Жаҳон | 19:50 / 24.07.2019
10065
2 дақиқада ўқилади

Тереза Мэй истеъфога чиқди

Фото: AFP

Британия бош вазири Тереза Мэй қиролича Елизавета II’дан эгаллаб турган лавозимидан озод этишни сўраб истеъфога чиқди.

Мэй бош вазир сифатида депутатлар билан охирги савол-жавоблар сессиясини ўтказиб ва ўз девонхонаси ходимлари билан хайрлашиб, Букингем саройига қиролича қабулига йўл олган ва у ердан парламент қуйи палатасининг оддий депутати мақомида чиққан.

Мэй кетидан Консерватив партия етакчиси этиб сайланган Борис Жонсон қиролича қабулига йўл олади. У қиролича ёнидан бош вазир сифатида чиқади ва янги мақомдаги илк нутқидан кейин ўз ҳукуматини шакллантиришни бошлайди.

Мэй Британия ҳукуматига 2016 йил 13 июлдан бошчилик қилиб келган. У жорий йилнинг 7 июнида Европа Иттифоқидан чиқиш бўйича музокаралар муваффақиятсиз кечаётгани сабабли Консерватив партия етакчиси лавозимидан кетган. Шу билан бирга у партияга янги етакчи сайлангунча бош вазир ваколатларини бажариб турган. 23 июлда партияга Лондоннинг собиқ мэри ва собиқ ташқи ишлар вазири Борис Жонсон етакчи этиб сайланган.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов

Мавзуга оид