Ўзбекистон | 13:22 / 18.09.2018
5656
2 дақиқада ўқилади

Муҳандис-консультантлар уюшмаси ва ихтисослаштирилган инвестиция компанияси ташкил этилмоқда

Фото: 123RF

Бу президентнинг «Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан белгиланган.
 
Norma’нинг ёзишича, биринчидан, Ўзбекистон муҳандислар-консультантлар уюшмаси ташкил этилмоқда. Қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
 
• лойиҳа, инжиниринг ва консультация хизматларини ривожлантириш;
• унинг аъзоларини истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича фаолиятга жалб этиш;
• уюшма аъзоларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш;
• халқаро молия институтлари ҳисобидан молиялаштириладиган муҳандислар-консультантлар, лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари ходимларининг малакасини ошириш;
• олий таълим муассасалари билан уларнинг ўқув дастурларига лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги энг янги ютуқ ва инновацион ёндашувларни жорий этиш бўйича ҳамкорлик қилиш;
• хорижий муҳандислар уюшмалари билан ҳамкорлик қилиш, сифатли лойиҳалаштириш ишларини, шу жумладан, хорижда амалга ошириш учун консорциумлар шакллантириш.
 
Иккинчидан, ҳукуматга президент Администрацияси билан биргаликда, ш.ж. хорижий ҳамкорларни жалб этган ҳолда ихтисослаштирилган инвестиция компаниясини ташкил этиш бўйича таклифлар киритиш вазифаси топширилди.
 
Инвестиция компанияси инвесторлар, шу жумладан, хорижий инвесторлар ресурcларини, шунингдек инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун маҳаллий ва хорижий консультантларни жалб этиши режалаштирилмоқда.
 
Компания хўжалик юритувчи субъектлар устав капиталида уларнинг самарадорлиги ва даромадлилиги кўрсаткичларини ошириш учун иштирок этиши мумкин бўлади. Инвестиция компаниясининг бўш маблағлари ҳудудлардаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун жойлаштирилади.
 
Эслатиб ўтамиз, ҳужжат билан Ҳудудларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш комиссияси ҳамда тегишли ҳудудий гуруҳлар ташкил этилган, шунингдек бизнес ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг янги қоидалари жорий этилган. 
 
Ҳужжат 11.09.2018 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид