Жаҳон | 19:10 / 13.11.2024
3960
3 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон фонд бозоридаги бум: молиявий инқилоб шовқини рискларни ёпиб кетяптими?

Ҳиндистон фонд бозори ҳайратланарли ўзгаришлар билан миллионлаб янги инвесторларни ўзига жалб қилмоқда. The Economist'нинг ёзишича, охирги 5 йил ичида Ҳиндистон молия бозори индекслари доллар эквивалентида 80 фоизга ўсган ва 100 миллионга яқин ҳиндистонлик илк марта инвестор бўлган.

Мумбай фонд биржаси / Фото: Dhiraj Singh / Bloomberg

Бундай кескин ўсиш фонида бозорга киришдаги тўсиқлар пасайган, ҳатто қашшоқлик чегарасига яқин бўлган одамлар ҳам фонд бозорига кириб келиб, компанияларнинг миноритар акциядорларига айланган.

Лекин акция сотиб олишга бўлган қизиқиш фавқулодда ошиб кетиши билан, рисклар ҳам ортиб бормоқда. Компанияларнинг баҳоси кескин кўтарилиб кетган. Масалан, таом етказиш хизматини кўрсатувчи Zomato компаниясининг акциялари охирги 2 йилда салкам 5 баробарга қимматлаган. Бу эса инвесторларнинг шу даражада юқори нархларда ҳам акция харид қилишга тайёрлигини кўрсатмоқда.

Айни пайтда, спекуляцияларнинг ўсиши ҳам кузатиляпти. Айниқса, деривативлар бозорида. Жаҳондаги деривативлар айланмасининг 80 фоизи Ҳиндистон бозорига тўғри келмоқда. Айрим хабарларга кўра, ҳиндистонлик чакана савдогарларнинг 90 фоизга яқини бу бозорда пул йўқотяпти. Бу эса янги иштирокчилар учун бозор хавф-хатарга тўлалигини кўрсатиб беради.

Деривативлар бозори – молиявий инструментлар бозори бўлиб, унда активларнинг нархи, фоизи ёки бошқа кўрсаткичларга боғланган шартномалар харид қилинади ва сотилади. Бу бозордаги асосий маҳсулотлар – қимматли қоғозлар, валюта, товарлар ва ҳатто иқтисодий индексларга асосланган деривативлардир. Асосий дериватив турларига опционлар, фючерслар, форвардлар ва своплар киради.

Миллионлаб ҳиндистонликларнинг молия бозорларига кириб келишида рақамлаштириш муҳим рол ўйнади. Groww ва Zerodha каби платформалар кенг аҳолига содда шаклда инвестиция киритиш имкониятлари эшигини очди.

Бундан ташқари, “Биргаликдаги жамғармалар – энг тўғри танлов” каби тарғибот кампаниялари биргаликда очилган ҳисобрақамларнинг кўпайишига туртки бўлди. Бунда бир гуруҳ инвесторлар ўз маблағини бир жамғармага тикиб, бу маблағларни турли активларга сармоя қилиш учун профессионал менежерларни ёллайди. Ҳозир Ҳиндистонда бундай жамғармалар сони 205 миллионга етган.

Айни пайтда, акцияларни бирламчи жойлаштиришлар (IPO) ва савдо фаоллигининг кескин ўсиши боис регуляторлар янги қоидалар жорий этишига тўғри келди. Чакана инвесторларни ҳаддан ташқари йўқотишлардан ҳимоялаш мақсадида айрим опцион шартномалари бўйича маржа талабларини ошириш каби чоралар шулар жумласидан.

Ҳиндистон фонд бозоридаги инқилоб рақамли дунёда молиявий бозорларда қатнашиш қанчалик осон бўлиб бораётганини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, жамоатчилик қисқа вақт ичидаги бундай ўсиш қандай хавф-хатарларни келтириб чиқариши мумкинлигини ҳам кузатиб бориш имконига эга. Қизиб кетган бозор катта имкониятларни тақдим этаётгандек кўринса-да, кўплаб янги иштирокчилар учун бозорнинг пасайиш даврига ўтиши қимматли сабоқ бўлиши мумкин.

Мавзуга оид