаги айбловни илгари сурди.

Полиция маълумотига кўра, Петров ва Боширов 2 март куни ҳақиқий паспортлари билан Буюк Британияга кирган. Улар 2-3 март кунлари мобайнида Лондон шарқидаги City Stay Hotel меҳмонхонасида яшашган. Скотланд-Ярд маълумотига кўра, заҳарли моддалар Nina Ricci атири идишига жойланганди. Кейин бу идиш Скрипаллар уйида қолдирилган.

Гумонланувчилар 4 март куни Лондонни сохта паспортлар билан тарк этиб, Москвага қайтишган. Уларнинг тасвирлари Лондондаги кузатув камераларига муҳрланган.

Фото: PA Images/ТАСС

Уч ойдан ортиқ вақт ўтиб атир идиши маҳаллий аҳоли вакили Чарли Роули томонидан топилган, у шифохонага ётқизилган, унинг дугонаси Дон Стержесс моддадан заҳарланиш оқибатида вафот этган.

Прокурор Сью Ҳемминг маълум қилдики, Буюк Британия Россиядан айбланувчиларни экстрадиция қилишни сўрамайди, Россия қонунчилигида ўз фуқароларини бошқа давлатга топшириш кўзда тутилмаган.

РФ ТИВ Лондонни ахборий манипуляциядан тийилишга ва ҳуқуқ-тартибот органлари воситасида амалий ишларни амалга оширишга чорламоқда.

Мавзуга оид