Жамият | 16:58 / 17.09.2018
37685
3 дақиқада ўқилади

Давлат божхона қўмитаси Тошкент халқаро аэропортидаги можароли ҳолат бўйича муносабат билдирди

2018 йил 9 сентябрь куни соат 01:10да “Тошкент” халқаро аэропорти умумий учиб келиш залида “Истанбул-Тошкент” рейси билан учиб келган йўловчилар багажларини қабул қилиб, божхона назоратидан ўта бошлаганлар. Ушбу жараёнда бир қатор йўловчиларда божсиз олиб кириш меъёрларидан ортиқча бўлган товарлар аниқланиб, божхона кўриги далолатномалари расмийлаштирилган.

Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабарига кўра, йўловчиларга тегишли юкларнинг расмийлаштирилаётганини кўриб турган айрим йўловчилар эса багажларини қабул қилиб олганларидан сўнг божхона назоратидан ўтишни пайсалга солишган ва залдаги багаж ленталари атрофида тўпланиб олишган.

“Аммо, ушбу хатти-ҳаракатлари билан ўзлари кутган натижага эриша олишмагач, йўловчилар божхона ходимларининг қонуний талабларига риоя қилмай, тартибсизликлар келтириб чиқариш ва вазиятни кескинлаштириш йўли билан бўлса-да, юкларини божхона назоратисиз олиб чиқишга уринишлар содир этишган ва ушбу ҳолатни ўзлари тасвирга ҳам олишган”, - дейилади хабарда.

“Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси раҳбарияти ва мутасадди ходимларининг йўловчилар билан олиб борган тушунтириш ишларидан сўнг учиб келиш залида тартиб ўрнатилган ва йўловчилар бирма-бир қонун билан белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилган.

Натижада, тижорат мақсадида товарлар олиб келган шахсларга нисбатан 29 та божхона кўриги далолатномаси расмийлаштирилиб, божсиз олиб кириш меъёрларидан ортиқча жами 1174,7 кг оғирликдаги турли хил кийим кечаклар ва 225 гр. заргарлик буюмлари далолатнома тузилиб, божхона расмийлаштирувини амалга ошириш учун вақтинча сақловга олинган.

Мисол учун, шу куни “Истанбул-Тошкент” рейси билан учиб келган фуқаро М.М. ўзи билан белгиланган меъёрлардан ортиқча бўлган 84 дона шим, 970 дона аёллар рўмоллари, 12 дона болалар свитери ҳамда 62,5 грамм заргарлик буюмларини божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаган ҳолда Ўзбекистонга олиб киришга уринган.

Ушбу воқеада амалдаги тартибларга бўйсунмай, божхона ходимларига асоссиз эътироз билдирган фуқароларнинг 29 нафари ҳаво йўллари орқали кўп маротаба ҳаракатланувчи йўловчиларни ташкил қилган. Хусусан, 2018 йилнинг ўтган 8 ойи давомида улар Туркияга 9 маротабадан 32 маротабагача бориб келишган.

Амалдаги тартибларга кўра, халқаро аэропортлар орқали кириб келаётган жисмоний шахслар 2000 АҚШ доллари миқдоридаги товарларни божсиз олиб киришлари мумкин. Лекин, бу исталган товарни исталган миқдорда олиб кириш мумкинлигини англатмайди, дейилади хабарда.

Мавзуга оид