Light | 14:40 / 10.09.2018
17121
7 дақиқада ўқилади

Иш жойини оптималлаштириш бўйича 13 та лайфхак

Самарадорликни ошириш учун жуда кўп маслаҳатлар берилган: тонгни қандай бошлаш, қандай хоббилар орттириш ва ҳ.к. Фақат иш жойини оптималлаштириш бўйича тавсиялар етишмайди. Мичиган, Колорадо ва Нью-Йорк офислари дизайнерлари айнан ўша нарсаларни тайёрлашган. Уларнинг маслаҳатлари қуйидагилардан иборат:

Фото: Pexels

Хона гуллари

Ўсимлик столингизни безайди ва офисдаги ҳавони яхшилайди. Бундан ташқари, тадқиқотлар шуни кўрсатдики, агар хонада гуллар бўлса, ходимлар 15 фоизга самаралироқ ишлайдилар.

Ўсимликни офисингиз деразасидан кирадиган ёруғлик миқдорига қараб танланг.

Агар офисингизда дераза бўлмаса, тез-тез кўчага чиқинг

Шимолий-ғарб ва Иллинойс университетлари томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, деразаси йўқ офисларда ишлайдиган ходимлар табиий ёруғлик мавжуд бўлган хоналарда ишлайдиганларга қараганда ўзларини ёмонроқ ҳис қилишар экан.

Ҳар куни бир неча соатни қуёшда ўтказишга ҳаракат қилинг

“Табиий ёруғлик когнитив фаолият, сератонин ишлаб чиқариш ва ҳазм қилиш жараёнлари билан боғлиқ бўлган биологик суръатларни қўллаб-қувватлаш учун муҳим – дейдиНью-Йорк MKDA агентлиги катта дизайнери Кристин Эверетт. – Қуёш туфайли ўзимизни бахтлироқ ва эътиборлироқ ҳис этамиз”.

Оёқ остида ўралашиб ётган узун симларни “йўқотинг”

Столингиз остида тизим блоки, клавиатура, сичқон, телефон, қулоқчин, мобил телефон қувват олдиргичи ва бошқа қурилмаларнинг симлари бўлса керак.

Самарали иш режимини сақлаш учун бу симлар сизга халақит бермаслиги зарур. Уларнинг узунлигини текислаб, махсус ушлагичлар ёрдамида бир ерда маҳкамланг. Симлар учун махсус органайзерлар ҳам бор. Симлар қайси қурилмаларники эканини билиш учун уларни белгилаб қўйишингиз ҳам мумкин.

Фото: Pexels

Мақсадингизни ёдга соладиган нарсаларни стол устига қўйинг

Ишлашингиз учун иштиёқ берадиган бир ёки икки буюмни стол устига қўйинг. Бу оила сурати ёки компания шиори бўлиши ҳам мумкин.

Масалан, Evernote бош директори Крис О’Нил иш столи устига АҚШ ва Канада байроқларини жойлаштирган. Бу унга ўзининг икки фуқаролиги ва ташкилотининг халқаро сиёсатини ёдга солади. Бундан ташқари, столи устида Evernote’дан фойдаланишга иштиёқ уйғотган фарзандларининг суратларини кўриш мумкин.

Zillow компаниясида эса ҳар бир ходимнинг столи устида улар фирмада неча йилдан бери ишлаётганларини кўрсатувчи нишон туради.

Қўл остингизда фойдали егуликлар бўлсин

Қувват даражасини кўтариш учун баъзида тановвул этиш керак. Бунинг учун стол устида ёнғоқ, протеин батончалари ва қуруқ мевалар бўлиши керак.

Мусиқасиз шовқин ўтказмайдиган қулоқчинлар тақинг

Кўплаб тадқиқотлар иш вақтида мусиқа тингламасликни тавсия этмоқда.

Когнитив нейробиология бўйича мутахассис ва “Миянгиз мусиқа вақтида мана бундай кўринади” китоби муаллифи Дэниел Левитин такрорланувчи вазифаларни бажармаётган бўлсангиз, мусиқа унумдорликка халақит беришини айтган.

Яхшиси уни ишдан аввал 10-15 дақиқа тинглаган маъқул.

Агар офисингиз телефон қўнғироқлари ва суҳбатлар сабаб шовқинли бўлса, албатта шовқин ўтказмайдиган қулоқчинлардан фойдаланинг. 2010 йилда ўтказилган тадқиқот натижалари диққатни жамлашда муаммоси бўлган ўқувчилар вазифаларни сукунатда бажарганида, хотира билан боғлиқ вазифаларни яхши бажаришини аниқлаган. Қулоқчинлар унумдорлигингизни оширади, шунинг учун ҳамкасбларингиз қулоқчинлар ортига яширинганингизда сизни суҳбатлари билан чалғитишмайди.

Фото: Pexels

Туриб ишлаш учун махсус стол шарт эмас. Бор-йўғи камроқ ўтиринг

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, агар ҳар бир киши беш дақиқалик сайрлар қилса, камроқ чарчайди.

Совуқ ҳаво унумдорликни камайтиради

Агар офисингиздаги кондиционер жуда совуқ бўлса, столингизда иссиқ жемпер бўлгани маъқул.

2004 йилда Корнел университети тадқиқотчилари офисдаги ҳаво 20 дан 25 даражага кўтарилса, ҳужжатлардаги хатолар сони 44 фоизга камайгани, матнни териш вақтидаги унумдорлик 150 фоизга ортишини кўрсатган.

Қайдлар учун блокнот ва стикерлардан фойдаланинг

Рақамли оламда яшаётганимиз қоғозли қайдлардан воз кечишни англатмайди. Блокнотда барча муҳим қайдлар, масалан мажлислар ва муҳим қўнғироқларни ёзиб бориш мумкин. У ерда ғояларни ҳам ёзиб бориш мумкин.

Тўғри ўтириш учун кресло ва мониторни тўғри ўрнатинг

Мэйо клиникаси тадқиқот маркази маълумотларига кўра, ёмон ҳолатда ўтириш салбий оқибатлар – бош оғриғи, бел ва бўйиндаги оғриқлар, нафас олишдаги муаммолар, елка асаб толаларининг увишиши ва жағдаги оғриқларга олиб келиши мумкин.

Тўғри ўтириш учун кресло ва мониторингизнинг ҳолатини ўзгартиринг. Агар офисингиздаги кресло ёмон бўлса, яхшилаш учун пул аяманг. “Сифатсиз кресло чарчоқни чақириб, белдаги оғриққа сабаб бўлиши мумкин”, - дея ҳисоблайди Atmosphere 360 студияси эгаси ва катта дизайнери Мелисса Фредериксен.

Фақат столда ишламанг

Иш столингиз қай даражада яхши ташкиллаштирилган бўлмасин, фақат унинг ёнида ишлаш ярамайди. Ундан турсангиз, унумдорлигингизни яхшилайсиз.

Психолог ва “Иш учун яхши жой” китоби муаллифи Рон Фридман ишлаш учун ошхона, диван ёки дам олиш хонасига кетаётганингизда диққатни қаратиш ҳақида сигнал бераётган бўласиз, деб ҳисоблайди.

Фото: Pexels

Ҳар куни фойдаланмайдиган буюмларингизни столдан олиб қўйинг

Иш жойида сизни ўраб турган нарсаларга диққатингизни қаратинг. Агар ортиқча нарсаларни олиб ташласангиз, сезиларли натижани ҳис этасиз.

Стол устида энг зарур нарсалар: компьютер, телефон, блокнот, ручка ва сув солинган бутилка бўлиши лозим. Қолган нарсаларни бошқа жойга олиб қўйиш керак.

Қоғозларингиз кўп бўлса, алоҳида жавон юритган маъқул. Яхшиси ҳужжатларни сканер қилиб, рақамли ҳолда сақланг. Кўплаб ҳужжатлар билан ўраб олинганлик самарадорликни пасайтиради.

Кўк, яшил ва сариқ ранглар унумдорликни оширади

Турли ранглар инсон кайфиятига турлича таъсир қилади. Кўк ва қизил ранг мия фаолиятини яхшилайди.

Олимлар совуқ ранглар (масалан, кўк) тинчлантиради деб ҳисоблайдилар. Кўк рангдаги стол кун давомида ўзингизни хотиржам ҳис қилишга ёрдам беради.

Қизил ранг билан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш керак – бу ранг юрак уриши тезлигини оширади, деб ҳисоблайди Рочестер университети ходими Эндрю Эллиот. Агар ишингиз жисмоний фаолият билан боғлиқ бўлмаса, ёки интенсив танаффуслар билан ишламасангиз, уни офисда қўллаш ярамайди.

Мавзуга оид