Жаҳон | 17:50 / 16.09.2018
4943
3 дақиқада ўқилади

Google Хитой ҳукуматига фуқаролар телефон рақамларини тўплашга кўмак бермоқда

Фото: CNN

Google Хитой учун цензурали қидирув тизими прототипини яратди, у фойдаланувчиларнинг қидирув сўровномаларини уларнинг телефон рақамлари билан боғлайди, шу тариқа Хитой ҳукумати учун фуқаролар сўровномаларини кузатиш ва улар ҳақидаги маълумотларни олишни енгиллаштиради. 

Dragonfly код номи остидаги қидирув тизими Android-қурилмалар учун ишлаб чиқилган бўлиб, у ҳукмрон Хитой коммунистик партияси режимига тўғри келмайдиган контентларни ўчиради. Масалан, у ерда сиёсий диссидентлар, сўз эркинлиги, демократия, инсон ҳуқуқлари ва тинчлик мақсадларидаги норозилик намойишлари ҳақидаги маълумотларни топиш имкони бўлмайди. The Intercept маълумотларига кўра, Google "инсон ҳуқуқлари", "талабаларнинг норозилик намойиши" ва "Нобель мукофоти" каби атамалардан иборат "қора рўйхат"ни тузиб чиққан. 

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи етакчи органлар вакиллари Dragonfly'ни танқид қилиб, компания "инсон ҳуқуқларининг бузилишида иштирок этаётгани ёки бевосита шунга туртки бераётгани"ни айтишди. Гуруҳлар томонидан билдирилган асосий хавотир - цензурадан ташқари, маҳаллий ҳукумат Google'нинг Хитойда сақланувчи сиёсий фаоллар ва журналистларга оид маълумотларига кириш имконига эга бўлиши мумкинлигидан.

Лойиҳа билан таниш манбаларнинг сўзларига кўра, қидирув тизими прототиплари фойдаланувчининг Android-смартфондаги қидирув тизимини телефон рақами билан боғлайди. Бу эса муайян кишилар қидируви осонликча амалга ошишидан далолат беради, шу тариқа ҳукумат томонидан тақиқланган маълумотни излаётган ҳар қандай фойдаланувчи сўроқ қилиниш ёки ҳибсга олиниш хавфи остида бўлиши мумкин. 

Google'даги манбалардан бирининг таъкидлашича, компания Хитой ҳукумати билан яқиндан ҳамкорлик қилади ва ҳатто Dragonfly'га интеграция қилинган тизимни яратган.

Google Хитойнинг сервисни цензуралаштиришга доир режаларига изоҳ беришдан бош тортган. Компания шунингдек Dragonfly бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорлик қилишдан ҳам бош тортган, журналистлар ва АҚШ сенаторларининг саволларини жавобсиз қолдирган. 

Мавзуга оид