Жамият | 15:12 / 19.09.2018
18054
8 дақиқада ўқилади

Маҳалла раиси Тойлоқ тумани ҳокимидан нега норози?

Kun.uz таҳририятига Тойлоқ тумани «Сариосиё» маҳалласидан мурожаат келиб тушди.

«Мен Тойлоқ тумани Сариосиё қишлоғидаги стадион масаласида мурожаат қиляпман. Бизни қишлоқ аҳли ўн йил деганда бир амаллаб стадионга эга бўлган эди. Бироқ сўнгги пайтларда стадион ҳудудини туман мутасаддилари келиб, уни ҳар томондан ўлчаб кетишмоқда. Маълум бўлишича, ўша стадион ўрнига хусусий болалар боғчаси қуриш режалаштирилаётган экан. Стадион Сариосиё ва Қўтирбулоқ қишлоғидаги 3 мингдан ортиқ аҳолига хизмат қилади. Нима сабабдан ушбу стадион хусусий боғчага айлантирилаётганини тушуниш қийин.

Ваҳоланки, қишлоғимизда болалар боғчаси бор. Ўша болалар боғчаси стадиондан бор-йўғи 500 метр узоқликда жойлашган. Хусусий тадбиркор ўз сармоясини шу ерга сарфласа бўлмайдими? Тайёр стадионни йўқ қилишдан мақсад нима?

Қолаверса, стадион ерлари айрим фуқаролар томонидан ноқонуний ўзлаштирилмоқда. Хусусан, стадионни олдида қолдирилган йўлни аҳоли эгаллаб олиб, қурилиш қилиб юборган. Натижада, давлат томонидан қолдирилган йўл стадион ҳудудига чиқиб кетган.

Бугунги кунда мамлакатимизда спортга, хусусан, футболга алоҳида эътибор қаратилаётган бир вақтда тайёр стадион ўрнига болалар боғчаси қурилишидан ким манфаатдор? Қайтанга ўша стадион туман ҳокимлиги ва ҳомий ташкилотлар томонидан  таъмирланиб, бирор бир спорт комплекси қуриб берилса бу ерда юзлаб ёшлар спорт билан шуғулланиш имконияти яратилади-ку?! Бу орқали ёшлар ўртасидаги жиноятчиликка барҳам берилиб, уларни соғлом турмуш тарзига етакласа бўлади.

Сўнгги вақтларда хусусий боғча қуриш мақсадида олинган ерлар кейинчалик шахсий томорқа сифатида сотилиб кетиш ҳоллари ҳам учрамоқда. Бу ерда ҳам шундай ҳол бўлмаслигига ким кафолат бера олади?

Ҳурматли Kun.uz таҳририяти ходимлари, сизларга мурожаат қилишимиздан мақсад, бизнинг қишлоқдаги стадионни аҳволини яхшилаш, имкони бўлса шу ерда бирор бир спорт комплекси қурилишида амалий ёрдам беришингизни сўраб мурожаат қилмоқдамиз», – дейилади мурожаатда.

Биз мурожаатни жойида ўргандик ва унда келтирилган саволларга жавоб изладик.

Маҳаллада жойлашган стадион бир оз қаровсиз аҳволда. Стадионда аҳоли қорамоллари боғланган.

– Ушбу маҳаллада 273 нафар бола мактабгача таълим муассасига қамраб олинмаган, – дейди Тойлоқ тумани мактабгача таълим бўлими раҳбари Мавсума Мирвафоева. – Шундан келиб чиқиб, бу ерда давлат-хусусий шерикчилик асосида замонавий мактабгача таълим муассасаси қурилишига таклиф берилган. Қурилиш тадбиркор томонидан амалга оширилади.

Стадион ҳудуди 1 гектардан зиёд. Мактабгача таълим муассасаси 15 сотих майдонга барпо этилади. Хўш, аҳоли нимадан норози?

– Биз маҳаллада стадион йўқ бўлиб кетишидан хавотирдамиз, – дейди маҳалла фуқароси Абдуқаҳҳор Исматов. – Бир қисмига қурилиш қилинса-да, қолган қисми ҳам бошқалар томонидан эгаллаб олиниши мумкин. Маҳалла болаларига стадион зарур.

Ўрганишимиз давомида Тойлоқ тумани ҳокими Баҳодир Бобоназаровнинг шахсан ўзи стадион ҳудудига келиб, ҳолатга ойдинлик киритди.

– Бу ерда стадион йўқ бўлиб кетмайди, – дейди Б.Бобоназаров. – Кўряпсиз, стадион қаровсиз ҳолатда. Бу ерда стадионнинг бир қисмига замонавий мактабгача таълим муассасаси қурилади. Тўловлари ҳам аҳоли имкониятидан келиб чиқиб белгиланади. Қурилишни амалга оширадиган тадбиркор стадионнинг қолган қисмига замонавий минифутбол майдонини бепул қуриб беришни ҳам таклиф қилаяпти. Бу стадион маҳалла аҳолисиники бўлади. Иккала қурилиш ҳам бир вақтда давом этади. Натижада, бу ҳудуд ҳозиргидек қаровсиз аҳволда эмас, балки замонавий қиёфа касб этади. Маҳалла аҳолиси масаланинг моҳиятини тушунмасдан шикоят қилаяпти. Натижани кўриб, келгусида ўзлари хурсанд бўлишади.

Дастлаб биз Сариосиё маҳалласи раиси Напас Эргашевни тополмаган эдик. Туман ҳокими келгандан кейин у киши ҳам етиб келди ва вазиятга изоҳ берди.

– Бу ҳолат тўғрисида аҳоли норозилигини менга келиб айтишган. Масалани тушунтирганман, аммо уларнинг шикоят хати ёзганидан хабарим йўқ. Албатта, биз ҳам бу ерни замонавий кўринишга келишидан манфаатдормиз, – дейди маҳалла раиси.

Тойлоқ тумани ҳокими Баҳодир Бобоназаров маҳалла раисига ҳам масаланинг моҳиятини тушунтириб, ҳар қандай ҳолатда ва ҳар қандай вақтда бу масала юзасидан аҳоли билан мулоқот қилишга тайёрлигини ва уларнинг манфаатига зид иш қилинмаслигини билдирди.

– Биз сиз айтгандек бўлса, розимиз, – дейди туман ҳокимига фуқаро Абдуқаҳҳор Исматов. – Аммо шартимиз шуки, стадион ҳудудидаги ноқонуний қурилишлар йўлни ёпиб қўйган. Ноқонуний қурилишларнинг ҳам бузилишини хоҳлаймиз.

Бу масала мурожаатномада ҳам ўз аксини топганди.

Тойлоқ тумани ҳокими Б.Бобоназаров шу ернинг ўзида бу масала юзасидан тегишли мутасаддиларга топшириқ берди ва уч кун ичида ноқонуний қурилишлар бузилишини билдирди. (Мақолани тайёрлаш чоғида маълум бўлишича, ноқонуний қурилиш эгаларига бу борада огоҳлантириш хатлари берилибди).

Шу билан масала ҳал бўлгандек эди. Аҳолига масала моҳияти туман ҳокими томонидан тўғри тушунтирилгандан кейин ортиқча тушунмовчиликларга, ҳар хил шубҳа гумонларга барҳам берилгандек эди гўё.

Аммо шу куни бошқа масалалар билан туман ҳудудидалигимизда Сариосиё маҳалласи раиси Н.Эргашев биз билан учрашди ва бу ишлардан норозилигини, бу ер талон-тарож бўлишини билдирди. Биз «Ушбу норозилигингизни нега туман ҳокими борлигида айтмадингиз. Ахир, у ерда бошқа гап айтдингиз-ку!» дея савол берганимизда маҳалла раиси ҳолатни туман ҳокими унга  босим ўтказгани билан изоҳлади. Ваҳоланки, биз суҳбат чоғида бундай босимга гувоҳ бўлмагандик.

Маълум бўлишича, маҳалла раиси ва аҳолисининг бундай шубҳага боришига яна бир сабаб бор экан. Стадиондан чамаси 500 метр узоқликда 22-мактабгача таълим муассасаси мавжуд.

Шунинг ўзи етарли эмасми? Стадион ҳудудидан яна бир мактабгача таълим муассасаси қурилиши бу ерни тўлиқ  эгаллаб олинишига бир баҳона эмасмикан, деган саволлар шундай гумонларни келтириб чиқарган.

Хуллас, бу масалада аҳоли томонида шундай тушунмовчиликлар бор. Лекин, туман ҳокими айтганидек, ҳозир қаровсиз ётган стадион ҳудудида замонавий мактабгача таълим муассасаси ва маҳалла учун замонавий стадион қуриб берилса, албатта, бу яхши. Аммо буни амалда исботлаб, аҳолининг шубҳа-ю гумонларига барҳам бериш керак.

Айниқса, маҳалла раиси туман ҳокими ва халқ ўртасида «кўприк» вазифасини бажариб, бу ислоҳотларнинг туб моҳиятини аҳолига тушунтириш керак. Ўз вақтида аҳоли норозилигини туман ҳокимига билдириб, масалага ойдинлик киритиши лозим эди. Қолаверса, туман ҳокими аҳоли билан ҳар доим мулоқотга тайёрлигини билдириб турибди.

Таклифимиз шуки, туман ҳокими ва Сариосиё маҳалласи аҳолиси ўртасида бу масалада яна бир бор жонли мулоқот ўтказилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Шунда ўртадаги тушунмовчиликларга, турли шикоятларга барҳам берилади.

Биз воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Бардошбек Самад ўғли.
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид