Жаҳон | 19:00 / 07.09.2018
42402
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған Идлибга ҳужум қилмасликни сўради, Путин бу таклифга жавоб қайтарди

© РИА Новости / Сергей Гунеев

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Теҳрондаги саммит чоғида Суриянинг Идлиб вилоятини деэскалация ҳудуди сифатида қолдириш зарурлиги таъкидлади. 

«Сурия армияси томонидан Идлибга ҳужум ҳудуддаги вазиятни ёмонлаштиради. Бу ҳужум Суриядаги сиёсий вазиятни яна издан чиқариб юбориши мумкин. Идлибни деэскалация ҳудуди сифатида қолдириш керак. Бу йўналишдаги хато қадамларнинг оқибатидан барча азият чекади. Муаммо Остона саммитида бўлгани каби ҳал қилиниши керак», деган Эрдўған.

У яқин вақтлар ичида БМТ бош котиби, халқаро ташкилотнинг Сурия масаласидаги махсус вакили, шунингдек, Туркия, Россия ва Эрон вакиллари Женевада учрашув ўтказишини маълум қилган.

«Бу учрашув барча жараёнларга янги динамика бағишлайди. Бизнинг мақсадимиз БМТ иштирокида Сурияда тинчликка эришиш. Бу нафақат уч давлатнинг, балки бутун дунё ҳамжамиятининг мақсадидир», дея қўшимча қилган Туркия президенти.

Ўз навбатида Россия президенти Владимир Путин Туркия президентининг сўзларига муносабат билдирди. У саммит иштирокчилари террорчилар номидан гапира олмаслигини айтиб ўтган.

«Мен Туркия президентининг сўзларини, умуман олганда, тўғри деб ҳисоблайман. Шундай бўлса яхши бўларди. Аммо биз улар номидан гапира олмаймиз, айниқса «Жибҳат ан-Нусра» ва ИШИД жангарилари номидан. Ҳеч ким улар ўт очишни тўхтатишига, учувчисиз учиш қуролларида бомба ташлашни тўхтатишига кафолат бера олмайди», деган Путин.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид