Ўзбекистон | 11:08 / 17.09.2018
81820
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк UzCard билан боғлиқ ҳолат бўйича расмий маълумот берди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки UzCard тизими ишдаги носозлик бўйича расмий ахборот берди. 

Жорий йилнинг 15 сентябрь куни UzCard чакана тўлов тизимида дастурий носозлик юз берди, натижада банк карталари бўйича барча турдаги операциялар, шу жумладан савдо терминали орқали тўловларни қабул қилиш ва банкоматлар орқали нақд пул олиш операциялари тўхтатилди, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Марказий банк мутахассислари носозлик юз берганидан сўнг дастурий таъминот ишлаб чиқувчилари билан ҳамкорликда UzCard  чакана тўлов тизими ишини қайта тиклаш бўйича қўллаб-қувватлов тақдим этмоқда.

Ҳозирги вақтда тизимни тиклашнинг биринчи босқичи якунланди - тўлов карталаридаги қолдиқлар бўйича маълумотлар базаси тикланди. Иккинчи босқич - тўлов терминалларини тиклаш кун давомида амалга оширилади.

Зарурат бўлганда, фуқаролар зарур бўлган нақд пул маблағларини олиш учун ўзларига хизмат кўрсатадиган банкларга мурожаат қилишлари мумкин. Бунда банк картаси очилган банк филиалига мурожаат қилиш зарурдир (терминаллар иши тикланганидан кейин ҳар қандай банкнинг исталган филиалига мурожаат қилиш мумкин). Марказий банк тижорат банклари билан биргаликда мамлакатнинг барча ҳудудларида банклар барча филиалларини зарур миқдорда нақд пул билан таъминлаш бўйича иш олиб борди, дейилади хабарда.

Билдирилишича, Марказий банк бу воқеани эътиборсиз қолдирмайди. Қонунчиликка ўзгартириш киритиш бўйича ташаббус илгари сурилади. Унда чакана тўлов тизимларининг барқарор фаолият юритиши мақсадида уларнинг ишини назорат қилиш ва тартибга солиш бўйича Марказий банк ҳуқуқ ва мажбуриятлари кўзда тутилади.

UzCard тизимда 15 сентябрь куни соат 18:52да жиддий носозлик юзага келганди ва бу муаммо икки кун ўтиб ҳам бартараф этилмади. Тизим ишдан чиқиши Ўзбекистондаги 18 миллиондан ошиқ пластик карта муомаласига таъсир кўрсатди. 

Мавзуга оид