Спорт | 15:47 / 19.09.2018
40873
12 дақиқада ўқилади

Роналдунинг Испанияга қайтиши, «Реал» тўртинчи тож сари. ЕЧЛда иккинчи кун

Бугун Европада Чемпионлар лигасининг иккинчи кун ўйинлари ўтказилади. Мухлисларни яна 4та гуруҳда 8та тўқнашув кутмоқда.

Е ГУРУҲИ

Бу гуруҳ ғолиби ҳақидаги саволлар қуръа куниёқ маълум бўлиб улгурган, десак у қадар муболаға бўлмаса керак. Шу томондан, иккинчи фаворит сифатида баҳоланаётган «Бенфика»га қарши ўйин айнан биринчи турда бўлаётгани мухлислар учун яхши. Бу ўйин немисларга гуруҳ босқичи осон бўладими ёки жуда осон бўладими белгилаб беради. Табиийки, ҳали бирорта ҳам очкоси бўлмаган пайтда Ковач жамоаси учрашувга жиддий ёндашади. Гуруҳдаги 2-ўрин учун курашда устунликка эга бўлиш учун эса, «Бавария» билан ўйинларда олинадиган очколар муҳим аҳамият касб этиши табиий. Фақатгина бу ўйинда одатий шароитда жамоаларнинг асосий таркибида майдонга тушиши мумкин бўлган камида 5-6 футболчи жароҳатда экани бироз хафа қилади.

Юқоридаги абзацдаги фикрни сал ривожлантирсак, бу гуруҳ тақвими «Аякс»га омадли келди, деб айта оламиз. Гап шундаки, нидерландияликлар «Бавария» билан уй ўйинини сўнгги турда ўтказади. Катта эҳтимол билан 5 турдан сўнг немислар гуруҳ масаласини ҳал қилиб қўйган бўлишлари эҳтимоли катта. Сўнгги турдаги ўйинда бу нуқтаи назардан «Аякс»га осонроқ бўлиши, режалаштирилмаган очколарни қўлга киритиши мумкин. Агар бу ҳисобга олинса, «Аякс» плей-офф учун «Бенфика» билан жиддий курашиб кўрса керак.

Бунинг учун дастлабки турларни ғалаба билан бошлаш муҳим. Жамоа Эрдивизиядаги сўнгги 5 ўйинда 15 гол урди ва атиги 1 маротаба гол ўтказиб юборди. Айниқса, Хунтелар иккинчи ёшлигини бошдан кечирмоқда, дейиш мумкин. Рақиб ҳам у қадар кучсизга ўхшамайди, АЕК миллий чемпионатда йўқотишсиз бораётгани ҳам ўйин қизиқарли кечишига далолат қилмоқда. Бу ўйинга ҳаддан ортиқроқ эътибор берилаётганининг сабаби эса, учрашув асосий ўйинлардан олдинроқ, соат 22.00да бўлиб ўтади. 

«Аякс» - «АЕК»
19 сентябрь. Амстердам. «Йоҳан Криуфф Арена» стадиони. 21.55 (Матч Футбол 1)
Йўқотишлар: Банде, Велтман, Дольберг (барчаси – жароҳат туфайли), Синкгравен (сўроқ остида) – Бакасетас, Ливая, Элдер Лопеш (барчаси – дисквалификация), Бойе (жароҳат туфайли)
Ҳакам: Дел Серро Гранде (Испания).

«Бенфика» - «Бавария»
19 сентябрь. Лиссабон. «Да Луш» стадиони. 23.55 (Матч Игра)
Йўқотишлар: Коршья (жароҳат), Жонас, Кровинович, Сальвио, Фейса (барчаси сўроқ остида) – Коман, Рафинья, Толиссо (барчаси – жароҳат), Горецка, Хуммельс (иккаласи – сўроқ остида)
Ҳакам: 
Матеу Лаос (Испания).
 

F ГУРУҲИ

Қаторасига иккинчи йил «Манчестер Сити» Украина чемпиони билан бир гуруҳга тушмоқда. Юқорида айтилган тақвим устунлигидан, эсингизда бўлса, «Шахтёр» фойдаланиб қолганди. Украиналиклар сўнгги турда «Манчестер Сити»ни мағлуб этиб, «Наполи»ни гуруҳ босқичида қолдириб кетишганди. Аммо бу сафар ундай шароит йўқ, «Шахтёр» гуруҳ фаворити билан энг ноқулай пайт – учинчи ва тўртинчи турларда рўбару келади.

«Манчестер Сити» Англияда бироз «Ливерпуль» соясида қолаётгандек туюлмоқда ва бу бир томондан Пеп Гвардиола учун яхшидир ҳам. Жамоа ҳали ҳам жуда кучли, ҳали ҳам осон гол урмоқда, йирик ҳисобларда ғалаба қозонмоқда. Ҳаммаси мукаммал бўлиб, кутилмаганда, «айсберг»га учраш хавфи ҳам йўқ – ҳаммаси мукаммал эмас, Сане ёки Стерлинг билан бўлганидек ички низолар (бу бу муаммолар ҳал қилинмоқда, Саненинг қайтиши билан гол ургани ёрқин мисол), ҳозирча ўйинга жиддий таъсир кўрсатмайдиган жароҳатлар (Де Брюйне) бўлиб турибди. Яъни ишлаш учун, ечиш учун муаммолар етарли ва Гвардиола учун бу жуда қулай шароит.

Хуллас, инглизларнинг гуруҳда қандайдир кутилмаган омадсизликка учрайди, деб тахмин қилиш жуда қийин. Иккинчи йўлланма учун эса, ҳар уч жамоа ҳам тенг имкониятга эга бўлса керак. «Ҳоффенҳайм» таркибида жуда кўп жароҳатлар йиғилиб қолгани Бундеслигадаги ўйинларга ҳам салбий таъсир қилмоқда. Худди шу омил «Ҳоффенҳайм»нинг рақибларга нисбатан имкониятини бироз пасайтириши мумкин. Асосий таркибнинг қарийб ярми Чемпионлар Лигаси учрашувида ёрдам бера олмаслиги жиддий йўқотиш.

«Мен яна «Этиҳад»даман, таниш ҳолат. Мен бу сафар бошқа либосдаман, лекин вазифам ўзгармайди – «Сити»ни мағлубиятга учратиш» – сўнгги мавсумлардаги «Лион»нинг энг сермаҳсул ўйинчиси Мемфис Депайнинг бу сўзлари, ҳеч бўлмаса, уни персонал кузатиш учун ҳам ўйинга эътибор бериш истагини уйғотади.

«Манчестер Сити» - «Лион»
19 сентябрь.Манчестер «Этиҳад» стадиони. 21.55 (Матч Наш Спорт 1)
Йўқотишлар: Браво, Де Брюйне, Мангала (барчаси –жароҳат), Агуэро, Данило, Менди (барчаси - сўроқ остида) – Гуйри (жароҳат), Марсал (сўроқ остида)
Ҳакам: Орсато (Италия)

«Шахтёр» - «Ҳоффенҳайм»
19 сентябрь.Харьков. «Металлист» стадиони. 21.55 (Матч Футбол 3)
Йўқотишлар: Ордец (дисквалификация), Малишев, Танковский (иккаласи – сўроқ остида) – Аклобума, Адамс, Амири, Гайгер, Дембирай, Рупп, Хюбнер (барчаси – жароҳат)
Ҳакам: Кехлет (Дания)
 

G ГУРУҲИ

Икки йил олдин «Реал» ва «Рома» Чемпионлар Лигаси плей-оффда рақиб бўлишган ва ҳар икки ўйин мадридликларнинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланганди. Яқинда эса, худди олдиндан билгандек, мавсумолди йиғинларида бу икки жамоа ўртоқлик ўйинида майдонга тушишди. Дастлабки 15 дақиқада испанияликлар ҳисобни таниш кўринишга олиб келишгач, ўйин охирларида, таркиблар бутунлай алмашиб бўлгач, Кевин Стротман ҳисобни қисқартирганди. 

«Реал» «Рома» билан ўтган сафар ЕЧЛнинг финалида тўқнашиши мумкин эди. Аммо «Ливерпуль» бунга йўл қўймади ва Мадрид – Рим қарама-қаршилиги сентябрга кўчди. Аслида вазият у қадар принципиал бўлмаслиги ҳм мумкин, чунки гуруҳдаги иккинчи жуфтлик – «Виктория» ва ЦСКА фаворитларга етарли қаршилик кўрсата олмасликлари тахмин қилинмоқда. Аммо бу гапларга ҳам ҳали эрта, юқорида айтилганидек, ҳозирча ҳеч кимда очко йўқ.

«Рома» А Сериядаги сўнгги учрашувда 2:0 ҳисобдаги ғалабани қўлдан чиқаргани ҳам бундан далолат – демак «Рома» ўша ўйиндаёқ Мадрид ҳақида ўйлай бошлаган ва ўз диққатини йўқотган.  

Армиячилар ҳам «Реал»га бегона эмас. ЦСКА охирги марта беш йил олдин плей-оффга чиққан ва ўшанда айнан «Қироллик клуби» Слуцкий шогирдларини турнирдан чиқариб юборганди. Россияликлар шунингдек, «Рома» ва «Виктория» билан ҳам сўнгги  йилларда Чемпионлар Лигасида тўқнаш келиб улгуришди.

ЦСКА турнирни жуда ноқулай аҳволда бошламоқда. Таркибдан 5-6 футболчи жароҳат олишган, улардан фақат Хосонов ва Кучаев яқин кунларда таркибга қайтиши мумкин холос. Чехиядаги ўйин олдидан расман 7 футболчи жароҳат туфайли таркибдан четда қолди.

«Реал» - «Рома»
19 сентябрь.Мадрид «Сантьяго Бернабеу» стадиони. 23.55 (Матч Футбол 1)
Йўқотишлар: Вальехо (жароҳат) – Пасторе (сўроқ остида)
Ҳакам: Кайперс(Нидерландия)

«Виктория Пльзень» - ЦСКА
19 сентябрь.Пльзень. «Дусан Арена» стадиони. 23.55 (Матч ТВ)
Йўқотишлар: Проказка (сўроқ остида) – Бистрович, Васин, Кучаев, Магнусон, Макаров, Хосонов, Эрнандес (барчаси – жароҳат)
Ҳакам: Бастьен (Франция)
 

Н ГУРУҲИ

Агар барча гуруҳлар икки кунга ажратилганини эътиборга олсак, ўйинлари бугун ўтказиладиган гуруҳлар ичида энг эътиборлиси айнан шу гуруҳ бўлса керак. Чунки бу ерда яққол фаворит плюс бошқалар эмас, кейинги босқичга чиқишни жиддий мақсад қилган уч жамоа бор ва улардан бири плей-оффга чиқа олмайди. Айнан шу гуруҳда уч нафар «кучли тўртлик» лига жамоалари йиғилган. Демак ҳар турда эътиборли учрашув бўлиши аниқ.

Дастлабки турда марказий учрашув Валенсияда бўлиб ўтади. Испанлар ички чемпионатни у қадар кучли бошламаган бўлишса-да, танаффусдан сўнг Чемпионлар Лигасига қайтиш «Месталья»да ўзгача муҳитни ҳосил қилиши аниқ. Плей-офф учун тўғридан-тўғри рақиблар дуч келиши эса, ўйин интригасини ҳам оширади.

Криштиану Роналдунинг А Сериядаги илк голини салкам бир ой кутишимизга тўғри келди. Португалиялик ҳужумчи «Ювентус»га кўпроқ ЕЧЛ учун, апрель ойларида керак бўлишини айтиб, бу омадсиз бир ойга у қадар эътибор бермаганлар ҳам бўлди. Қизиғи, айнан ЕЧЛдаги илк ўйин олдидан Роналду Италияда ҳам гол урди ва «Ювентус» сафидаги расмий голлари ҳисобини очди. Энди эса, у яна Испанияга қайтмоқда.

«Манчестер Юнайтед» ва Швейцария муносабати ҳам ўзига хос, учрашувнинг одатий бўлмаслиги мумкинлигига ишора қилгандек. Сабаби, «қизил иблислар»нинг Швейцариядаги сўнгги икки ўйини ҳам мағлубият билан тугаган. Ҳар икки сафар ижрочи ролида «Базель» жамоаси бўлган. Ўтган йилги ўйин инглизлар учун деярли ҳал бўлган паллада бўлгани учун эътиборга арзимас, аммо 2011 йилдаги гуруҳ босқичининг сўнгги тури Фергюсон учун оғриқли якун топганди. «Базель»нинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси «МЮ»ни гуруҳда қолдириб кетганди.

Манчестер клубига фақат статистика эмас, бошқа жиҳатлар ҳам халақит беради. Масалан, «Янг Бойз» тўп сурадиган майдон сунъий қоплама билан қопланган. Бундай майдонда ўйнаш ўйнамаган жамоалар учун ноқулайлик туғдириши шубҳасиз. Моуриньонинг жамоа сардори Антонио Валенсияни Швейцарияга олиб кетмаганининг сабаби ҳам шу – мураббийнинг айтишича, футболчининг тиззасидан жароҳат олишидан қўрқишган. Унинг ўрнига балки, ёзги харидлардан бири Диегу Далот майдонга тушиши мумкин.

«Янг Бойз» - «Манчестер Юнайтед»
19 сентябрь.Берн «Стад Де Суис» стадиони. 23.55 (Матч Футбол 2, 02.00 да ёзиб олинган ҳолда)
Йўқотишлар: Вютрих, Лайпер, Лотомба, Тейшейра   (барчаси сўроқ остида) – Жонс, Роҳо, Эррера (барчаси – жароҳат) Далот (сўроқ остида)
Ҳакам: Айтекин (Германия).

«Валенсия» - «Ювентус»
19 сентябрь.Валенсия. «Месталья» стадиони. 23.55 (Матч Футбол 2)
Йўқотишлар: Кондогбия (жароҳат), Гарай, Коклен (сўроқ остида) – Барцальи, Де Шильо (сўроқ остида)
Ҳакам: Брих (Германия).

Мавзуга оид